Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси
Ўзбекистон Республикаси
Судялар олий кенгашининг
2018 йил 29 январдаги
СОКҚ-490-III-сон Қарори билан
тасдиқланган
Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек қонуний манфаатларини суд орқали ишончли ҳимоя қилишга одил судловнинг мустақиллигини, беғаразлигини ва лаёқатлилигини таъминлаш орқали эришилади. Бу ҳар бир судьянинг конституциявий нормаларга ва қонунларга, «Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси» (бундан буён матнда Кодекс деб юритилади) қоидаларига риоя қилишини, ўз фаолиятини адолат ва холислик принципларига асосланиб амалга оширишини назарда тутади.
Судьяларнинг мустақиллиги, дахлсизлиги, улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслигининг давлат томонидан кафолатланиши, моддий ва ижтимоий таъминот даражаларининг юқори эканлиги одил судловга эришиш – қонуний, асосланган ва адолатли суд қарорлари чиқарилишининг омилларидир.
Судьянинг Кодекс қоидаларига сўзсиз риоя қилиши, ўз хизмат вазифаларини ҳалол ва виждонан бажариши судьянинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳамда умуман суднинг нуфузини сақлашда муҳим аҳамиятга эга.
Ушбу Кодекс Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, «Судлар тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек судьялар одоб-ахлоқини тартибга солиб турувчи халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларига мувофиқ ишлаб чиқилган.
I боб. Умумий қоидалар
1-модда. Ушбу Кодекснинг предмети ва амал қилиш доираси
Кодекс ҳар бир судья учун одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ касбий фаолиятида ва хизматдан ташқари вақтда мажбурий бўлган, юксак одоб-ахлоқ талабларига, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари қоидаларига, одил судлов ва судьялар одоб-ахлоқи соҳасидаги халқаро стандартларга асосланган хулқ-атвор қоидаларини белгилайди.
Судьялик мақоми, судга мурожаат қилган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига доир масалалар юзасидан узил-кесил қарор қабул қилишга доир судьялик ваколати муайян шахсга берилганлигининг ўзи ушбу Кодексга риоя этиш зарурлигини тақозо этади.
Ўзбекистон Республикасининг судьялари ўзлари учун Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларида белгиланган барча ҳуқуқларга эгадир.
Ушбу Кодекс судьянинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини чекламайди.
Судьянинг мақомига монанд тарзда унга нисбатан юксак одоб-ахлоқ талабларини белгиловчи ушбу Кодекснинг қоидалари судьянинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан кафолатланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекланиши деб талқин этилмаслиги керак.
Ушбу Кодекс билан тартибга солинмаган масалалар юзага келган тақдирда, судьялар жамиятда таркиб топган одоб-ахлоқ қоидаларига, шунингдек судьялар одоб-ахлоқини тартибга солувчи халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принципларига амал қиладилар.
2-модда. Судьянинг ушбу Кодексга риоя этишга доир мажбурияти
Судья одоб ва ахлоқнинг юқори стандартларига амал қилиши, ушбу Кодекс нормаларига сўзсиз риоя этиши, ҳар қандай вазиятда ҳаққоний бўлиши, суд ҳокимиятининг нуфузини туширадиган ва судьянинг обрў-эътиборига путур етказадиган ёки унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши шарт.
Ушбу Кодексга риоя этиш судьянинг қалб амри, ҳаётининг қоидаси бўлиши, жамиятнинг суд тизимига, одил судлов малакали, мустақил, холис ва адолатли тарзда амалга оширилаётганлигига бўлган ишончини мустаҳкамлашга кўмаклашиши керак.
Судья ўз қасамёдига содиқ қолиши, шунингдек фаҳм-фаросатлилик, хушмуомалалик, ҳалоллик, матонатлилик, илмга чанқоқлик хислатларига эга бўлиб, жамиятда юксак судьялик мақомига муносиб бўлиши шарт.
Судья юксак маънавий-ахлоқий савияга ва малакага эга бўлмасдан судьялик ваколатларини амалга оширишга ҳақли эмаслигини доимо ёдда тутиши шарт.
Судья фикр эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишда одил судловнинг обрўсига путур етказмаслиги керак.
Судья жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқишида адолатлилик ва холисликни кўрсатиб, сансоларликка йўл қўймаслиги лозим.
Судья Ўзбекистон Республикасида суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларида, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд томонидан ҳимоя қилиниши лозимлигини, шунингдек суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилганлигини доимо ёдда тутиши керак.
3-модда. Судьянинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти доираси
Суд ишларини амалга ошириш суд фаолиятининг бошқа турларига нисбатан устувор хусусиятга эга.
Судья сенатор, депутат бўлиши, сиёсий партияларга аъзо бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.
Судья судьялар жамоат бирлашмаларида ҳақ тўланмайдиган лавозимларни эгаллаши мумкин.
Судья суд ишлари, аризалар, илтимосномалар ва шикоятларни кўриб чиқиш, шунингдек суд амалиётини ўрганиш ва умумлаштириш ишларида иштирок этади.
4-модда. Судьянинг одоб-ахлоқига доир умумий талаблар
Судья одил судловни амалга оширишда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг суд томонидан ҳимоя қилиниши суд ҳокимияти органлари фаолиятининг мазмуни ва моҳияти эканлигини унутмаслиги лозим.
Судья ҳар қандай вазиятда ўз шаъни ва қадр-қимматини сақлаши, одоб-ахлоқ нормаларига риоя этиши, камтар, хушмуомала бўлиши ҳамда қўполликка йўл қўймаслиги шарт.
Судьянинг фаолиятига халқнинг ўзи баҳо беришини судья доимо ёдда тутиши лозим.
Судья ўзи, қариндошлари ва бошқа шахслар учун бирон-бир манфаат, хизматлар, тижоратга оид ёки бошқа фойда олиш мақсадида ўз мақомидан фойдаланмаслиги, шахсий масалалар юзасидан турли давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига мурожаат қилишда ўз хизмат мавқеидан фойдаланмаслиги керак.
Судья ўз ваколатларини амалга оширишида унга таъсир ўтказилганлиги тўғрисида хулоса чиқаришга йўл қўядиган ҳамда судьянинг мустақиллиги ва холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган бирон-бир ҳаракатларни содир этмаслиги ёки бошқа шахсларга шундай ҳаракатларни содир этиши учун имкон яратиб бермаслиги зарур.
Судья суд девони ходимлари ва суд процесси иштирокчилари томонидан қонун ҳужжатларининг талаблари ҳамда одоб-ахлоқ нормалари бузилган ҳолларда уларга нисбатан тегишли чоралар кўриши шарт.
Судья ўзига нисбатан хизмат мавқеини суиистеъмол қилганлиги, кўрилаётган ишнинг якунидан ғаразли ёки ўзгача тарзда манфаатдор эканлиги ҳақидаги ошкора айбловларга нисбатан тегишли чоралар кўриши лозим.
Судья дўст танлаш ва таниш орттиришда эҳтиёткор бўлиши, ўзининг шаъни ва суднинг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган алоқалардан ўзини тийиши керак.
II боб. Судьянинг ўз касбий фаолиятини амалга оширишида одоб-ахлоқ принциплари ва қоидалари
5-модда. Судьянинг мустақиллиги
Судьянинг мустақиллиги давлат томонидан унинг фақат қонунга бўйсуниши, лавозимга тайинланиш (сайланиш) тартиби, унинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашув учун жавобгарликка тортиш орқали кафолатланади.
Судья ўз касбий фаолиятини амалга оширишида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларга сўзсиз риоя этиши, ҳар қандай ташқи таъсирларнинг олдини олиши, таҳдидлар, босим ва ғайриқонуний таъсир ўтказишга, суд жараёнига бевосита ёки билвосита аралашишга қаршилик кўрсатиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва мулкий манфаатлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт.
Судья одил судловни амалга ошираётганда суд процесси барча иштирокчиларининг процессуал ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда, ҳар қандай бевосита ёки билвосита ташқи таъсирлар, ниятлар, босим ёки аралашишлардан қатъи назар мустақил ҳаракат қилиши, фақат фактларни баҳолашдан келиб чиқиши ва ички ишончига асосланиб, қонунга ва ҳуқуқий онгига амал қилиши шарт.
Судья фаолиятининг оммавий муҳокама қилиниши, унинг номига билдирилаётган танқидий фикрлар у чиқарадиган қарорнинг қонунийлиги ва асослилигига таъсир этмаслиги керак.
6-модда. Судьянинг холислиги ва беғаразлиги принциплари
Судьянинг холислиги ва беғаразлиги одил судловни тегишли тарзда амалга оширишнинг мажбурий шартларидир. Судьянинг суд муҳокамасидаги ҳамда хизматдан ташқари вақтдаги хулқ-атвори жамият ва процесс иштирокчиларининг судьянинг ва суд ҳокимияти органларининг холислиги ва беғаразлигига бўлган ишончини мустаҳкамлашга имкон яратиши зарур.
Судья ишни холис кўриш мақсадида ўзининг касбий мажбуриятларини бажараётганда ҳар қандай афзалликлар, асоссиз ишонч ва тахминлардан ҳоли бўлиши, ўзининг холислигига ҳар қандай шубҳаларни бартараф этишга ҳаракат қилиши лозим.
Судьянинг қонунда назарда тутилган асосларда ўзини ўзи рад этиши унинг холислиги ва беғаразлигини таъминловчи муҳим омилдир.
7-модда. Тенглик принципи
Адолатли суд муҳокамаси ва барча шахсларга нисбатан тенг муносабатда бўлиш одил судловни холис ва беғараз амалга оширишнинг асосий шартидир.
Судья ўз мажбуриятларини холисликни намоён этиб, суд процессининг барча иштирокчиларига жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, бир хил муносабатда бўлган ҳолда бажариши шарт.
Судья ўз мажбуриятларини бажариш чоғида тенглик принципига амал қилиши, тарафларнинг ҳар бирига тенг имкониятлар яратган ҳолда холислик ва беғаразликни намоён этиб, улар ўртасида мувозанатни сақлаб туриши, суд ишларини юритишда қатнашаётган барча иштирокчиларга бир хил эътибор қаратиши лозим.
Одил судловни амалга оширишда судья фуқаролар билан муносабатда хушмуомалаликни намоён этиши, халқларнинг маънавий урф-одатлари ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлиши, турли хил этник ва ижтимоий гуруҳлар ҳамда динларнинг маданий ва бошқа ҳусусиятларини инобатга олиши, миллатлараро ва динлараро тотувликка имкон яратиши, ўзининг шаъни ёки суд ҳокимиятининг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган низоли вазиятларга йўл қўймаслиги керак.
Судья тарафларга ўз процессуал мажбуриятларини бажариши ва ўзларига берилган ҳуқуқларни амалга ошириши учун зарур шарт-шароитларни яратиб, ишнинг оқилона муддатда кўриб чиқилишини таъминлаб, ўз касбий мажбуриятларини бажаришда бирон-бир тарафни афзал деб қарамаслиги, уларни камситмаслиги, тарафларни эшитмасдан олдиндан фикрга эга бўлишга ёки сиртдан шундай фикрда туришга йўл қўймаслиги шарт.
8-модда. Судьянинг адолатлилиги
Судья ўз мажбуриятларини адолатли, тезкор, виждонан ва юқори профессионал даражада бажариши керак.
Судья суд мажлисларини ташкил этиш ва ўтказишга пухта тайёргарлик кўриши, суд процесси иштирокчиларига ўз фикр-мулоҳазаларини эркин ифодалаши учун тенг имкониятлар бериши, ишларни қонунда белгиланган процессуал муддатларда кўриб чиқиши, ишни кўриб чиқишни асоссиз ва сурункали қолдирилишига йўл қўймаслиги, қонуний ва адолатли қарорлар чиқариши ҳамда уларни манфаатдор шахсларга ўз вақтида юборилишини таъминлаши шарт.
Судья адолатли бўлиши учун халқ билан мулоқот қилиши, уларнинг дарду-ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини яхши билиши зарур.
9-модда. Судьянинг ҳалоллиги
Ҳалоллик судья ўз вазифаларини тегишли тарзда бажаришининг зарур шартидир.
Судьянинг ҳалоллиги ўз вазифаларини виждонан бажаришида, ростгўйлигида, номақбул ҳаракатлардан ўзини тийишида ва бенуқсон обрў-эътиборга эга бўлишида намоён бўлади.
Судья ўз нуфузига путур етказиши мумкин бўлган оммавий тадбирлар ва бошқа жамоат жойларида бўлишдан ўзини тийиши лозим.
Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига ўтказилган босим ва аралашувлар тўғрисида, шунингдек муайян ҳаракатларни бажарганлик ёки бажармаганлик учун мукофот таклиф қилинганлиги ҳақида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг Судьялар олий кенгашига ва (ёки) судьялар малака ҳайъатига хабар қилиши лозим.
10-модда. Судьянинг лаёқатлилиги
Судья ўз мажбуриятларини виждонан, юқори профессионал даражада бажариши, иш ўз вақтида ва малакали кўриб чиқилиши учун барча чораларни кўриши, шунингдек тарафларни яраштиришга, низони тинч йўл билан ҳал этишга кўмаклашиши лозим.
Судья ўз мажбуриятларини лозим даражада бажариши учун ўз малакаси ва касбий билимларини мунтазам ошириб бориши, амалий кўникмаларини ва шахсий фазилатларини такомиллаштириб бориши шарт. Шу мақсадларда судья мустақил таълим олиш имкониятларидан фойдаланиши ва мунтазам равишда давлат малака ошириш тизимида қайта тайёргарликдан ўтиши керак.
Тажрибали судьялар «устоз-шогирд» анъаналарига таянган ҳолда ўз тажриба ва билимларини илк бор тайинланган судьяларга ўргатишлари шарт.
11-модда. Ҳамкасблар ва қўл остидаги ходимлар билан ўзаро муносабатлар
Судья ҳамкасблари ва суднинг бошқа ходимларига нисбатан хушмуомала ва вазмин бўлиши, танқидга тоқатли бўлиши, ўзи тўғрисидаги танқидий фикрлар учун бевосита ёки билвосита таъқиб қилишга йўл қўймаслиги, бошқа судьянинг иш юритувидаги ишларни кўриб чиқилишига аралашмаслиги лозим.
Судья суд ёрдамчисидан ва суд аппаратининг бошқа ходимларидан мансаб йўриқномалари қоидаларига риоя этишни, юқори профессионал даражада бўлишини, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган тегишли тақиқлар ва чекловларга риоя этишини, мажбуриятлар бажарилишини талаб қилиши шарт.
Суд раислари биринчи навбатда суд раҳбарларининг фидойилиги, ватанпарварлиги, садоқати, касбий маҳорати, меҳнатсеварлиги ва юқори даражадаги масъулияти суднинг самарали фаолияти гарови эканлигини эсда тутишлари зарур.
Суд раиси (ҳайъат раиси) ташкилий-маъмурий ваколатларини амалга оширишда судьяларнинг мустақиллигини чекловчи хатти-ҳаракатларга йўл қўйишга, уларга босим ўтказишга, шунингдек судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига таъсир кўрсатиш мақсадида маъмурий таъсирнинг бошқа усулларидан фойдаланишга ҳақли эмас.
Судларнинг раислари бошқа судьялар ўз мажбуриятларини самарали бажаришларини таъминлаш учун барча зарур чораларни кўришлари, суд ходимларини лавозимларга шаффоф танлов асосида тайинлашлари, бунда уруғ-аймоқчилик, маҳаллийчилик ва раҳнамоликдан ўзларини тийишлари шарт.
Суд раислари судьялар ва суд аппарати ходимларининг ишга бўлган муносабатини доимий равишда таҳлил қилиб боришлари ҳамда улар эгаллаб турган лавозимига муносиб бўлмаган тақдирда тегишли чоралар кўришлари шарт.Суд раислари судьялар ва суд аппарати ходимлари ўртасида вазифаларни адолатли тақсимланишини белгиланган тартибда таъминлашлари шарт.
Раҳнамоликка (асоссиз рағбатлантириш ва лавозимини оширишга), шунингдек бепарволикка (фаолиятдаги камчиликлари учун чора кўрмасликка, ноқонуний ҳаракатларига эътибор бермасликка) йўл қўйилиши мумкин эмас.Суд раиси, судья судьялик лавозимларига номзодларга фикрнома, тавсифнома (тавсиянома) тузишга масъулият билан ёндашиши, холис ва беғараз бўлиши, судьялик лавозимига номзодда бўлмаган шахсий, касбий, маънавий ва бошқа фазилатларини тавсифномада қайд этган ҳолда Судьялар олий кенгашига ва малака ҳайъатига тақдим этмаслиги шарт.
Судья ўз фикрини эркин ифода этиш ва оммавий мунозараларда, шу жумладан суд фаолияти самарадорлиги масалаларига оид мунозараларда иштирок этиш, ўзи ёки ҳамкасблари томонидан қабул қилинган суд қарорларининг ҳуқуқий асосларини тушунтириш ҳуқуқига эга. Бунда судья ўз тушунтиришларида вазмин ва эҳтиёткор бўлиши, ишда иштирок этувчи шахсларга нисбатан холис бўлиши ва суд ҳокимиятига садоқатини сақлаши лозим.
III боб. Судьянинг хизматдан ташқари вақтдаги одоб-ахлоқ қоидалари
12-модда. Фаолиятни хизматдан ташқари вақтда амалга ошириш билан боғлиқ чекловлар
Судья хизматдан ташқари вақтда қонунда белгиланган чекловлар доирасидан четга чиқадиган ҳамда суднинг обрўсига, шунингдек судьянинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган фаолият турлари билан шуғулланмаслиги лозим.
Судья зўравонлик, шафқатсизлик, миллатчилик руҳидаги, шунингдек сиёсий ва диний мазмунга эга митинглар, йиғилишлар, намойишлар шаклидаги оммавий тадбирларда иштирок этмаслиги керак.
Оила аъзолари, яқин қариндошлари томонидан жиноят содир этилганлиги факти тўғрисида судья дарҳол белгиланган тартибда Судьялар олий кенгашининг Судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси (бундан буён матнда Суд инспекцияси деб юритилади)га тўғри ахборот тақдим этиши лозим.
Судья ўзининг вояга етмаган фарзандларини боқиш, тарбия қилиш бўйича мажбуриятларини бажариши, ота-онасига ва бошқа меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларига ғамхўрлик қилиши лозим.
Судья суд ресурсларидан шахсий мақсадда фойдаланмаслиги ва ходимларга шахсий ишлари бўйича топшириқлар бермаслиги керак.Муайян иш ҳал қилинаётганда судья бирон-бир кишига маслаҳат беришга ва ўз фикрини билдиришга ҳақли эмас.
13-модда. Хўжалик фаолиятида иштирок этиш
Судья шахсан ўзи ёки ишончли шахслар орқали тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, шу жумладан тижорат ташкилотини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эга эмас.
Тижорат ташкилотларининг устав фондларидаги улуш, шунингдек тижорат ташкилотларини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқини берадиган қимматли қоғозлар ҳадя қилинган ёки мерос бўйича олинган ҳолларда, судья бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хабар бериши ва уларни бошқаришни дарҳол бошқаларга топшириш бўйича чоралар кўриши зарур.
Судья ўзи, турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандлари олаётган даромадлари ҳамда уларнинг манбалари тўғрисидаги, мулк ҳуқуқи ва ашёвий ҳуқуқ асосида эгалигида бўлган мол-мулки, шунингдек мулкий хусусиятга эга мажбуриятлари ҳақидаги ахборотдан хабардор бўлиши ҳамда бу ҳақдаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Олий судига белгиланган тартибда тақдим этиши шарт.
Судья ҳар қандай ташкилот фойдасига маблағлар йиғишда иштирок этмаслиги, бирон-бир шахсни маблағлар йиғишда иштирок этишга даъват қилмаслиги, шунингдек мазкур мақсадлар учун судьялик обрўсидан фойдаланмаслиги ёки бошқа шахслар ва оила аъзоларининг фойдаланишига йўл қўймаслиги керак.
14-модда. Оммавий ахборот воситалари билан ўзаро муносабатлар
Суд фаолиятининг самарадорлиги жамиятнинг унга бўлган ишончига ва суд томонидан қабул қилинган қарорларнинг ҳуқуқий асосларини тўғри тушунишига боғлиқ.
Жамиятни суд фаолияти тўғрисида холис, ишончли ва тезкор хабардор қилиш мақсадида судья оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳамкорлик қилиши ҳамда суд ишларини оммавий ахборот воситаларида профессионал даражада ёритишга кўмак бериши зарур, чунки бу нафақат фуқароларнинг ҳуқуқий онгини шакллантиришга ва судга бўлган ишончини мустаҳкамлашга, одил судлов нуфузини оширишга, балки оммавий ахборот воситаларига ҳам муҳим ижтимоий вазифанинг бажарилишига, яъни фуқароларни барча ижтимоий жиҳатдан аҳамиятли воқеалардан хабардор этишга хизмат қилади.
Суднинг иш юритувида бўлган ишлар бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари қонуний кучга киргунга қадар судья улар юзасидан оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга ҳақли эмас.
Агар оммавий ахборот воситаларида судьянинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар тарқалиши натижасида судлар ва судьялар фаолияти ҳақида нотўғри тасаввур пайдо бўлса, оммавий ахборот воситаларининг бундай чиқишларига нисбатан судья қонун ҳужжатларида назарда тутилган усулларда муносабат билдириш ҳуқуқига эга.
Ҳимояланишнинг бошқача усуллари бўлмаган тақдирда, судья ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки танқидга омма олдида жавоб бериш учун оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилишга ҳақли.
Судья оммавий танқидга жавоб бераётганида вазмин ва эҳтиёткор бўлиши керак. Башарти, агар оммавий ахборот воситаларида судья фаолиятининг асоссиз танқид қилиниши оқибатида одил судловнинг обрўсига ва холислигига путур етиши мумкин бўлса, бундай танқидга жавобан Судьялар олий кенгашига мурожаат этиш мақсадга мувофиқдир.
Судья ижтимоий тармоқларда, интернет-форумларда ва интернет тармоғидаги бошқа шаклдаги мулоқотларда иштирок этиши мумкин, бироқ у суд ҳокимиятининг, давлат органларининг нуфузига, бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган ахборотни тарқатмаслиги лозим.
15-модда. Давлат ҳокимияти, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик
Судья ўз фаолиятида қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳуқуқ, қонунчилик, суд тизими, суд амалиёти масалалари бўйича ўз ихтисослиги соҳасидаги шахсий тажрибаси ва билимларига асосланган ўз нуқтаи-назарини билдириш орқали ҳамкорлик қилади. Бунда у мансабдор шахслар томонидан унга бирон-бир таъсир кўрсатилишига, шунингдек унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳалар туғилишига йўл қўймаслиги лозим.Судья давлат органлари фаолиятини омма олдида танқид қилиш, фикр-мулоҳаза билдириш ва баҳолашдан ўзини тийиши зарур.
Агар давлат органлари ва фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тузилган қўмита ва комиссиялар ишидаги иштироки судьянинг касбий мажбуриятларини бажаришга тўсқинлик қилса, жамиятнинг суд ҳокимияти обрўсига бўлган ишончига путур етказса ёки одил судловнинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдирса, судья улар фаолиятида иштирок этмаслиги лозим.
16-модда. Суд процесси иштирокчилари билан ўзаро муносабатлар
Суд процесси иштирокчилари билан ўзаро муносабатларда судья унинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигини шубҳа остига қўйиши, шунингдек бирон-бир тарафни афзал деб қараши, тарафларни эшитмасдан олдиндан фикрга эга бўлиши мумкин бўлган вазиятлардан қочиши лозим.
Судья процессуал бўлмаган алоқаларни, яъни муайян суд иши бўйича ишда иштирок этувчи шахслар, уларнинг вакиллари, прокурор, адвокат, бошқа манфаатдор шахслар билан процессуал ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган ҳар қандай мулоқотни, агар ушбу ҳаракатлар судьянинг холислиги ва беғаразлигига асосли равишда шубҳа туғдириши мумкин бўлса, истисно этиши лозим.
Судья ўз мажбуриятларини бажариши чоғида олинган ахборотни ошкор этишга ҳақли эмас. Судья ўз хизмат мавқеи муносабати билан ўзига маълум бўлиб қолган сир тутиладиган ахборотдан судьялик мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ бўлмаган мақсадда фойдаланиши ва (ёки) уни бирор кишига ошкор қилиши мумкин эмас.
17-модда. Турмушда одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш
Турмушда одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш судья одоб-ахлоқининг ажралмас қисмидир.
Судья ўз мажбуриятларини бажариш чоғида ўз диний эътиқодлари ва мансублигини намойиш қилишдан ўзини тийиши лозим.
Виждон эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишда суднинг обрўсига путур етмаслиги учун судья барча ҳолларда вазмин ва босиқ бўлиши керак.
Судья ўзининг ташқи кўриниши, камтарлиги ва сиполиги билан бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Судья эътиборни ҳаддан ташқари жалб этадиган даражада кийинмаслиги, тақинчоқлар ва бошқа безаклар тақмаслиги керак.
Судья ўз оила аъзоларининг судьялар одоб-ахлоқ нормаларига риоя этишини назорат қилиши, бирон-бир шахсга нисбатан судьянинг обрўсига путур етказиши мумкин бўлган қўпол муомалада бўлишига йўл қўймаслиги шарт.
Судья ўз оила аъзолари, қариндошлари ва бошқа шахслар томонидан унинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ ҳаракатларига, шунингдек суд ҳужжатларини қабул қилишига таъсир кўрсатилишига йўл қўймаслиги керак.
Судья адвокатлик ва бошқа ҳуқуқий амалиёт билан шуғулланишга, юридик хизматлар кўрсатишга ҳақли эмас.
18-модда. Илмий, педагогик ва бошқа фаолиятни амалга ошириш хусусиятлари
Судья, агар бу Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаса ва одил судловни амалга оширишга тўсқинлик қилмаса, илмий, педагогик, ижодий ва ижтимоий фаолият билан шуғулланиши мумкин.
IV боб. Якуний қоидалар
19-модда. Ушбу Кодексга риоя этилиши устидан назорат қилиш
Суд инспекцияси ва тегишли судьялар малака ҳайъатлари ушбу Кодекс қоидалари бузилишининг олдини олиш юзасидан чоралар кўради ва уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.
Суд инспекцияси ушбу Кодекснинг бузилишига йўл қўйган судьяга нисбатан тегишли чоралар қўллаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига таклифлар киритади.
20-модда. Ушбу Кодекс қоидалари бузилганлиги ҳақида хабар бериш
Ўз ҳамкасбининг ушбу Кодекс қоидаларини бузганлигидан хабар топган ҳар бир судья унга Кодекс қоидаларини эслатиб қўйиши ва бундай хулқ-атворга чек қўйиши ҳақида огоҳлантириши керак. Зарур бўлганда ушбу Кодекс қоидаларининг бузилганлиги факти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига ёки тегишли судьялар малака ҳайъатига мурожаат қилиши лозим.
21-модда. Ушбу Кодекс қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик
Ушбу Кодекс қоидаларининг бузилиши суд ҳокимияти обрўсига путур етказган ва (ёки) судья номига доғ туширган бўлса, бу ҳолат судьяни белгиланган тартибда интизомий жавобгарликка тортиш учун асос бўлади.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Бухоро вилоят суди