ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА ЧЕТ ДАВЛАТ СУДЛАРИНИНГ ВА АРБИТРАЖИНИНГ ҚАРОРЛАРИ ТАН ОЛИНАДИ ВА ИЖРОГА ҚАРАТИЛАДИ

Чет давлатлар судларининг ва арбитражларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 33-бобида назарда тутилган.

Унга кўра, чет давлатлар судларининг ва арбитражларининг иқтисодиёт соҳасида юзага келадиган низолар ҳамда бошқа ишлар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, агар бундай қарорларни тан олиш ва ижрога қаратиш Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномалари ҳамда қонунчилигида назарда тутилган бўлса, улар Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан тан олинади ва ижрога қаратилади.

Чет давлат суди деганда чет давлатнинг тарафлар ўртасидаги низони ҳал этувчи ваколатли органи тушунилади, чет эл арбитражи деганда чет давлатнинг тарафлар ўртасидаги низони ҳал этиш учун доимий ёки вақтинча асосда фаолият кўрсатадиган нодавлат ташкилоти тушунилади.

Масалан, МДҲ иштирокчи давлатлари ваколатли судларнинг қонуний кучга кирган қарорларини ўзаро тан олади ва ижрога қаратади. Шунингдек, Чет давлат арбитражлари қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги конвенциянинг иштирокчи давлатларида қабул қилган арбитраж қарорлари ҳам ўзаро тан олинади ҳамда ижрога қаратилади.

Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарори, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил муддат ичида, тан олиш ва ижрога қаратиш учун тақдим этилиши мумкин.

Биргина Бухоро вилоят суди томонидан 2025 йил давомида 7 та чет давлат судларининг ва арбитражининг қарорлари тан олинган ва ижрога қаратилган.

Чет давлат судининг ва арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш масалалари иқтисодий суд томонидан низо бўйича ҳал қилув қарори ўз фойдасига чиқарилган тарафнинг аризаси бўйича ҳал этилади.

Ариза қарздорнинг жойлашган жойи ёки яшаш жойи бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодий судига берилади. Туманлараро иқтисодий судларида мазкур тоифадаги аризалар кўриб чиқилмайди.

Шунингдек, тан олиш ва ижрога қаратиш бўйича ариза берилганда, ИПК 250-моддасида кўрсатилган шакл ва мазмунига риоя қилиниши ҳамда 251 ва 252-моддаларда кўрсатилган ҳужжатлар илова қилиниши лозим.

Жумладан, чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризага:

  • аризачи тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган чет давлат судининг ҳал қилув қарори ёки унинг чет давлатнинг ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси;
  • агар ҳал қилув қарори матнининг ўзида кўрсатилмаган бўлса, ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кирганлигини тасдиқловчи расмий ҳужжат;
  • ҳал қилув қарори қисман ижро этилганлиги тўғрисидаги ҳужжат, агар у тегишли чет давлат ҳудудида илгари ижро этилган бўлса;
  • ўзига қарши ҳал қилув қарори қабул қилинган ва суд процессида иштирок этмаган тараф ишни кўриш вақти ҳамда жойи тўғрисида ўз вақтида ва тегишли тартибда хабардор қилинганлигини англатувчи ҳужжат;
  • вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат;
  • чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
  • агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу модданинг 1 — 5-бандларида кўрсатилган ҳужжатларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси илова қилинади.

Мазкур ҳужжатларнинг аризага илова қилинмаганлиги, аризани қайтаришга асос бўлади.

Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризани кўриш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди ажрим чиқаради.

Қонунчиликка мувофиқ суд ҳал қилув қарори ўзига қарши қаратилган тарафнинг аризасига кўра, чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олишни ва ижрога қаратишни рад қилади, агар тараф:

  • арбитраж битимининг тарафлари ўзларига нисбатан қўлланиладиган қонун бўйича қайсидир даражада муомалага лаёқатсиз бўлганлигини ёки арбитраж битимини унинг тарафлари қайси қонунга бўйсундирган бўлсалар, ўша қонун бўйича, бундай кўрсатма мавжуд бўлмаганда эса — ҳал қилув қарори чиқарилган мамлакатнинг қонуни бўйича ҳақиқий эмаслигини;
  • ҳал қилув қарори ўзига қарши қаратилган тараф арбитр тайинланганлиги тўғрисида ёки арбитраж муҳокамаси тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаганлигини ёки бошқа сабабларга кўра ўз тушунтиришларини тақдим эта олмаганлигини;
  • арбитраж битими ёки арбитраж ҳақидаги шартнома шартида назарда тутилмаган ёки уларнинг шартига тегишли бўлмаган низо бўйича ҳал қилув қарори чиқарилганлигини ёхуд арбитраж битими ёки арбитраж ҳақидаги шартнома шартидан ташқари чиқадиган масалалар бўйича қарор мавжудлигини, бундан арбитраж битими ёки арбитраж ҳақидаги шартнома шарти доирасидаги масалалар бўйича қарорлар қамраб олинмаган масалалар бўйича қарорлардан ажратиб олиниши мумкин бўлган ҳоллар мустасно;
  • арбитраж органининг таркиби ёки арбитраж процесси тарафларнинг келишувига мувофиқ келмаганлигини ёки бундай шарт бўлмаса, арбитраж бўлиб ўтган мамлакат қонунига мос келмаганлигини;
  • ҳал қилув қарори тарафлар учун якуний бўлмаганлигини ёки у қабул қилинган ва қонуни қўлланилаётган давлатнинг ваколатли органи томонидан бекор қилинганлигини ёхуд ижроси тўхтатилганлигини;
  • низо ваколатли бўлмаган чет давлат арбитражи томонидан ҳал этилганлигини тасдиқловчи далилларни тақдим этса.

Шунингдек чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш қуйидаги ҳолларда рад қилиниши мумкин, агар:

  • низо объекти Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги бўйича арбитраж муҳокамасининг предмети бўла олмаса;
  • ушбу ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг оммавий тартибига зид бўлса ёки унга таҳдид солса;
  • чет эл арбитражининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш муддати ўтган бўлса.

Бухоро вилоят судининг

судьяси М.Кодирова