АЛИМЕНТЛАРНИ ОЛДИНДАН ТЎЛАШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасига кўра, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 96, 100-моддаларида, ота-онанинг вояга етмаган болаларига, шунингдек, вояга етган меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериши шартлиги белгиланган. «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенция талаблари асосида ишлаб чиқилган ҳуқуқий базада вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқи аниқ белгилаб қўйилган. Вояга етмаган ва вояга етган меҳнатга лаёқатсиз болаларнинг моддий таъминот олиш ҳуқуқини таъминлаш ва бу борада Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси нормаларининг тўғри ва аниқ татбиқ этилиши бўйича бир хил суд амалиётни шакллантириш мақсадида, 2016 йил июль ойида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарори қабул қилинган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 06 октябрдаги Қарори билан “Алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг тасдиқланиши алимент ундириш билан боғлиқ низоларнинг кўрилишида янги йўналишни очиб берди.
Ушбу Низомга кўра вояга етмаган болалар таъминоти учун алиментларни олдиндан тўлаш, шунингдек вояга етмаган болалар, эр (хотин), собиқ хотин (собиқ эр) ва бошқа меҳнатга лаёқатсиз шахслар таъминоти учун алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров шартномасини тузиш тартибини белгилаш, давлат ижрочилари иш юритувида бўлмаган ижро ҳужжатлари бўйича алимент тўловларини ихтиёрий равишда тўлаётган жисмоний шахслар муайян давр учун алиментни олдиндан тўлаш ёки алимент олувчи билан келишилган ҳолда алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасини тузиш, давлат ижрочиси иш юритувида бўлган ижро ҳужжатлари бўйича алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлашда гаров тақдим этиш учун қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш фуқаролик процессуал қонунчилигида белгиланган тартиб ва муддатларда амалга оширилаши, давлат ижрочиси иш юритувида бўлган ижро ҳужжати бўйича қарздор томонидан ундирувчига алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига кўчмас ёки кўчар мулк ёхуд бошқа қимматли ашё тақдим этилиши мумкинлиги, алиментлар суммасини олдиндан тўлаш ёки алиментлар тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров тақдим этиш фақат қарздорнинг алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд бўлмаганда амалга оширилиши, алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш бўйича гаров шартномасининг тузилиши алиментларни тўламаганлик учун қонун билан белгиланган маъмурий ва жиноий жавобгарликдан озод қилмаслиги, алиментларни олдиндан тўлаш ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромадга нисбатан улушлар ҳисобида белгиланган бўлса, олдиндан тўланган алиментлар учун кейинги даврларда алимент тўловчининг ойлик иш ҳақи ва (ёки) бошқа даромади кўпайиши натижасида вужудга келадиган қўшимча алимент тўловларини тўлашдан озод қилмаслиги, алиментларни олдиндан тўлаш ёки алимент тўлаш мажбуриятини таъминлаш учун гаров шартномасининг тузилиши давлат ижрочиси ёки суд томонидан қарздор жисмоний шахснинг илгари белгиланган Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни олиб ташлаш учун асос ҳисобланиши ҳолатлари тўлиқ ёритиб берилган.
Низомга мувофиқ, алиментларни олдиндан тўлаш бола вояга етгунига қадар ҳар қандай давр учун, бироқ ушбу банднинг иккинчи хатбошида назарда тутилган ҳолларни истисно қилганда беш йилдан кам бўлмаган муддатга амалга оширилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш вақтида агар болалар вояга етгунига қадар бўлган давр 5 йилдан кам бўлса, алиментларни олдиндан тўлаш қолган давр учун амалга оширилади.
Суд ажримига асосан олдиндан тўланиши шарт бўлган алиментларнинг тўлиқ миқдорини тўлаш, шунингдек, алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига топширилиши шарт бўлган мол-мулкни топшириш ўн иш кундан ошмаган муддатда амалга оширилади.
Алиментларни тўлаш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича алиментларни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш масаласида, қарздор ижро ҳужжатини берган судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.
Алиментларни ундириш алиментлар тўлаш тўғрисидаги нотариал тарзда тасдиқланган келишувга асосан бўлса, ариза ижро ҳужжати иш юритуви Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг туман (шаҳар) бўлими жойлашган ҳудуддаги фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судига берилади.
Ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризада, қарздор алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатларни кўрсатади (бошқа мамлакатга ташриф буюриш тўғрисида таклифнома, бошқа мамлакатда ишга тайинланганлиги тўғрисидаги буйруқ ва ҳ.к.).
Аризага Бюронинг туман (шаҳар) бўлими томонидан берилган алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома, шунингдек, давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори илова қилиниши шарт.
Зарурат бўлганда, аризага алимент мажбуриятларини умумий тартибда бажариш учун тўсқинлик қилувчи объектив ҳолатлар тўғрисидаги ҳужжатлар илова қилинади.
Ушбу Низомнинг 4-бандида назарда тутилган ҳолларда, аризага қўшимча равишда баҳолаш ташкилотининг алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига ўтказиб берилиши лозим бўлган мол-мулкни баҳолаш хулосаси, шунингдек қарздорнинг мазкур мол-мулкка эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар нусхалари илова қилинади.
Алимент тўловларидан қарздорлиги мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўланадиган алимент суммасини ҳисоб-китоб қилиш тўғрисидаги қарори, қарздорнинг ижро иш юритишни амалга ошираётган Бюронинг туман (шаҳар) бўлимига киритган аризасига (шу жумладан, электрон почта орқали киритган аризасига) асосан берилади.
Аризада қарздор томонидан алиментларни олдиндан тўламоқчи бўлган даври кўрсатилади. Аризага аввалги даврлар учун тўланган (ушлаб қолинган) алимент суммалари, шунингдек, ойлик иш ҳақи ва бошқа даромадлари, шу жумладан чет элда олинган даромадларини тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотнома ва давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар миқдорини ҳисоблаш тўғрисидаги қарорини бериш тўғрисидаги ариза етти иш куни давомида кўриб чиқилади. Ҳужжатларни қўшимча ўрганиш талаб этилганда ариза ўн беш иш куни ичида кўриб чиқилиши мумкин.
Қарздор томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ҳаққонийлигига шубҳа туғилганда ва уларни бошқа ташкилотларга сўровнома юбориш орқали текшириш зарур бўлганда, аризани кўриб чиқиш муддати бир ой муддатга узайтирилиши мумкин. Аризани кўриб чиқиш муддатини узайтириш Бюронинг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи томонидан аризани кўриб чиқаётган давлат ижрочисининг асослантирилган билдиргисига асосан амалга оширилади. Аризани кўриб чиқиш муддати узайтарилганлиги тўғрисида аризачи хабардор қилинади.
Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар миқдорини ҳисоблаш тўғрисидаги қарор ижро ҳужжати юритувида бўлган давлат ижрочиси томонидан «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 86-моддасига мувофиқ қабул қилинади.
Бунда, олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш ушбу Низомда назарда тутилган қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.
Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарор чиқарилган кундан бошлаб бир ой муддат давомида амал қилади, бу ҳақда қарорда кўрсатилади.
Олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблашда, келгуси даврлар учун тўланадиган алиментлар суммасига, тўлов вақтидаги ҳар йилги алиментлар суммасининг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган қайта молиялаш ставкасига капитализация коэффициенти қўлланилади.
Давлат ижрочисининг олдиндан тўлаш белгиланган алиментлар суммасини ҳисоблаш тўғрисидаги қарори ва алимент бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги тўғрисидаги маълумотномани олганидан сўнг, қарздор судга ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алиментларни олдиндан тўлашга ўзгартириш тўғрисида ариза билан мурожаат қилади.
Қарздорнинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алиментларни олдиндан тўлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризаси суд томонидан қарорларни ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш бўйича фуқаролик процессуал қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Ушбу Низомга кўра ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини алиментларни олдиндан тўлашга ўзгартириш тўғрисидаги аризани қаноатлантиришни рад этиш асослари қуйидагилар: ушбу Низомда белгиланган, аризага илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар мавжуд эмаслиги ёки уларнинг ушбу Низом талабларига мувофиқ эмаслиги; ушбу Низомда назарда тутилган алиментларни олдиндан тўлаш белгиланган алимент суммаси тўловининг амал қилиш муддати ўтиб кетганлиги; алиментлар бўйича тўланмаган қарздорликнинг мавжудлиги; алиментларни олдиндан тўлаш вояга етмаган болаларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари жиддий бузилишига ёхуд таъминот шароити ёмонлашувига олиб келиши мумкин деб ҳисоблаш учун асослар мавжудлиги; алиментларни умумий тартибда тўлашга тўсқинлик қиладиган объектив ҳолатларнинг мавжуд эмаслиги; қарздор алиментларни олдиндан тўлаш имкониятидан, алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаш ёки умумий тартибда тўланиши лозим бўлган алимент суммасини кам тўлаш мақсадида фойдаланаётган деб ҳисоблаш учун асосларнинг мавжудлиги; қонунчиликда белгиланган бошқа асослар мавжудлиги.
Суд томонидан аризани кўриб чиқиш якунлари бўйича алиментларни олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги аризани рад этиш ёки қаноатлантириш тўғрисида ажрим қабул қилинади.
Суднинг алиментларни олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримида қуйидагилар кўрсатилади: олдиндан тўланадиган алимент суммаси; олдиндан тўланадиган алиментлар даври, ушбу даврнинг бошланиш ва якунланиши ойи ва йили; алиментлар суммаси тўлиқ тўланиши лозим бўлган муддат.
Шунингдек, агар қарздор ўз аризасида алиментларни олдиндан тўлаш ҳисобига ундирувчига мол-мулк бериш орқали ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартиришни сўраган бўлса, суднинг ажримида қуйидагилар кўрсатилади: мол-мулкнинг номи, жойлашган жойи, қиймати ва мазкур мол-мулкни аниқлаш имконини берадиган бошқа маълумотлар; мол-мулкни ундирувчига ўтказиб берилиши лозим бўлган муддат.
Давлат ижрочиси ижро иши юритишида бўлган ижро ҳужжати бўйича қабул қилинган ажримга, ижро ҳужжати бериш талаб этилмайди.
Давлат ижрочиси алиментларни муайян давр учун олдиндан тўлаш йўли билан ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартибини ўзгартириш тўғрисидаги ажримни қабул қилиб олганда, шунингдек, мазкур ажримда кўрсатилган алиментлар суммаси тўлиқ тўлангандан сўнг, қарздор ва унинг мол-мулкига белгиланган барча чекловларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклашни бекор қилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш учун ундирувчига муайян мол-мулкни ўтказиб бериш йўли билан қўйилган чекловларни бекор қилиш фақат мол-мулкни топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан, шунингдек: кўчмас мулкни ўтказишда – мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи ундирувчи номига давлат рўйхатидан ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжат нусхасига; автотранспорт воситаси ёки давлат рўйхатидан ўтказилиши (ҳисобга туриши) лозим бўлган бошқа мулкларни ўтказишда – автотранспорт воситаси ёки бошқа мулкни ундирувчи номига давлат рўйхатидан ўтганлиги (ҳисобга турганлиги) тўғрисидаги ҳужжат нусхасига; қимматли қоғозлар ўтказишда – қимматли қоғозлар ундирувчи номига рўйхатдан (ҳисобига) ўтганлиги тўғрисидаги ҳужжатга асосан амалга оширилади.
Агар қарздорнинг Ўзбекистон Республикасидан чиқишини вақтинча чеклаш суд ҳужжатига асосан қўйилган бўлса, чеклашни бекор қилиш суд томонидан амалга оширилади.
Алиментларни олдиндан тўлаш болалар вояга етгунга қадар амалга оширилган тақдирда, мазкур ижро ҳужжати бўйича ижро ишини юритиш тамомланмайди.
Мазкур ҳолатда алиментлар олдиндан тўланган давр мобайнида ижро ҳужжати бўйича мажбурий ижро ҳаракатлари амалга оширилмайди.
Алиментлар олдиндан тўланган давр якунланганда, шунингдек, суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби бекор бўлганда мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади.
Агар олдиндан тўланиши лозим бўлган алиментлар суммаси суднинг ижро ҳужжатини ижро этиш усули ва тартиби ўзгартириш тўғрисидаги ажримда кўрсатилган муддатда тўлиқ тўланмаган тақдирда мажбурий ижро чоралари умумий тартибда амалга оширилади.
Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят суди раиси
Убайдулло Аллаев, Фуқаролик ишлари бўйича Ромитан туманлараро суди судьяси