ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИНИ ШАКЛЛАНТИРИШДА ОИЛА ИНСТИТУТИНИНГ ЎРНИ ВА АҲАМИЯТИ

Инсоният цивилизацияси тарихий тариққиётининг барча босқич ва даврида оилага эҳтиёт сезилганини ҳеч ким инкор эта олмайди. Одам ато билан момо ҳавонинг биргаликда ер юзида яшаганини оиланинг илк кўриниши ёки куртаги десак хато қилмаган бўламиз. Оллоҳ томонидан олдин эркак кейин эса унга ҳамроҳ қилиб аёлнинг яратилишидан мақсад ҳам бир жуфтликни эр ва хотин сифатида биргаликда яшаб, рўзғор юритиб қатор фарзандларни тарбиялаб вояга етказиш назарда тутилган. Азал – азалдан оила муқаддас ҳисобланиб, маълум бир маскан ва маконда ривожланган. Бир авлоддан иккинчи авлод ва кейинги авлод оилада тарбия топиб ривожланиб авлод давомийлиги асосида бугунги кундагидек такомилга эришилинган. Авлод давомийлиги муқаддас ислом динимиздаги беш принципнинг бири саналади. Хўш, ҳозирги даврда оила ва унинг нуфузини юксалтириш, анъаналарини давом эттириш ва уни мустаҳкамлашга қаратилган сайр-ҳаракатларни амалга оширишда нималарга кўпроқ эътибор беришимиз зарур? Айниқса, ёш оилалардаги турли низо, келишмовчилик, ўзаро жанжалларни бартараф этишнинг энг муқобил йўл-йўриқларини излашга бағишланган турли тадбирлар, тадқиқотлар натижаларини жамоатчилик эътиборига ҳавола қилинаётгани айнан оилалардаги муаммоларни ҳал қилинаётгани, бошқача айтганда, оилавий зўравонликларнинг олдини олишга қаратилган сай-ҳаракатлар ўз самарасини бериши шубҳасиздир. Фикримизча оила, жамият ва давлат ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш билан боғлиқ ўзаро узвий тушунчалар бўлиб уларнинг ҳар бири алоҳида мазмун-моҳиятга эга.

Ўзбекистон яхлит суверент демократик республика сифатида жаҳон харитасидан ўрин эгаллайди. Шу билан бирга давлатимизда яшовчи турли миллат ва элат вакилларининг эркинлигини таъминловчи фуқаролик жамиятини тўла-тўкис шакллантириш учун бир неча ўн йиллар давомида тизимли ва изчил ислоҳотлар амалга оширилаётганининг гувоҳимиз. Айниқса беш йилга мўлжалланган “Ҳаракатлар стратегияси”га биноан бу йўналишдаги амалий ишлар кенг қамровли тусга эга бўлиб, яна жадал давом эттирилмоқда.

Шу ўринда фуқаролик жамиятини шакллантиришда оила институтининг ўрни ва аҳамияти беқиёс деб ҳисоблаймиз. Жамиятдаги тинчлик ва хотиржамлик кўп жиҳатдан ҳар бир оиладаги муносабатларда ўзаро муҳаббат ва ҳурмат, ҳамжиҳатликка бевосита боғлиқдир. Бу жараёнда давлат ҳар бир оиланинг моддий жиҳатдан таъминланган ва фаровон ҳаёт кечириши учун етарли шароитларга эга бўлишидан манфаатдор бўлиб, уларнинг фаровонлигини кафолатланишига кўмаклашаётгани муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 63-моддасига биноан Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга, деб қайд этилган. Конституциянинг мазкур нормаси асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексининг 2 – моддаси талабига кўра, оилавий муносабатларда аёл ва эркак тенг ҳуқуқли бўлиб, оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устунлиги тамойиллари асосида‖ амалга оширилади. Шу ўринда оила юридик атамасини таҳлил қилиб оила тушунчасини ифодалашга тўғри келади. Чунки Оила кодексининг 5 -моддасида Оила тўғрисидаги қонун ҳужжатлари никоҳ тузиш, никоҳни тугатилиши(тугаши) ва уни ҳақиқий эмас деб топиш шартлари ва тартибини белгилайди, оила аъзолари: эр-хотин, ота-она ва болалар (фарзандликка олувчилар ва фарзандликка олинганлар) ўртасидаги, оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда ва доирада эса қариндошлар ҳамда ўзга шахслар ўртасидаги шахсий номулкий ва мулкий муносабатларни тартибга солади, шунингдек ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни оилага оилага олиш шакл ва қоидаларини, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш тартибини белгилайди, деб таъкидланган. Юқоридаги нормалар таҳлилидан оила – эркак ва аёлнинг розилиги билан фуқаролик ҳолати далолатномалари қайд этиш органлари томонидан никоҳи тузиш тарзида рўйхатга олиниб, расмийлатирилган шахсларнинг ихтиёрий иттифоқи ҳисобланади, деган хулосага келишимиз мумкин. Никоҳ ФҲДЁ органларида рўйхатга олинганидан бошлаб қонуний тусга эга бўлади. Айнан шу пайтдан бошлаб оила ташкил топади ва оилавий муносабатлар бошланади. Ташкил топган янги оила дастлаб жуда содда, яъни эр-у хотиндан иборат таркибда яшай бошлайди. Кейинчалик фарзандлар туғилиши оила аъзоларининг кўпайишига олиб келади. Фарзандларнинг дунёга келиши ота-она деган тушунчаларга эҳтиёж сездиради. Оила аъзолари деганда эр-хотин, фарзандлар, фарзандлар учун ота-она тушунилади. Миллий ўзбек оиласи менталитетимиздан келиб чиққан ҳолда оилани қонунда акс этмаган бўлсада кенг маънода тушунамиз. Бизда оила деганда бобо, буви, эр-хотин, уларнинг фарзандларидан ташқари эркак томондан бир уйда ёки хонадонда яшовчи акаукалар, айрим ҳолларда никоҳдан ажраб келган опа-сингиллар келиннинг қайни опа-сингиллари ҳам тушунилади. Бу қонунда белгиланган том маънодаги оила эмас, балки бир нечта оилалар йиғиндиси иборат оилалар десак тўғри ифодалаган бўламиз. Айнан шундай ёндашилмагани боис, ёш оилаларнинг нуфузига путур етади, ёш оиланинг тузилиши натижасида ҳали эр билан хотин бир-бирини тушуниб етмасидан, улар ўртасидаги муносабатлар тўлиқ шаклланмасидан четдан аралашув туфайли турли келишмовчиликлар, қўполлик, келинга (келин томонидан ҳам) нисбатан инсоний қадр-қимматни камситувчи муомалалар, ҳақоратлаш ёки баъзи ҳолатларда таҳқирлашлар, айрим ҳолларда зўравонликлар, куч ишлатишлар натижасида жуда қисқа муддатларда никоҳдан ажралишларгача бориб етмоқда. Тўғри Оила кодексида қариндошлик (57 – модда), ёт аралашмаган ва ёт аралашган қариндошлик (58 – модда), қайин – бўйинчилик ва қуда – андачиликка (59 – модда) бағишланган алоҳида нормалар ҳам мавжуд. Лекин юқорида кўрсатилган шахслар ёш оиладаги муносабатларнинг бевосита иштирокиси ҳисобланмаслиги кодекс мазмунидан очиқ-ойдин кўринади. Оиладаги муносабатлар эр-у хотиннинг ўзаро хотиржамлик, ҳамжиҳатлиги, келишуви асосида йўлга қуйилиши лозим.

Фикримизча, ўғлини уйлантиришидан илгари ота-оналар қонун ҳужжатидаги оила тушунчасидан воқиф бўлиши даркор. Уларни бунга тайёрлашда маҳалла, хотин-қизлар масалалари билан шуғулланувчи мутахассислар тушунтириш ишларини олиб бориш йўли билан кўмаклашишлари зарур. Бунинг учун эса ижтимоий сўровлар, таҳлиллар ва аниқ мисоллар асосида ихчам ва содда матнлар тайёрланиб тарқатилиши ёки ижтимоий тармоқлар орқали аҳоли билан мулоқатлар олиб борилиши мақсадга мувофиқ.

Дарвоқе, оила тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг вазифаларидан бири бирон-бир шахснинг оила масалаларига ўзбошимчалик билан аралашишига йўл қўйилмасликдан иборат эканлигини алоҳида қайд этиш жоиздир. Яна бир муҳим жиҳати жойларда, яъни маҳалла ёки туман кесимида ўтказилиши мўлжалланган оила ёхуд аёллар масалаларига оид тадбирларни илгаридан пухта тайёргарлик кўриб, унинг иштирокчиларини тўғри танлаб мақсадли ўтиши таъминлаш жуда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Сир эмаски айрим тадбирлар ҳисоботлар учунгина ташкил этилади. Муҳокама қилинган масалалар юзасидан маърузалар жуда саёз. Тегишли қонун ҳужжатлардан иқтибос келтирмай тушунтириш ёки чуқур таҳлиллар мавжуд эмаслиги тадбирларни кутилган натижа бермаслигига сабаб бўлмоқда. Яна бир янгилик кейинги икки йил давомида юртимизда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан оила институтининг жамиятдаги нуфузини ошириш ва мустаҳкамлаш мақсадида вазирлик мақомига эга тузилма ташкил этилди. Унинг жойларда бўлинмалари ташкил этилиб, фаолияти йўлга қўйилганидан оилаларни жамият ҳаётида ўрни нақадар муҳим эканини тушуниш қийин эмас. Шу нуқтаи назардан мазкур тузилманинг ўтган давридаги амалга оширган ишлари таҳлили асосида Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг нормаларини янада чуқур ўрганиб, ижтимоий ҳаётдаги аниқ мисоллардан хулоса чиқарган ҳолда Оила кодексини такомиллаштириш зарурати мавжудлигига эътиборни кучайтириш лозим. Бунинг сабабларидан бири Оила кодексида нормаларда оилавий муносабатлар бирликда, яъни битта оиланинг ҳуқуқий муносабатлардаги иштироки ечимини топган, айнан битта оилани ташкил этиш ва уларнинг ўзаро муносабатлари билан боғлиқ қоидалар, тартиб таомиллар етарлича ифодаланган. Албатта, бу ҳолатни ижобий деб ҳисоблаймиз. Аммо юқорида қайд этилганидек бир ҳовлида ёки том остида бир неча оилалар биргаликда яшаётган, айниқса қайнона, қайнота ва бошқалар билан умр гузаронлик қилган бир неча оилаларнинг ўзаро муносабатларини тартибга солувчи аниқ ва тиниқ қоидаларни ишлаб чиқиб, қонун ҳужжатларда акс эттиришимиз керак. Биргина мисол бир неча йиллардан буён фарзандлари билан турар жойсиз қолаётган оналарга қай тарзда қайси қонун билан турар жой ажратилиши лозим деган саволга жавоб топа олмаймиз. Фикримизча, Оила кодексида кенг маънодаги оила аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари акс эттиши зарур. Қонун ҳужжатларининг янада тўлиқ ва бекаму кўст бўлиши эса бирга яшовчи оиладагиларнинг нафақат тураржойга бўлган ҳуқуқлари, балки Конституцияда белгилаб қўйилган бошқа барча ҳуқуқларини янада ҳимоя қилиш кафолатлайди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, юртимизда оила институти замонавий давлатчиликка мос тарзда ривожланиши учун барча шарт-шароитлар, жумладан қонунлар ва қонун ҳужжатлари яратилган. Ҳозирда амалга оширилаётган ислоҳотлар давомида оилага оид қонунчилик базасини жаҳондаги айрим давлатларнинг қонунчилик тажрибасини чуқур таҳлил қилган ҳолда жамиятимизга мос ва хос жиҳатларини ҳисобга олиб, янада такомиллаштиришимиз эртанги кунимизга мустаҳкам замин яратади.

Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят суди раиси

Миразиз Раджабов, Фуқаролик ишлари бўйича

Когон туманлараро суди раиси