Бешикдан қабргача илм ол

Ҳар гал қўлимга бирор бир китобни олиб мутолаа қилишни бошлаганимда улуғ алломаларимизнинг “Бешикдан қабргача илм ол” деган ўгитлари ҳаёлимдан ўтади. Дарҳақиқат, ҳар қандай инсон борки, албатта келажакда илмли бўлиш, бирор бир касбни эгаси бўлиш ва буларнинг замирида фаровон ҳаёт кечириш мақсадини кўзлайди. Албатта, бундай фаровон ҳаётни таъминлаш учун илм олиш, изланиш, китоб ўқиш зарурий меҳнат ҳисобланади.

         Ҳеч кимга сир эмаски, баъзи-баъзида кўча куйда, тадбирларда бунча ҳам кўп ўқув юртлари қурилганлигини, коллежлар ташкил этилаётганлигини, ҳар йили кўплаб талабалар илм масканларини тамомлаётганликларини, лекин буларнинг барчаси ҳам иш билан таъминланмасдан қолиб кетаётганликларини, шундай экан нима сабабдан олий ва ўрта-махсус ўқув юртларида эҳтиёжга қараб талабалар қабул қилинмаслигини эшитиб қоламиз.

Мен бу фикрларга мутлақо қарши эканлигимни ҳар сафар такрорлаб келаман. Чунки, олий ёки ўрта-махсус ўқув юртларида таҳсил олган ҳар бир талаба, келажакда ўз соҳасида ишламаган тақдирда ҳам ўз йўлини танлайди, мустақил фикрга эга бўлади, ўзлигини англайди ҳамда ҳаёт қийинчиликларига бардошли бўлишни ўрганади.

         Мен ҳамиша ишдан бўш вақтларимда, касбим билан боғлиқ стресс ҳолатларида ва зериккан пайтларимда бадиий китоб ўқиш билан машғул бўламан. Ушбу кунларда мен Миркарим Осимнинг “Зулмат ичра нур” тарихий қиссасини ўқиб тугатдим.

         Мен бирор бир тарихий асарни ўқишни бошлаганимда, аввало воқеалар ривожи билан бирга ўша даврдаги халқнинг турмуш тарзи, яшаш шароити, уларнинг ҳуқуқлари, подшоҳларнинг одиллиги ва давлатда адолатнинг қай даражада ўрнатилганлигига эътиборимни қаратаман.

         Зеро, алломалар айтганидек, “Ўз тарихини билмаганнинг келажаги йўқ” деган ақидага амал қиламан.

          “Зулмат ичра нур” тарихий қиссаси Амир Темур вафотидан сўнг темурийзодаларнинг тожу-тахт учун кураши, улар ўртасидаги адоват ҳамда  Ҳусайн Бойқаро подшоҳлиги даврида давлат ишларининг бошқарилиши, буюк мутафаккир Алишер Навоийнинг ҳаётий кечинмалари, ҳалқнинг фаровонлиги йўлида ҳамда адолатсизликка қарши олиб борган сиёсати тасвирланган.

         Навоийнинг халқ фаровонлиги ва мамлакатда тинчлик ўрнатиш йўлида ўз жонини қанчалик тахликага қўйганлигини кўришимиз мумкин. Бирор бир ҳолатда ижобий натижага эришган пайтда, ўқиш жараёнида “мана адолат ўрнатилибдику” деган хулоса қилиниб улгурмасиданоқ, яна бир фитнанинг гувоҳи бўласиз.

         Қиссада Алишер Навоийнинг тўрт яшар бўлган пайтидаёқ илмга қизиқиши, катталар томонидан ҳар бир айтилган гапга эътибор билан муносабат билдириши, шу ёшидаёқ ақл ва заковатни ишлатиши китобхонни лол қолдирмасдан иложи йўқ албатта.

         Тахт учун жангу жадаллар авж олган патда Навоийнинг оиласи учун Ҳиротда қолиш хатарли бўлиб қолганда улар ғарбий Эронга кўчиб кетишади. У ерда уч йилча тургандан сўнг, яна Ҳирот томон карвонда қайтиб келаётганларида, тунги пайтда от устида бораётган Алишерни уйқу босиб, у миниб ўтирган от карвондан орқада қола бошлайди. Ҳаммани мудроқ босганидан Алишернинг ҳолига ҳеч ким эътибор бермайди. Тонг пайтида Алишернинг оти нимадандир ҳуркиб кетиб, уни йиқитиб юборади ва ўзи эса боши оққан томонга қочиб кетади. Алишер гуп этиб қум устига тушадида, бепоён чўлда ўзи ёлғиз қолиб кетганлигини сезади. У жуда қўрқиб, додлашни ҳам, йиғлашни ҳам билмай қолади ва ўрнидан туриб, атрофни кузатади. Шунда у ўзини йўқотмасдан отасидан, Ироқ вилояти – кун ботиш томонда, Ҳирот – кун қичишда, деган гапини ёдга олади. Алишер ақлини ишлатиб, кун ёришиб келаётган томонга қараб кетаверади. Бепоён чўл кимсасиз ва қўрқинчли бўлишига қарамай, ташналикни ҳам енгиб мақсад сари одим қадамлар ташлаб кетаверади. Орадан анча вақт ўтганидан сўнг, Алишернинг ота-онаси унинг йўқолиб қолганлигини билиб, қидиришга тушишади. Алишернинг ақл заковатини ишлатганлиги уни тўғри йўлдан олиб бориб, отаси томонидан топилишига имкон яратади.

         Навоийнинг ёшлигида ҳам зеҳнли эканлиги ва ҳар қандай вазиятда қўрқувни енгиб хулоса чиқаришига қойил қолмасдан иложимиз йўқ.

         Алишер Навоий ниҳоятда очиқкўнгил ва саховатпеша инсон сифатида улғайиб бошлайди. Йиллар ўтиб, Ҳирот тахтида ўтирган Абу Саиднинг Мирзабек исмли ёш аскарбошига мулозим бўлиб ишга ёлланади. Хуросон тахти учун бўлган жангларда, Мирзабек жангда ғалаба қозониб қайтиб, Алишерга жанг тафсилотларини гапириб бераётганда, ташқаридан бир хабарчи келиб, икки бандини олиб келганлигини билдиради. Қоида бўйича ғалабадан сўнг асир олинган аскарлар барчага иккитадан бўлиб берилиб, уларнинг калласи подшоҳга юборилар экан. Шунда Мирзабек билан Навоий ташқарига чиқиб, қуролли соқчилар ёнида турган, кийимлари ечиб олинган икки асирни кўришади. Хабарчи иккала асирнинг калласини ҳукмдорга юбориш кераклигини яна бир бор уқтириб, отига миниб кетади. Навоий, калласи олиниши керак бўлган йигитларга ачиниб, уларни қутқариш йўлларини қидира бошлайди. Шунда Мирзабекка бу икки бандини ўлдириб, барака топмасликни, жангда одам ўлдириш бошқа эканлигини, жангда душманни ўлдирмаса, ўзини ўлдириши мумкинлигини, лекин қурол-яроқсиз асирларни ўлдириш гуноҳ эканлигини таъкидлайди. Мирзабек буни қандай ҳал қилишни сўраганида, Навоий узоқдаги бир чинорни кўрсатиб, ўша ерда ўқ еб ўлган аскарларни кўрганлигини, уларнинг калласи бутун эканлигини, асирларнинг ўрнига ўлганларнинг калласини олиб юборишни тавсия қилади. Мирзабек бунга рози бўлиб, Навоийнинг айтганини қилади ва асирларни озод этиб ўз юртига жўнатиб юборади.

Алишер подшоҳнинг фармонини ерда қолдириш ўлим билан баробар эканлигини билсада, ундаги инсонийлик қўрқувдан ҳам устун келиб, икки инсон ҳаётини сақлаб қолишга эришади.

Замоннинг нотинчлиги улуғ мутафаккирнинг эркин ижод йўлидан боришига ҳамиша тўсқинлик қилиб келган.

Жангу жадалларда Ҳусайн Бойқаро ғолиб бўлиб, Хуросон тахтини эгаллаганидан сўнг, Навоийни ҳузурига чақиради ва уни давлатни бошқариш  ишига жалб қилмоқчилигини айтади. Навоий бунга ўз эътирозини билдириб, Ҳусайн Бойқарога тахтни олишда бўлган жангларда иштирок этмаганлигини, бу борада унга кўмаклашмаганлигини айтиб, подшоҳнинг илтимосини рад этади. Подшоҳ Ҳусайн Бойқаро унинг гапларини инобатга олиб, бошқа бир лавозим беради. Шундай бўлсада, Навоий муҳрдор лавозимига ўтирганидан сўнг, “ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир бўлганлар” деб, шаънига тош отиб юрганлар топилаверди. Алишер Навоий бундайларга жавобан “тош билан отганларга ош билан от” қабилида иш тутиб юраверди. Аксинча, унга ёмонлик қилаётганларга очиқчасига яхшилик қилишни канда қилмайди.

Бир куни Навоий саройга келганида унга ёмонлик ниятида бўлган Хусайн Бойқаронинг мулозимларидан ҳисобланган Ислом Барлос Навоийни учратиб, “Мен нодон, сизнинг қадрингизни билмаган эканман, яхшиликка яхшилик ҳар кишининг илкидин (қўлидан) келадур, аммо ёмонликка яхшилик сиздек олижаноб, эр кишининг илкидин келадур, мен ўлар-ўлгунимча сизнинг содиқ қулингизмен” дейди.

Шоир мана шундай ҳаракатлари билан ҳар қандай ёмонликка ёмонлик билан эмас, яхшилик қилиб ижобий натижага эришиш ва уни енгиш мумкинлигини кўрсатиб беради.

Ҳар қайси замонда ёмонлик уруғини сочувчилар ва бировнинг эзгуликларини кўра олмайдиган шахслар топилганидек, Алишер замонида Ҳусайн Бойқаронинг яна бир мулозими Мажидиддин ҳамиша фитналар уюштириб, Алишерни подшоҳдан узоқлаштириш пайида юрар эди. Чунки, Алишернинг ақлли, фаросатли эканлиги, ночор аҳволдаги халқни ўйлаши, халқнинг гарданидаги солиқ юкини камайтириш чораларини кўриши унга ёқмас эди. Чунки, Мажидиддин ва унга ўхшаган нобакорлар халқ манфаатидан ўз манфаатини устун қўяр, юртнинг истиқболидан кўра ўз ҳамёнини ўйлар эди.

Ваоланки, Мажидиддин ўз сўзида, “Алишер бошқача одам. Ул деҳқончиликдин зўр даромад олиб, кундан кун бойимоқда. Хизмати эвазига подшоҳ анга суюрғол қилғон қишлоқларда зироатчилик ривож топмоқда. Алишер ақлли одам. От-улови йўқ деҳқонга от сотуб олиб берадур, уруғлик берадур. Албатта, деҳқон миннатдор бўлиб, яхшиликни икки ҳисса қилиб қайтарадур. Ақлли одам. Аммо ул доғи давлат ишларида улуғ хатоға йўл қўйди. Юртни, халқни ўйлаб, сарой талабларини унутди. Хазинага тушган ярмоқнинг кўпини карвонсаройлар, работлар, ҳаммомлар, кўприклар қурмоқ, анҳор-ариқлар қазимоқ учун сарф қилди. Ҳозирғи дамда давлат хазинасида сичқонлар асо таяниб юрадурлар. Подшоҳ ва шаҳзодаларнинг харожати-зиёфат, чоғир мажлислари учун ярмоқ йўқ” деб, холбуки, Навоий қилаётган ишлар давлатнинг юксалиши, халқнинг фаровонлиги йўлида бўлсада, унинг ўзи шу давлатнинг юқори лавозимларида ишласада, разиллик йўлидан қайтмайди.

Мана шундай кўпгина маломатлар ва ёмонлашлар билан Алишер “Астрободга” ҳоким қилиб жўнатилади. УАстрободда асосий эътиборни халқни яхши яшашига қаратиб, уларни арзини тинглаб, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни иложи борича ҳал қилишга ҳаракат қилади.

Бир куни, тушдан кейин арзгўйларнинг шикоятини тинглаб турган вақтда, елкасига катта ямоқ тушган бўз яктакли, новча, рангпар бир йигит кириб келади. Шунда у Навоийнинг ўнг томонидан ўтирган Хожа Шамшиддинга энгашиб таъзим қилади ва уни ҳоким деб ўйлаб бир арз билан келганлигиин билдиради.

Шунда Хожа Шамсиддин арзчига қараб, “Аҳмоқ, кўзинг кўрми? Алишербек жаноблари қаршингда ўтирибдиларку” деб ўшқиради. Деҳқонларни одам ўрнида кўрмайдиган девон бошлиғининг бу қўпол муомаласидан Навоий қаттиқ ранжийди. Шунда, бўз яктакли арзгўй Навоийга таъзим қиладида, девон соҳибига пичинг қилиб, “Кўзимиз кўр бўлмаса, шунча жабру ситамга чидаб ётармидик!” деб айтади. Девон соҳиби Хожа Шамшиддин бундан ғазабланиб кетади ва бақирмоқчи бўлганида Навоий “Майли арзингизни айтинг” деб, вазиятни юмшатади.

Арзномада деҳқонлар томонидан “Астробод вилоятининг ҳокими Алишербек жанобларига, Биз Саданрустоқ бўлуки Марямобод кент улуси бош уриб арз қилурмиз: бундан тўрт йил муқаддам қароқчилар кентимизни босиб, аҳолининг ярмидан кўпини банди қилиб олиб кетиб эрдилар. Аммо ижарадор ўлпончилар, кент аҳолисининг икки баравар камайганига қарамай, аввалги миқдорда бож-хирож олурлар. Ҳаммамиз хонавайрон бўлдик, далаларни ўт босиб кетди. Илтимос қилурмизким….” деб, ўзларни оғир аҳволга тушиб қолганлари баён қилинган эди.

Навоий узундан-узоқ бўлган бу арзномага қулоқ солиб, унинг юзлари кўланка босиб, кўзларига ғам чўкади. Содда тил билан ёзилган бу аризада ноҳақ эзилган халқнинг фарёди битилган эди. Навоий аризачидан, шаҳарда аввал неча хонадон бўлганлигини, қароқчилар босқинидан сўнг нечта хонадон қолганлигини суриштириб, тўқсон уйлик хонадондан икки юзлик хонадоннинг солиғи ундириб келинаётганлигини аниқлайди. Шоир буларни этишиб, бош чайқаб, уҳ тортади ва мамлакатнинг ҳар бир бурчагида шундай ноҳақликлар юз бераётганлигини уйлайди. Алишер Навоий аризачи айтган манзилни бож-хирожлари ким томонидан йиғилаётганлигини, агар арзномада битилган гаплар тўғри бўлса, у золимларга жазо бериш кераклигини, тоинки бу жазо бошқа золимларга ҳам ибрат бўлишини тайинлайди. Девонхона раҳбари Марямобод кенти жамоасининг аризасини текшириб, унда баён қилинган воқеаларнинг тўғри эканлигини аниқлайди. Навоий халққа зулм қилувчи амалдорларни кўришга кўзи йўқ эди. У ғазабга келиб, хирож йиғувчилар Аҳмадали ва Муҳсинбек эканлигини аниқлайди. Шунда Аҳмадалини ишдан бўшатиш ва бутун мол-мулкини хазина фойдасига мусодара қилиш тўғрисида буйруқ беради. Муҳсинбекни эса ялонғоч баданига ўн беш таёқ урдириб, Астробод вилоятидан бадарға қилдиради. Зулмдан азият чеккан Марямобод кенти аҳлига иноятнома берилиб, икки йилгача бож-хирождан озод этилади. Мана шу воқеадан сўнг амалдорлар, ижарадорлар нафсларини тийиб, ҳар қадамларини ўлчаб босадиган бўлиб қоладилар.

Навоий ўз қирғоғидан чиқиб мамлакатни босган зулм-ваҳшат дарёсини қамчи билан уриб, ўз соҳилига чекинтириш мумкин эмаслигини яхши биларди. Лекин қўлидан келгунича меҳнат аҳлига ёрдам қилиб, унинг устидаги зулм юкини енгиллаштиришга бор кучи билан уринарди. Фақир-фуқаролар ҳам унинг бу ниятини билиб, ҳар қадамда унга миннатдорчилик билдирардилар.

Бир куни Навоий Ҳиротда ўзининг боғида ижод ишлари билан банд бўлиб турган вақтда, Балк туман ҳокими ҳисобланган укаси Дарвишалидан хабарчи келганлигини эшитиб, уни қабул қилади. Дарвишали хабарчи билан бир мактуб йўллаб, Ҳисор ҳокими томонидан Ҳусайн Бойқарога қарши исён бошланганлигини, у ҳам ушбу исёнда иштирок этмоқчи эканлигини, бунда акасининг фикрини билмоқчи эканлигини билдиради. Шунда Навоий ўзи замондан жабрдийда бўлиб турган бўлсада, “Халқнинг тинчлигини, мамлакат манфаатини мен ўз нафсимдан устун қўйдим, шул сабабдин бу ишни қилмадим, Мен сизларнинг бул номаъқул ишингизни ёқламайдурмен. Сиз шуни яхши билингки, ҳозирғи пайтда подшоўга қарши исён кўтармоқ ўзи шундоғ ҳам азоб ичида кун кечираётган халқнинг тинчлигини бузмоқ демакдур. Сиз қўзғалсангиз…, мамлакат яна қонга беланиб, улуснинг осойишталиги бузулғусидир. Бир золим ўрнига ўнлаб золимлар халқ бошида ёнғоқ чақмоққа бошлайдурлар” деб ўзининг кескин фикрларини айтади ва укасини бу йўлдан қайтаради.

Алишер Навоий мамлакатда жуда катта обрў эътиборга эга бўлиб, халқ подшоҳдан зулм кўраётган бўлсада, уларни Хусайн Бойқарога қарши қайрамас эди. Подшоҳга қарши қилинган исённи Ватанга хиёнат ва ўз ҳалқига қилинган зулм деб билар эди.

Муҳтарам Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат замирида ҳам халқни дардини эшитиш, уларнинг дарди билан яшаш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш борасида керак бўлса ўз ҳаловатимиздан ҳам кечиш кераклигини таъкидлашлари бежизга эмас. “Биз қачонки халқимизни рози қилсаккина уйлаган мақсадимизга эришган бўламиз”.

Китобхон ушбу қиссани ўқиганда, халқ фаровонлиги, Ватан равнақи йўлида ўз ҳиссасини қўшиши лозимлигини, Юртбошимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг давомчилари бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўяди, албатта.

Жиноят ишлари бўйича

Қоровулбозор туман суди раиси                                          Ж.Тожиев

Ўйланмасдан қилинган ишнинг оқибати жиноят бўлди

Фуқаро Р.С. қасддан жиноят содир этиш йўлига кириб, 2023 йил февраль ойида Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрига ишлаш мақсадида бориб, у ерда ишлаши ва Интернет тармоғидан фойдаланиши давомида, 2023 йилнинг тахминан ноябрь ойларида “Ҳизб ут-Таҳрир ал-Ислами” диний экстремистик ташкилоти фаол аъзоларидан бири бўлган “Telegram” мессенжеридаги дастлабки терговда аниқланмаган “A.M.”номли профиль эгасининг таъсирига тушиб, мунтазам равишда уларнинг мутаассиблик ҳамда ақидапарастлик мазмунидаги материалларини томоша қилиб ва уларни қўллаб-қувватлаб, ўзининг “Telegram” мессенжерида очилган “Sunnat”, “Muslim”ва“R.Sunnat_777_” профиллари орқали “Ҳизб ут-Таҳрир ал-Ислами” ДЭТнинг “Чойхона №1”, “UZ Portal 24/7” номли “виртуал гуруҳлари”га аъзо бўлиб, ташкилот тарафдорлари билан диний мазмунда муҳокамалар олиб борган.

Р.С.нинг фойдаланувида бўлган “TECNO SPARK 10C” IMEI-1 №350284581565500, IMEI-2 №350284851565518 русумли уяли алоқа воситаси кўздан кечирилганда унга ўрнатилган сим-карта ёрдамида, Интернет жаҳон ахборот тармоғининг “Telegram” мессенжерида расмийлаштирилган “Sunnat”номли профили орқали “A.M.”номли профиль фойдаланувчисига 2024 йил
5 март куни соат 13:14.да Рашод қори Камаловнинг “Халифанинг менга керак эмас деган одам…” сўзлари билан бошланган ва мазмуни ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган 1 дақиқа 39 сониялик видео материални юбориш, шунингдек, “Nasheed_Rlyadul”, “Nasheed_Rlyadul_ Bizni_topolmaysiz_Siz_ o`sha_kunlar”, Nasheed_Rlyadul_Hijrat”“Nasheed_Rlyadul_ Rozi_bo`lingiz”, “Nasheed_Rlyadul_ Xor_bo`ladi” ва“Nasheed_ Rlyadul_ To`htamas” номли маърузаларни “Instagram” ижтимоий тармоғидаги ўзининг “Islomi_sherlar” номли профилига жойлаштириш орқали тарқатган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2025 йил 9 январь кунги IH-019-сонли диншунослик экспертизаси хулосасига кўра, фуқаро Р.С. томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғидан ўзининг “Islomi_sherlar” номли профилига жойлаштириш орқали тарқатган “Nasheed_Rlyadul”, “Nasheed_Rlyadul_Bizni_topolmaysiz_ Siz_o`sha_kunlar”, “Nasheed_Rlyadul_Hijrat” “Nasheed_Rlyadul_ Rozi_bo`lingiz”, “Nasheed_Rlyadul_Sen_ ila_ko_paysin_mujohid soni”, “Nasheed_Rlyadul_Xor_ bo`ladi” ва “Nasheed_Rlyadul_To`htamas” номли диний материаллардаги маълумотлар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилганлиги аниқланган.

Мазкур иш 2025 йил 21 август кунида жиноят ишлари бўйича Қоровулбозор туман судида кўриб чиқилиб, судланувчи Р.С. Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2441-моддаси 3-қисми ва 2442-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унга узил-кесил 3 /уч/ йил 6 /олти/ ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мана шу ўйланмасдан қилинган ҳаракатлар натижасида ҳали оила қуришга ҳам улгурмаган Р.С. энди маълум муддатга панжара ортида ўтиришга мажбур бўлади. 

Суд раиси                                                                            Ж.Тожиев

КЎЗА КУНДА ЭМАС, КУНИДА СИНАДИ

Эркин яшаш бахти инсонга инъом этилган энг олий бахтдир. Умрни мақсадли яшаб ўтиш ҳар кимнинг ўзига, ақлига, маънавиятига, одобига боғлиқдир.

Судланувчи Пулатов Эркин Эшпулатович (исм шарифи ўзгартирилган) эса ўзининг гулдек ҳаётини гўёки тўполон билан оқаётган дарёга ўзи қўли билан ғарқ қилганлар тоифасига мансуб десак ҳеч муболағаси йўқ.

Гап шундаки, судланувчи Э.Пулатов 2024 йил 22 сентябрь куни кеч соат 23:00 ларда спиртли ичимлик истеъмол қилган маст ҳолатда ўзи яшаб келаётган Когон туман “Ниёз ҳожи” МФЙ, “Ганчкаш” қишлоғида Мурадов Ўткир Турсунович (исм шарифи ўзгартирилган) билан ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб, жанжал вақтида совуқ қурол сифатида фойдаланиши мумкин бўлган ошхона пичоғи билан Ў.Мурадовни қорин олди соҳасидан қасддан уриб, унга қасддан баданга оғир шикаст етказган.

Пичоқнинг ўткир тиғи Ў.Мурадовни қорин олди соҳасига уриб суққанлиги, сўнгра ИИБ ходимлари етиб келиб, уни Когон шаҳар тиббиёт бирлашмасига олиб кетишганлигини билдирган.

Судланувчи Э.Пулатов судда Ў.Мурадов билан ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб қолганлигини, жанжал вақтида ошхона пичоғи билан Ў.Мурадовни қорин олди соҳасидан қасддан уриб, унга оғир шикаст етказганлигини, қилмишидан пушаймондалигини, жабрланувчи Ў.Мурадовга етказилган зарарни тўлиқ қоплаб берганлигини, унга нисбатан жабрланувчининг даъвоси йўқлигини, қонуний енгиллик беришни сўраган.

Судланувчи Пулатов Эркин Эшпулатович Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 104-моддаси 2-қисмининг “л” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга шу модда билан ЖКнинг
57-моддасини қўллаб 4 (тўрт) йил 6 (олти) ой озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

ҚОСИМ ХОЛОВ

Жиноят ишлари бўйича Когон туман судининг раиси

Перейти к содержимому