МЕҲНАТ ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ҚОНУНЧИЛИКДАГИ АСОСЛАРИ
Меҳнат қонунчилигида ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилиши белгилаб қўйилган. Бироқ, ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумтаълим мактаблари, ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларининг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий ва ахлоқий камол топишига зиён етказмайдиган, таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил ишни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун – улар ўн беш ёшга тўлганидан кейин ота-онасидан бирининг ёки ота-онасининг ўрнини босувчи шахслардан бирининг ёзма розилиги билан ишга қабул қилишга йўл қўйилади. Лекин, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан шу тоифа ходимларининг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланади. Бу каби ишлар рўйхати ва ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар кўтаришлари ва ташишлари мумкин бўлган оғир юк нормаларининг чегарасини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ва иш берувчиларнинг вакиллари маслаҳатини олган ҳолда белгилайди.
Демак, ишга қабул қилишга йўл қўйиладиган ёшга етган шахс, ходим сифатида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича иш берувчи билан меҳнат тўғрисидаги қонунларга риоя қилган ҳолда меҳнат шартномаси тузиши мумкин.
Меҳнат шартномасининг ҳуқуқий белгилари қуйидагилардан иборат:
Биринчидан, бу шартнома ишга жойлашиш ниятида келган ходим ва корхона, ташкилотларда ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар ўртасида икки нусхада, ёзма шаклда тузилади ва ҳар иккала томон томонидан имзоланади. Мансабдор шахснинг имзоси имзонинг ҳақиқий ва ваколатли эканлини таъкидлаш учун корхона муҳри билан тасдиқланади.
Иккинчидан, меҳнат шартномасида ходим корхонага қайси вазифага, қандай лавозимга қабул қилинаётгани, иш жойи, вақти, меҳнат ҳақи миқдори, шартноманинг муддати, тарафларнинг мажбуриятлари ва бошқа шартлар кўрсатилиши лозим.
Учинчидан, меҳнат шартномаси у имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради. Агар шартномада ишнинг бошланиш куни ҳақида шартлашилмаган бўлса, ходим меҳнат шартномаси имзоланган иш кунининг эртасидан кечикмай ишга тушиши керак.
Меҳнат шартномасида муддатлар
Меҳнат муносабатларининг субъектлари ҳисобланган ходим ва иш берувчи ўртасида тузиладиган меҳнат шартномаси қуйидаги муддатларга тузилиши мумкин:
Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади. Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг розилигисиз муайян муддатга, шунингдек муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб қайта тузилиши мумкин эмас.
Шу ўринда барчани қизиқтирган савол туғилиши мумкин.
Ишга қабул қилиш вақтида қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига биноан, ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахс қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:
- Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан олган маълумотномани;
Ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахсдан қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.
Агар ишга кираётган шахснинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати ҳақиқий бўлмаса, уни ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин.
Ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади. Буйруқ ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади. Ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъи назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади.
Ходимнинг меҳнатга оид муносабатлари камситилганда, иш берувчи томонидан таклиф қилинган шахслар ишга қабул қилинмаганда, меҳнат шартномаси тузиш шарт бўлган шахсларни, жумладан минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларни, ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги важ қилиниб ишга қабул қилинмаганда, ходим ишга қабул қилиш ғайриқонуний равишда рад этилгани устидан судга шикоят тартибида мурожаат қилиши мумкин.
Меҳнат шартномаси қуйидаги сабабларга кўра бекор қилиниши мумкин:
1) тарафларнинг келишувига кўра.
2) тарафлардан бирининг ташаббуси билан;
3) муддатнинг тугаши билан;
4) тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра;
5) меҳнат шартномасида назарда тутилган асосларга кўра. Меҳнатга оид муносабатларни бекор қилиш тўғрисидаги шарт меҳнат шартномасида бу шартнома иш берувчи томонидан корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилганда, шунингдек қонунда йўл қўйиладиган бошқа ҳолларда ҳам назарда тутилиши мумкин.
6) янги муддатга сайланмаганлиги (танлов бўйича ўтмаганлиги) ёхуд сайланишда (танловда) қатнашишни рад этганлиги муносабати билан.
Меҳнат соҳасидаги давлат бошқарувини Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги ва унинг ҳудудий органлари амалга оширади. Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига ва меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя этилишини текшириш ва назорат қилиш – шунга махсус вакил қилинган давлат органлари, уларнинг инспекциялари ҳамда касаба уюшмалари томонидан амалга оширади. Меҳнат тўғрисидаги қонунларнинг аниқ ва бир хил ижро этилиши устидан назорат олиб бориш эса Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан амалга оширилади.
Хулоса қилиб айтганда, республикамизда меҳнатни муҳофаза қилиш давлат сиёсатига асосланган бўлиб, ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланган. Барча фуқаролар меҳнат ҳуқуқларига эга бўлиш ва улардан фойдаланишда тенг имкониятларга эгадир. Жинси, ёши, ирқи, миллати, тили, ижтимоий келиб чиқиши, мулкий ҳолати ва мансаб мавқеи, динга бўлган муносабати, эътиқоди, жамоат бирлашмаларига мансублиги, шунингдек ходимларнинг ишчанлик қобилиятларига ва улар меҳнатининг натижаларига алоқадор бўлмаган бошқа жиҳатларига қараб меҳнатга оид муносабатлар соҳасида ҳар қандай чеклашларга ёки имтиёзлар белгилашга йўл қўйилмайди ва булар камситиш деб ҳисобланади.
Меҳнат соҳасида ўзини камситилган деб ҳисоблаган шахс камситишни бартараф этиш ҳамда ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни тўлаш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши мумкин.
Лукмон Кадиров, Бухоро вилоят суди раиси
Мақсад Матякубов, Фуқаролик ишлари бўйича
Пешкў туманлараро суди судьяси