Мерос ҳуқуқи билан боғлиқ фуқаролик ишларини судларда кўриш амалиёти

Мерос ҳуқуқи фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқи билан чамбарчас боғланган ва фуқаролик ҳуқуқи тармоғининг бир тармоғи бўлиб ҳисобланади.

Мерос ҳуқуқи-бу фуқаронинг вафоти муносабати билан унинг мулкий, мулк ҳуқуқи билан боғлиқ шахсий номулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларининг бевосита қабул қилиб олишни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳуқуқий меъёрлар йиғиндисидан иборатдир. Мерос ҳуқуқи фуқароларнинг мулкий ҳуқуқлари ва манфаатларини қўриқлаш билан боғланган бўлиб, уларнинг ўз мулкига нисбатан тасарруф этиш ҳуқуқини ҳеч қандай тўсиқсиз, нафақат ҳаётлигида, шунингдек вафот этганидан сўнг ҳам амалга оширилишини таъминлайди.

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 1113-моддасига мувофиқ, мерос таркибига мерос очилган пайтда мерос қолддирувчига тегишли бўлган кўчар ва кеўчмас мулк, ашёлар, шу жумладан, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлар киради.

Мерос таркибига фақат мерос қолдирувчига қонуний асослар тегишли бўлган мулк кириши туфайли, ўзбошимчалик билан қурилган ёки тегишли тарзда расмийлаштирилмаган иморатлар мерос таркибига фақат марҳумнинг мазкур иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқи белгиланган тартибда эътироф этилган ҳолда киритилади.

Фуқаролик кодекси 1112-моддасига кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади.

Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади.

Мерос қолдирувчининг ўлган куни (зарурат бўлганда пайти ҳам), у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирадиган кун мерос очилган вақт деб ҳисобланади.

Агар биридан кейин бошқаси мерос олишга ҳақли бўлган шахслар бир календарь сутка (йигирма тўрт соат) ичида вафот этган бўлсалар, улар бир вақтда вафот этган деб ҳисобланадилар, мерос уларнинг ҳар биридан кейин очилади ва улардан ҳар бирининг меросхўрлари ворисликка чақириладилар.

Мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи мероснинг очилиш жойи ҳисобланади. Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади. Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин.

Қонун талабига кўра, васиятнома қонунда белгиланган тартибда тузилган ва васият қилувчининг вафотидан сўнг муайян оқибатлар келиб чиқишини назарда тутувчи бир томонлама битим бўлиб, қонунга биноан васият қилувчи ўз мулкини тўлиқ ёки қисман ҳар қандай шахс ёхуд бир неча шахсга, шунингдек юридик шахсларга, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ёхуд давлатга васият қилиши, ёинки бир, бир неча ёки барча қонун бўйича меросхўрларни меросдан маҳрум қилиши мумкин.

Васиятномани ҳақиқий эмас деб топишга оид даъволарни кўришда, судлар Фуқаролик кодексининг битимларни ҳақиқий эмас деб топиш учун асосларни назарда тутувчи нормаларига амал қилинади.

Меросхўрнинг мерос мулкидан фойдаланишга бўлган эҳтиёжи (масалан, турар жойга нисбатан шахсий эҳтиёжи), шунингдек мулк ҳуқуқининг меросхўрдан бошқа шахсга ўтиши, бундай ўтиш асосларидан (сотиш, ҳадя, айирбошлаш ва ҳ.к.) қатъий назар, васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи ҳуқуқларига таъсир этмайди, чунки бундай ҳуқуқлар ҳажми мерос қолдирувчи томонидан васиятномани тузиш пайтида белгиланиб, унинг меросхўрлари томонидан ўзгартирилиши мумкин эмас.

Фуқаролик кодекси 1112-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ қонун бўйича ворислик фақат васиятнома мавжуд бўлмаган ёки мерос тақдирини тўла белгиламаган, шунингдек Фуқаролик кодексида назарда тутилган бошқа ҳолларда келиб чиқади.

Қонун бўйича меросхўрларга ФК 1135-1141-моддаларида кўрсатилган ва навбат тартибида ворисликка чақириладиган шахслар киради. ФК 1142-моддасига мувофиқ васият қолдирувчининг меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз (шу жумладан, фарзандликка олинган) болалари, унинг меҳнатга қобилиятсиз эри(хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилари) ҳам қонун бўйича меросхўр бўладилар. Бу ўринда шуни назарда тутиш лозимки, тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўрлар, мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари, иккинчи ва ундан кейинги навбатдаги ворислар мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга эмас.

Мажбурий улуш белгилашда қонун бўйича ворисликка чақирилиши мумкин бўлган барча меросхўрлар инобатга олиниши ва мерос таркибига кирувчи барча мол-мулкдан келиб чиқилиши лозим.

Меросхўрга мажбурий улуш тайинлашда у мерос тариқасида бирон-бир асосга кўра олаётган барча нарса, шу жумладан оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам инобатга олинади.

Фуқаролик кодекси ва Пленум қарори талабига кўра, қуйидаги ҳолларда ҳам қонун бўйича ворислик мавжуд бўлади:

тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик (ФК 1140-моддаси);

мерос трансмиссияси тартибида ворислик (ФК 11401-моддаси);

мерос қолдирувчининг меҳнатга қобилиятсиз боқимлари томонидан ворислик (ФК 1141-моддаси).

Тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворислик қонун бўйича меросхўр мерос очилгунга қадар вафот этган тақдирда, унга тегишли улуш унинг авлодларига ўтишини назарда тутади. Бунда улуш тақдим қилинаётган қонун бўйича меросхўр билан бирдек даражада қариндош бўлган авлодлар ўртасида тенг тақсимланади. Масалан, агар ўғил (қиз) отаси ёки онасидан олдин вафот этган бўлса, унинг болалари бобоси ёки бувисининг вафотидан сўнг қолган меросга нисбатан тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича меросхўр бўлади.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қонун бўйича марҳум меросхўрнинг эри(хотини) тақдим қилиш ҳуқуқи бўйича ворис бўла олмайди.

 Мерос трансмиссияси тартибида ворислик васиятнома ёки қонун бўйича ворисликка чақирилган меросхўр (трансмиттент) мерос очилганидан кейин, лекин уни қабул қилиб олишга улгурмасдан вафот этган ҳолларда амалга оширилади. Бундай ҳолларда унга тегиши керак бўлган меросни қабул қилиб олиш ҳуқуқи унинг қонун бўйича меросхўрларига, агар барча мерос мол-мулк васият қилинган бўлса, унинг васият бўйича меросхўрларига (трансмиссарларига) ўтади.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома, ворислик васият ёки қонун бўйича эканлигидан қатъий назар, мерос очилган кундан бошлаб олти ой ўтгандан сўнг мерос очилган жойдаги нотариус томонидан берилади.

Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани олиш меросхўрнинг мажбурияти эмас, балки ҳуқуқи бўлганлиги сабабли, қонунда меросхўр бундай гувоҳнома бериш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши шарт бўлган муддат белгиланмаган.

Нодир ФАЙЗИЕВ, Бухоро вилоят суди раиси ўринбосари

Миразиз РАДЖАБОВ, Фуқаролик ишлари бўйичаКогон туманлараро суди раиси