ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА ТЎЛОВГА ҚОБИЛИЯТСИЗЛИК ТЎҒРИСИДАГИ ИШЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ: ҚОНУН НОРМАЛАРИ ВА ПЛЕНУМ ҚАРОРИ АСОСИДАГИ ТАҲЛИЛ

«Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг иқтисодий судларда қўлланилиши замонавий ҳуқуқий тизимда долзарб масалалардан бири бўлиб ҳисобланади. Қонун 2021 йилда қабул қилинган бўлиб, у орқали юридик ва жисмоний шахслар, шу жумладан якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлик ҳолатларини ҳуқуқий тартибга солиш белгиланган. Бироқ, Қонунни амалиётга татбиқ қилишда иқтисодий судлар бир қатор ҳуқуқий ва амалий муаммоларга дуч келган. Шу муносабат билан 2025 йил 23 июнда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми махсус қарор қабул қилди. Ушбу қарор қонун нормаларининг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш, суд амалиётида ягона ёндашувни шакллантириш ҳамда ҳуқуқий аниқликни оширишга қаратилган.

Ушбу Пленум қарорида биринчи навбатда Қонунни татбиқ этиш доираси аниқ белгилаб берилган. Жумладан, Қонун давлат муассасаларига ва нотижорат ташкилотларга нисбатан қўлланилмайди. Лекин ижтимоий фондлар ва матлубот кооперативлари шаклидаги юридик шахслар бундан мустасно қилиб белгиланган. Бу Қонун амалиётидаги кенг қамровли ёндашувларни қисқартириб, судлар учун юрисдикция масаласини аниқлашга ёрдам беради. Шунингдек, Қонун фақат тижорат характерига эга бўлган иқтисодий муносабатлар учун амал қилади, яъни бюджет ташкилотлари ва нотижорат фаолияти юритувчи субъектлар ундан мустасно этилади.

Қонунни татбиқ этишда ишни қайси суд кўриб чиқиши масаласи ҳам муҳим аҳамиятга эга. Қарздор юридик шахслар учун — уларнинг давлат рўйхатидан ўтган жойи, жисмоний шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар учун — яшаш жойи юрисдикция ҳисобланади. Пленум қарорида чет эллик шахсларга тегишли масалалар ҳам ёритилган. Жумладан, агар қарздор чет эл фуқароси бўлса, у яшаш жойига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ёки Тошкент шаҳар иқтисодий судига мурожаат қилиши лозим. Агар ариза нотўғри юрисдикцияга берилган бўлса, у қайтарилади. Суд томонидан иш қўзғатилгандан кейин қарздор яшаш жойини ўзгартирса, мазкур ҳолат ишни бошқа судга ўтказиш учун асос бўлади.

Қарздор, кредитор ёки манфаатдор шахслар тўловга қобилиятсизлик бўйича судга ариза бериш ҳуқуқига эгадир. Пленум қарорида қайд этилишича, солиқ ва божхона органлари, давлат бюджетига пул мажбуриятлари мавжуд бўлган корхоналар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ариза бериши мумкин. Лекин прокурор, нодавлат ташкилотлар ва бошқа шахслар ариза бериш ҳуқуқига эга эмас, бунга Қонун йўл қўймайди. Бундай ҳолатда ариза қайтарилиши ёки иш юритишга қабул қилинган ҳолда кўрмасдан қолдирилиши мумкин. Судлар, шунингдек, почта харажатларини ҳам ҳисобга олиши керак. Давлат органлари давлат божини тўлашдан озод этилган бўлса-да, почта харажатларини тўлаш мажбурияти улар учун ҳам сақланиб қолган.

Суд аризани қабул қилишда у билан бирга тақдим этилган ҳужжатларга эътибор қаратади. Уларнинг рўйхати Қонун ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексида кўрсатилган. Масалан, молиявий ҳисоботлар, қарздор муассисларининг йиғилиш баённомалари, кредиторлар рўйхати ва бошқалар. Агар ушбу ҳужжатлар етмаса, ариза қайтарилади. Агар ариза қарздор раҳбари томонидан берилаётган бўлса ва у Қонун билан мажбур қилинган бўлса, етишмаётган ҳужжатлар кейинчалик талаб қилиб олинади.

Кузатув таомили Қонунда белгиланган асосий босқичлардан биридир. У иш қўзғатилгандан кейин тўловга қобилиятсизлик масаласини таҳлил қилиш ва кейинги босқичлар — реабилитация ёки банкротликни белгилаш учун хизмат қилади. Судлар ариза билан бирга муваққат бошқарувчининг номзодини ҳам кўриб чиқади. Агар номзод кўрсатилмаган бўлса, суд аризачидан ёки бошқа манбалардан номзод таклиф этишни сўрайди. Бироқ, кузатув таомили жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилмайди.

Суд аризани иш юритишга қабул қилгандан кейин кредиторлар қарздорга нисбатан даъво билан алоҳида тартибда мурожаат қилишга ҳақли эмас. Бунда истиснолар бор — мулкий даъволар, маънавий зарар ёки жорий тўловлар бўйича даъволар. Бу кредиторлар ҳуқуқларини тизимлаштиришга ёрдам беради. Пленум қарорида шунингдек, кредиторлар йиғилиши ва унинг қарорларига нисбатан шикоят қилиш тартиби, уларнинг ҳақиқий эмас деб топилиши ҳолатлари ҳам баён этилган.

Пленум қарорида суд бошқарувчиси институти алоҳида ўрин эгаллайди. Суд бошқарувчиси бўлиб фақат махсус аттестациядан ўтган, тегишли лицензияга эга бўлган, камида икки йил тажрибаси бор шахслар тайинланиши мумкин. Суд бу маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги юритадиган реестр орқали олади. Суд бошқарувчиси нотўғри ҳаракат қилган тақдирда, у моддий жавобгарликка тортилиши мумкин. Шунингдек, агар у сохта тўловга қобилиятсизлик ҳолатларини яширган бўлса, у жавобгарликка тортилади ва бу ҳақда суд прокурорга хабарнома юборади.

Суд бошқарувчисининг вазифаларидан бири — сохта, яширин ёки қасддан тўловга қобилиятсизлик ҳолатларини аниқлашдан иборат. Бундай ҳолатлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган алоҳида қоидалар мавжуд. Мазкур қоидаларга кўра, қарздорнинг аризаси бўйича кузатув таомили вақтида муваққат бошқарувчи ушбу ҳолатлар мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида судга хулоса тақдим этиши керак. Агар жиноий аломатлар аниқланса, суд материалларни прокурорга юбориш орқали жиноят иши қўзғатилишини таъминлайди.

Суд ишни кўриб чиқишда унинг муддатларига ҳам эътибор қаратади. Қонунга кўра, ариза қабул қилинган кундан бошлаб икки ойдан ошмаган муддатда иш муҳокама қилинади. Алоҳида ҳолларда ушбу муддат бир ойгача узайтирилиши мумкин. Аммо мазкур муддатлар қарздор ҳозир бўлмаган ҳолларда банкрот деб эътироф этиш тўғрисидаги ишларга татбиқ этилмайди. Бу ҳолатларда бошқа процессуал қоидалар амал қилади.

Мақсад тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги муносабатларни шаффоф ва самарали тартибга солиш экан, ушбу соҳадаги ишларни судьялар томонидан тўғри ва адолатли кўриб чиқилиши муҳим аҳамиятга эгадир. Пленум қарорида батафсил баён этилган ҳар бир қоида судларнинг иш тажрибасини умумлаштиришга, нотўғри ёндашувларни бартараф этишга хизмат қилади. Шу билан бирга, бу қарор қарздорлар ва кредиторлар учун бир хил ҳуқуқий стандартларни белгилаб, судлар томонидан бир хилда талқин этилишини кафолатлайди.

Пленум қарори асосида суд амалиётида янги ёндашувлар шаклланиши кутилмоқда. Масалан, тўловга қобилиятсизлик жараёнида қарздорнинг ходимлари, муассислари ёки мулк эгалари ҳам ишда иштирок этувчи шахслар сифатида эътироф этилмоқда. Бу уларнинг манфаатларини ҳимоя қилади ва тўловга қобилиятсизлик жараёнидаги ҳуқуқий муносабатларда фаол иштирокини таъминлайди. Шунингдек, суд бошқарувчисини тайинлаш ва уни вазифасидан озод этиш масалаларида ҳам илгаригига нисбатан аниқроқ мезонлар белгиланмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Пленум қарори амалдаги Қонунни қўллашдаги ноаниқликларни бартараф этиш, судлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва барқарор ҳуқуқий муҳитни шакллантиришга қаратилган. Бу нафақат иқтисодий судлар, балки тадбиркорлар, инвесторлар ва кредиторлар учун ҳам муҳим ҳуқуқий кафолат ҳисобланади. Келгусида ушбу институтни ривожлантириш учун судьялар, суд бошқарувчилари ва манфаатдор шахсларнинг малакали тайёргарлиги, қонунчилик базасининг такомиллашуви ва рақамли технологиялардан фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади.

Когон туманлараро

иқтисодий суди раиси                                       Ф.Муродов

“Суд ислоҳотлари янги босқичда”

Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ислоҳотлар мамлакатда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, адолатли ва шаффоф суд тизимини яратиш мақсадида йўлга қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган бу жараён янги босқичга кўтарилди.

Суд ислоҳотларининг янги босқичи қуйидаги асосий йўналишларни қамраб олади.

1. Судлар мустақиллигини таъминлаш Судьяларни танлаш ва тайинлаш жараёнлари шаффофлаштирилди. Судьялар селекция комиссияси фаолиятини кучайтириш орқали профессионал ва ҳалол кадрлар танлаб олинмоқда.

2. Судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофлик Суд мажлисларининг онлайн тарзда эфирга узатилиши, суд қарорларининг электрон базаларда очиқ жойлаштирилиши жамоатчилик назоратини кучайтирди.

3. Фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш Судга мурожаат қилиш имкониятлари кенгайтирилди. Аризаларни онлайн қабул қилиш, электрон одил судлов тизими жорий этилди.

4. Суд-тергов фаолиятида инсон ҳуқуқлари устуворлиги Конституциявий ислоҳотлар доирасида “ҳибсга олиш” фақат суд орқали амалга оширилиши белгиланди. Айбловсиз жазолаш амалиётига чек қўйилди.

5. Мамлакатда халқаро стандартларга мос тизим шаклланмоқда Ўзбекистон Халқаро ҳуқуқ ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириб, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро талабларга жавоб берадиган суд тизимини шакллантирмоқда. Амалдаги ютуқлар ва натижалар Сўнгги беш йилда суд тизимидаги ислоҳотлар туфайли қатор ижобий ўзгаришлар кузатилди:

2023 йилда фуқароларнинг судларга мурожаатлари 1,5 баробарга ошгани — одамлар судларга ишонч билдиришини кўрсатади. Судларда қарорларни бекор қилиш ҳолатлари камайди — бу эса судьялар малакаси ошганини англатади. Янги суд бинолари ва замонавий ахборот технологиялари жорий этилди. Жиноят ишлари бўйича судлар адолатли қарор қабул қилишга катта эътибор қаратаётгани кузатилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда суд ислоҳотлари Ўзбекистонда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жамиятда адолатлиликни таъминлаш, демократик давлат қуришнинг асосий шартларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Янги босқичда бу ислоҳотлар фақат шаклан эмас, мазмунан ҳам чуқурлашмоқда. Ислоҳотларнинг узвий ва тизимли амалга оширилиши мамлакатнинг тараққиётига хизмат қилмоқда ва “Адолат — жамият таянчи” эканини амалда исботлаб бермоқда.

Бухоро вилоят суди

иқтисодий ишлар бўйича

судлов ҳайъати судьяси                                                                О.Қўлдошов

Иқтисодий судлар — иқтисодиётимиз чораҳаси

Бугунги кунда бозор муносабатларини янада эркинлаштириш, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва инвестиция муҳитини яхшилаш — иқтисодиётимизнинг стратегик йўналишларидан бири ҳисобланади. Бу жараёнда адолатли ва самарали суд тизимининг, айниқса, иқтисодий судларнинг роли беқиёс. Иқтисодий судлар фақат низоларни ҳал қилиш билан чекланмайди, балки иқтисодиётни ҳимоя қиладиган, фаолият учун ишонч муҳитини яратадиган тизимга айланган.

Жумладан иқтисодий судлар, асосан: Хўжалик субъектлари ўртасидаги шартнома низолари; Солиқ, божхона ва молиявий низолар; Банкротлик ишлари; Давлат органлари ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳуқуқий низолар; Мулкий даъволар ва бошқа иқтисодий ишларда адолатни таъминлаш билан шуғулланади. Ушбу ваколатлар орқали улар нафақат қонун устуворлигини таъминлайди, балки иқтисодий фаолият иштирокчиларининг манфаатларини ҳимоя қилади. Иқтисодий судлар нега иқтисодиётимиз чораҳаси?

1. Инвесторлар учун кафолат ва ишонч Инвесторлар учун асосий талаблардан бири — уларнинг ҳуқуқлари ва сармояларини ҳимоя қилиш тизими мавжуд бўлиши. Иқтисодий судлар мустақил ва адолатли фаолият юритса, хорижий ва маҳаллий инвесторлар учун ишончли муҳит яратилади.

2. Хусусий секторни ҳимоя қилиш Бозор иқтисодиётининг асосий устуни — хусусий мулк ва тадбиркорликдир. Хусусий сектор ўз фаолиятида давлат органлари ёки бошқа корхоналар билан юзага келган низоларда ҳуқуқий ҳимояга муҳтож. Иқтисодий судлар ушбу эҳтиёжга жавоб беради.

3. Коррупцияга қарши восита иқтисодий судлар очиқ ва шаффоф иш юритса, кўплаб ноқонуний ҳаракатлар, айниқса давлат харидлари, тендерлар ва лицензиялаш соҳаларидаги суистеъмолларни чеклашга ёрдам беради.

4. Банкротлик орқали соҳа тозалиги самарасиз корхоналарни тартибли банкротлик орқали бозордан чиқариш ва уларнинг мажбуриятларини адолатли ҳал этиш орқали умумий бозор муҳити тозаланади. Бу эса соғлом рақобатни таъминлайди.

5. Тезкор ва самарали ҳал этиш механизми иқтисодий судлар мураккаб молиявий низоларни етарлича малакали ва тезкор ҳал қилиш имконига эга.

Бу эса тадбиркорларнинг вақтини ва ресурсларини тежайди. Нима қилиш керак? Иқтисодий судлар ўз вазифасини тўлиқ бажариши учун қуйидаги йўналишлар устувор аҳамият касб этади:

Судьяларнинг малакаси ва адолатлилиги устидан қатъий назорат;

Суд қарорларининг очиқлигини таъминлаш;

Суд ишларини электрон шаклда юритиш тизимини янада ривожлантириш;

Тадбиркорлар орасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш;

Коррупцияга қарши курашни қатъийлаштириш.

Хулоса қилиб айтганда айтганда, иқтисодий судлар — иқтисодиётимиз учун ҳуқуқий таянч ва кафолат манбаи ҳисобланади. Улар иқтисодий фаолиятнинг тинимсиз ҳаракатда бўлиши, инвесторлар ишончи мустаҳкамланиши ва хусусий секторнинг фаол ривожланиши учун зарур шароитни яратади. Шу боис, иқтисодий судларни ривожлантириш — иқтисодий ислоҳотларнинг ажралмас қисми, иқтисодиётимизнинг чораҳаси сифатида қаралиши керак.

Бухоро вилоят судининг

иқтисодий ишлар бўйича

судлов ҳайъати судьяси                                                                                         О.Қўлдошов

Iqtisodiy sudlarda muayyan moddiy-huquqiy nizo

Ma’lumki, iqtisodiy sudlarga ish bo‘yicha taraflar muayyan moddiy-huquqiy nizo yuzasidan murojaat qiladi va ayni shu nizo bo‘yicha taraflar bir-birlariga nisbatan sudda o‘z huquq va manfaatlarini himoya qiladi. Mavjud nizo bo‘yicha iqtisodiy ish sud tomonidan hal qiluv qarorini qabul qilish bilan yakunlanishi yoki taraflar o‘rtasida kelishuvga erishish munosabati bilan o‘z nihoyasiga yetishi mumkin.

Tadbirkorlik sub’ektlari uchun nizolarning sudlar tomonidan qanchalik tez qonuniy va adolatli hal etib berilishi ular uchun har tomonlama manfaatli hisoblanishi hech kimga sir emas. Xuddi shu maqsadda bugungi kunga kelib amaldagi protsessual qonunchiligimizda nizolarni sud tomonidan hal etishning tezkor jarayonlaridan biri sifatida taraflar o‘zaro kelishuv bitimini tuzishga imkoniyat yaratilganini ta’kidlashimiz joiz.

Darhaqiqat, kelishuv bitimi yoki mediativ kelishuvni tuzish sud jarayonini soddalashtirish, uni tezroq yakunlash orqali muammolarni hal etishning samarali usuli sifatida namoyon bo‘lmoqda.

Iqtisodiy sudlarda muayyan iqtisodiy ishni ko‘rib chiqish jarayonida har doim taraflarning huquq va manfaatlaridan kelib chiqib, sud tomonidan ularga nizolarni o‘zaro kelishuv yo‘li bilan hal etishlariga imkoniyat yaratib beriladi. Xususan, O‘zbekiston Respublikasi Iqtisodiy protsessual kodeksining 163-moddasining birinchi qismi 8-bandida sudya ishni sud muhokamasiga tayyorlash chog‘ida taraflarni kelishtirish choralarini ko‘rishi belgilangan.

Taraflar o‘zaro kelishuvga erishishlarining hosilasi sifatida kelishuv bitimi tuzishlari mumkin. O‘zbekiston Respublikasi Iqtisodiy protsessual kodeksining 131-moddasi mazmuniga ko‘ra kelishuv bitimi iqtisodiy sud ishlarini yuritishning har qanday bosqichida tuzilishiga imkoniyat yaratilgan. Sud ish yurituvining har qanday bosqichida kelishuv bitimi tuzilishiga yo‘l qo‘yilishi yuqorida ta’kidlaganimizdek taraflar nizolarni o‘zaro kelishish orqali hal etishlariga imkoniyat yaratilganligi deb tushunish mumkin.

Eng asosiysi, yarashtirish tartib-taomili har qanday iqtisodiy nizoni hal qilishning taraflar uchun samarali mexanizmi ekanligi o‘z isbotini topgan. Yarashtirish-tartib-taomili qo‘llanganda taraflar o‘rtasidagi hamkorlik munosabatlari, kelgusida yana birgalikda iqtisodiy munosabatlarni davom ettirish imkoniyatlari hamda boshqa motivlar asosida kelishuvga erishish imkoniyatlari saqlanib qoladi.

Iqtisodiy sudlar tomonidan hal etiladigan iqtisodiy ish sifatida to‘lovga qobiliyatsizlik bilan bog‘liq ishlar alohida ahamiyat kasb etadi. Bunday nizolarni hal etishda asosiy e’tibor protsessual qonun talablari bilan birgalikda O‘zbekiston Respublikasining “To‘lovga qobiliyatsizlik to‘g‘risida”gi qonuniga ham qaratiladi. Alohida toifa sifatida e’tirof etiladigan to‘lovga qobiliyatsizlik ishlari doirasida ham ishni kelishuv bitimi tuzish orqali hal etilishi mumkinmi degan masalaga to‘xtalsak.

To‘lovga qobiliyatsizlik to‘g‘risidagi ishlarda ham taraflar kelishuv bitimini tuzish orqali nizoni hal etishlari mumkin.
O‘zbekiston Respublikasining “To‘lovga qobiliyatsizlik to‘g‘risida”gi qonunining 161-moddasida qarzdor va kreditorlar sud tomonidan to‘lovga qobiliyatsizlik to‘g‘risidagi ishni ko‘rib chiqishning har qanday bosqichida kelishuv bitimini tuzishga haqli ekanligi belgilangan. Kreditorlar nomidan kelishuv bitimini tuzish haqidagi qaror kreditorlar yig‘ilishi tomonidan qabul qilinadi. Kelishuv bitimi qarzdor nomidan tegishincha qarzdor yakka tartibdagi tadbirkor yoki qarzdorning rahbari, tashqi boshqaruvchi, tugatish boshqaruvchisi yoxud moliyaviy boshqaruvchi tomonidan tuziladi.

To‘lovga qobiliyatsizlik ishi doirasida kelishuv bitimini tuzishda da’vo tartibidagi boshqa ishlarda kelishuv bitimining tuzilishida bir qator jihatlari bilan farqlanadi. Xususan, to‘lovga qobiliyatsizlik ishi doirasida kelishuv bitimini tuzish uchun sud xarajatlari, sud boshqaruvchilariga haq to‘lash bilan bog‘liq xarajatlar, joriy kommunal va foydalanish to‘lovlari, qarzdorning mol-mulkini sug‘urta qilish xarajatlari, shuningdek, qarzdorning to‘lovga qobiliyatsizlik to‘g‘risida ish qo‘zg‘atilganidan keyin yuzaga kelgan joriy to‘lov majburiyatlari bo‘yicha talablar hamda fuqaroning hayotiga yoki sog‘lig‘iga zarar yetkazilganligi uchun shu fuqaroning talablari qanoatlantirilishi hamda ish haqini to‘lash uchun pul mablag‘lari berilishini nazarda tutuvchi to‘lov hujjatlariga doir talablar qanoatlantirilganidan keyin sud tomonidan tasdiqlanishi mumkin.

Mazkur talablarning bajarilmasligi sud tomonidan kelishuv bitimini tasdiqlashni rad etilishiga olib kelishi mumkin.
Lekin, iqtisodiy sudlar tomonidan ko‘riladigan boshqa da’vo tartibidagi ishlar bo‘yicha tuziladigan kelishuv bitimlaridan oldindan ma’lum bir xarajatlarni qoplanishi talab etilmaydi va u qonun hujjatlari talablariga zid bo‘lmasa, boshqa shaxslarning huquq va manfaatlariga daxl etmasa hamda shart asosida tuzilgan bo‘lmasa kelishuv bitimi tasdiqlanishi mumkin.

To‘lovga qobiliyatsizlik ishi doirasida kelishuv bitimi tuzilishini o‘ziga xos jihatlaridan biri sifatida demak, yuqorida ta’kidlangan ma’lum bir xarajatlar oldindan to‘lanishi bilan bog‘liq talablarning mavjudligi deb e’tirof etishimiz mumkin.

To‘lovga qobiliyatsizlik ishi doirasida kelishuv bitimini tasdiqlashning yana bir o‘ziga xos jihati, bu uning sudga taqdim etish muddati bilan bog‘liqdir. Ya’ni qarzdor, tashqi boshqaruvchi yoki tugatish boshqaruvchisi kelishuv bitimi imzolangan paytdan e’tiboran besh kun ichida sudga kelishuv bitimini tasdiqlash to‘g‘risidagi arizani taqdim etishi kerak.

Qonunchilik bu turdagi kelishuv bitimini tasdiqlash uchun arizaga ilova qilinadigan hujjatlar ro‘yxatini ham qat’iy qilib belgilagan. Bu ham mazkur toifadagi ishlar bo‘yicha kelishuv bitimini tuzishning yana bir o‘ziga xos xususiyatini anglatadi.

Bu toifadagi ishlar bo‘yicha kelishuv bitimining yana bir o‘ziga xos xususiyati kelishuv bitimining sud tomonidan haqiqiy emas deb topilishi bilan bog‘liq protsessual jihatlaridir. Agar kelishuv bitimi ayrim kreditorlar uchun afzalliklar berilishini yoki ayrim kreditorlarning huquqlari va qonuniy manfaatlari kamsitilishini nazarda tutuvchi shartlarni o‘z ichiga olgan bo‘lsa yoki bitimlar haqiqiy emasligining qonunchilikda nazarda tutilgan boshqa asoslari mavjud bo‘lganda sud tomonidan tuzilgan kelishuv bitimi haqiqiy emas deb topilishi mumkin.

Tadbirkorlik sub’ekti o‘zining faoliyati jarayonida iqtisodiy jihatdan ma’lum bir qiyinchiliklarga duch kelib, natijada bankrotlik darajasigacha yetib kelsa, bu holat mazkur sub’ekt uchun faoliyatining o‘z nihoyasiga yetganini anglatmaydi. Aksincha, amaldagi “To‘lovga qobiliyatsizlik to‘g‘risida”gi qonunda qarzdor korxonani to‘lovga qobiliyatliligini tiklash uchun barcha huquqiy asoslar mustahkamlangan. To‘g‘ri tanlangan biznes reja va faoliyatini qayta tiklash bilan bog‘liq maqsadli rejalarning amalga oshirilishi natijasida kreditorlar oldidagi majburiyatlar to‘liq bajarilsa, qonun bunday holatda kelishuv bitimini tuzish orqali nizoning hal etilishiga har tomonlama huquqiy kafolat bo‘lib xizmat qiladi.

Н.Зоиров

Ромитан туманлараро иқтисодий суди раиси

Фуқаролик қонунчилигида контрактация шартномасининг аҳамияти

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 465-моддасига асосан контрактация шартномасига мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ёки сотиш учун бундай маҳсулотни харид қиладиган шахсга –– тайёрловчига шартлашилган муддатда топшириш (топшириб туриш) мажбуриятини олади, тайёрловчи эса бу маҳсулотни қабул қилиш (қабул қилиб туриш), унинг ҳақини шартлашилган муддатда муайян баҳода тўлаш (тўлаб туриш) мажбуриятини олади.

Ушбу Кодекснинг 466-моддасига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи ўстирилган (ишлаб чиқарилган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотини тайёрловчига контрактация шартномасида назарда тутилган миқдор ва ассортиментда топшириши шарт.

Агар маҳсулот етиштирувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятларини бажармаганлиги оқибатида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти контрактация шартномасида назарда тутилган миқдор ва ассортиментда олинмаслиги олдиндан маълум бўлиб қолса, тайёрловчи шартномани бекор қилишни ёки ўзгартиришни ва зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Агар контрактация шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тайёрловчи етиштирувчи жойлашган ерда ундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қабул қилиши (қабул қилиб туриши) ва олиб кетишни таъминлаши (таъминлаб туриши) шарт.

Агар қишлоқ хўжалиги маҳсулоти тайёрловчи жойлашган ерда ёки у кўрсатган бошқа ерда қабул қилинса, тайёрловчи етиштирувчи томонидан контрактация шартномасига мувофиқ ва шартлашилган муддатда келтирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қабул қилишдан бош тортишга ҳақли эмас.

Тайёрловчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини олиб кетишни ёки қабул қилиб олишни таъминламаган тақдирда етиштирувчига қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг қийматини ва уни келтириш харажатларини тўлайди.

Контрактация шартномасига мувофиқ олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлайдиган тайёрловчи етиштирувчининг талабига кўра қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш чиқиндиларини тарафлар келишган нархда етиштирувчига қайтариши шарт.

Иқтисодий ишлар бўйича

судлов ҳайъати раиси                                               С.Абдурасулов

Когон туманлараро иқтисодий

судининг раиси                                                                       Ф.Муродов

Фуқаролик қонунчилигида пудрат шартномасининг аҳамияти.

Ҳозирги пайтда жамиятимизда пудрат ишларини бажариш кенг тарқалган ижтимоий муносабатлардан бири бўлиб ҳисобланади. Маълумки, пудрат муносабатлари буюртмачи ва пудратчи ўртасида тузиладиган пудрат шартномасига асосан тартибга солинади.

Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг 631-моддасига асосан пудрат шартномаси бўйича бир тараф (пудратчи) иккинчи тараф (буюртмачи)нинг топшириғига биноан маълум бир ишни бажариш ва унинг натижасини буюртмачига белгиланган муддатда топшириш мажбуриятини олади, буюртмачи эса иш натижасини қабул қилиб олиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш мажбуриятини олади. Агар қонунчиликда ёхуд тарафлар келишувида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ишни бажариш учун пудратчи таваккал қилади. Пудрат шартномасининг айрим турлари, яъни маиший пудрат, қурилиш пудрати, лойиҳалаш ёки қидирув ишлари пудрати, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технология ишлари пудрати мавжуд.

Ушбу Кодекснинг 632-моддасига кўра, пудрат шартномаси ашёни тайёрлаш ёки уни қайта ишлаш (ишлов бериш) ёхуд бошқа ишни бажариб, натижасини буюртмачига бериш ёки бошқача тарзда топшириш ҳақида тузилади. Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, иш пудратчининг материаллари, унинг кучи ва маблағлари ҳисобидан бажарилади. Агар пудрат шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, буюртмачининг топшириғини бажариш усулларини пудратчи мустақил белгилайди. Пудратчи ўзи берган материаллар ва ускуналарнинг сифати тегишли даражада бўлмаганлиги учун, шунингдек учинчи шахслар ҳуқуқлари бўлган материаллар ва ускуналарни берганлиги учун жавобгар бўлади.

Агар қонунчиликда ёки пудрат шартномасида пудратчининг шартномада кўрсатилган ишни шахсан ўзи бажариш мажбуриятлари келиб чиқмаса, пудратчи ўз мажбуриятларининг бир қисмини бажариш учун бошқа шахслар (ёрдамчи пудратчилар)ни жалб қилишга ҳақли. Бундай ҳолларда пудратчи бош пудратчи ҳисобланади.

Пудрат шартномасида ишни бажаришнинг бошланғич ва охирги муддатлари кўрсатилади. Тарафлар ўртасидаги келишувга мувофиқ, шартномада ишнинг айрим босқичларини тугаллаш муддатлари (оралиқ муддатлар) ҳам назарда тутилиши мумкин.

Энг кенг тарқалган пудрат шартномаларидан бири бу қурилиш пудрати шартномаси бўлиб ҳисобланади. Қурилиш пудрати шартномаси бўйича пудратчи шартномада белгиланган муддатда буюртмачининг топшириғи билан муайян объектни қуриш ёки бошқа қурилиш ишини бажариш мажбуриятини олади, буюртмачи эса пудратчига ишни бажариш учун зарур шароит яратиб бериш, ишни қабул қилиш ва келишилган ҳақни тўлаш мажбуриятини олади.

Қурилиш пудрати шартномаси корхонани, бинони (жумладан уй-жой биносини), иншоотни ёки бошқа объектни қуриш ёки қайта қуриш ҳақида, шунингдек монтаж, созлаш-ишга тушириш ва қурилаётган объект билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа ишларни бажариш ҳақида тузилади.

Республикамизда пудрат шартномасидан келиб чиқадиган низолар иқтисодий судлар томонидан кўриб чиқилиб, амалдаги қонунчиликка мувофиқ мазмунан ҳал қилиб келинмоқда. Низоларни кўриб чиқиш жараёнида асосан тарафлар ўртасида шартнома шартларини тўлиқ баён этмаслик, ҳақиқатда бажарилган ишлар қийматини аниқлаш учун амалдаги меъёрий ҳужжатларга амал қилмаслик, ишни сифатсиз бажариш ёки ўзбошимчалик билан шартномада назарда тутилмаган ишларни бажариш, лойиҳа-смета ҳужжатларига амал қилмаслик ва бошқа ҳолатлар учраб туради. Бундай тоифадаги низоларни ҳал қилишда судлар томонидан ҳақиқатда бажарилган ишлар қийматини аниқлаш учун қурилишда назорат ўлчови тайинланиши ёки тарафларда ишларнинг сифати юзасидан эътирозлар бўлганда экспертизалар тайинланиши мумкин.

Иқтисодий ишлар бўйича

судлов ҳайъати раиси                                                                                С.Абдурасулов

Когон туманлараро иқтисодий

судининг раиси                                                                                                 Ф.Муродов

Фуқаролик қонунчилигида пудрат шартномасининг аҳамияти

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 465-моддасига асосан контрактация шартномасига мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ёки сотиш учун бундай маҳсулотни харид қиладиган шахсга –– тайёрловчига шартлашилган муддатда топшириш (топшириб туриш) мажбуриятини олади, тайёрловчи эса бу маҳсулотни қабул қилиш (қабул қилиб туриш), унинг ҳақини шартлашилган муддатда муайян баҳода тўлаш (тўлаб туриш) мажбуриятини олади.

Ушбу Кодекснинг 466-моддасига кўра, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи ўстирилган (ишлаб чиқарилган) қишлоқ хўжалиги маҳсулотини тайёрловчига контрактация шартномасида назарда тутилган миқдор ва ассортиментда топшириши шарт.

Агар маҳсулот етиштирувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятларини бажармаганлиги оқибатида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти контрактация шартномасида назарда тутилган миқдор ва ассортиментда олинмаслиги олдиндан маълум бўлиб қолса, тайёрловчи шартномани бекор қилишни ёки ўзгартиришни ва зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Агар контрактация шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тайёрловчи етиштирувчи жойлашган ерда ундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қабул қилиши (қабул қилиб туриши) ва олиб кетишни таъминлаши (таъминлаб туриши) шарт.

Агар қишлоқ хўжалиги маҳсулоти тайёрловчи жойлашган ерда ёки у кўрсатган бошқа ерда қабул қилинса, тайёрловчи етиштирувчи томонидан контрактация шартномасига мувофиқ ва шартлашилган муддатда келтирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қабул қилишдан бош тортишга ҳақли эмас.

Тайёрловчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини олиб кетишни ёки қабул қилиб олишни таъминламаган тақдирда етиштирувчига қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг қийматини ва уни келтириш харажатларини тўлайди.

Контрактация шартномасига мувофиқ олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлайдиган тайёрловчи етиштирувчининг талабига кўра қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш чиқиндиларини тарафлар келишган нархда етиштирувчига қайтариши шарт.

Иқтисодий ишлар бўйича

судлов ҳайъати раиси                                               С.Абдурасулов

Когон туманлараро иқтисодий

судининг раиси                                                                       Ф.Муродов

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувининг мазмуни

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 18 февралдаги ЎРҚ-675-сонли Қонунига асосан қонунчиликка киритилган.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув жиноят ишини юритишни ўзига нисбатан қўйилган гумонга, айбловга рози бўлган, жиноятнинг очилишига фаол кўмаклашган ва келтирилган зарарни бартараф этган гумон қилинувчининг ёки айбланувчининг илтимосномасига асосан назорат қилувчи прокурор билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ва оғир жиноятлар бўйича тузиладиган келишувдир.

Айбга иқрорлик тўғрисидаги келишув қуйидаги шартлар мавжуд бўлган тақдирда тузилади:

1) гумон қилинувчи, айбланувчи ўз ҳаракатларининг моҳиятини, шунингдек ўзи берган илтимосноманинг оқибатини англаб етган бўлса;

2) илтимоснома ихтиёрий равишда ва ишда иштирок этаётган ҳимоячи билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан кейин берилган бўлса;

3) гумон қилинувчи, айбланувчи суриштирув ёки тергов органи томонидан қўйилган гумонни ёхуд айбловни, иш бўйича мавжуд бўлган далилларни, шунингдек етказилган зарарнинг хусусияти ва миқдорини инкор этмаса ҳамда уни бартараф этган бўлса.

Илтимосномада гумон қилинувчи, айбланувчи суриштирув ва дастлабки терговда қўйилган гумонни ёки айбловни тан олиши, далилларни инкор қилмаслиги, жиноятни тергов қилишга кўмаклашиши, жиноят натижасида олинган мол-мулкнинг топилиши учун қайси ҳаракатларни амалга ошириш шартлигини, жиноятга алоқадор бошқа ахборотни тақдим этишга доир мажбуриятларини ҳамда жиноят оқибатида етказилган зарар бартараф этилганлигини кўрсатади.

Келишув тузиш ҳақидаги илтимосномада гумон қилинувчи, айбланувчи томонидан бажариладиган ва жиноятни фош этиш учун кўмаклашадиган муайян ҳаракатлар ҳам кўрсатилиши мумкин.

Суриштирувчи, терговчи айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш тўғрисидаги илтимосномани олган пайтдан эътиборан йигирма тўрт соат ичида жиноят иши материалларини келишув тузиш масаласини ҳал қилиш учун прокурорга юборади.

Прокурор келишув тузиш тўғрисидаги илтимосномани у келиб тушган пайтдан эътиборан етмиш икки соат ичида суриштирувчи ёки терговчи ҳамда гумон қилинувчи, айбланувчи, унинг ҳимоячиси иштирокида кўриб чиқади ва ЖПКнинг 5861-моддасида кўрсатилган талабларга риоя этилганлигини текширади. Зарур ҳолларда, прокурор жабрланувчини ёки фуқаровий даъвогарни ҳам келишув тузиш масаласини кўриб чиқиш учун жалб қилади.

Прокурор келишув тузиш ҳақидаги илтимосномани кўриб чиқаётганда:

1) жиноят иши материалларини ва тақдим қилинган ёки талаб қилиб олинган қўшимча материалларни ўрганади, келишув тузишнинг асосларини текширади, шунингдек гумон қилинувчининг, айбланувчининг келишув предмети бўлган ҳаракатларни амалга ошириш имкониятларини баҳолайди;

2) гумон қилинувчи, айбланувчи айбга иқрорлик тўғрисидаги келишувнинг барча шартлари билан танишган-танишмаганлигини, илтимосномани ихтиёрий равишда ва ўз хоҳиши билан, шунингдек ҳимоячи билан муҳокама қилганидан кейин берган-бермаганлигини, унга нисбатан бирон-бир тазйиқ ёки мажбурлов ўтказилган-ўтказилмаганлигини, тузилаётган келишувнинг моҳиятини тушунган-тушунмаганлигини аниқлайди.

Шундан кейин прокурор, агар келишувга асосан ҳукм чиқарилиб, жазо тайинланганидан кейин гумон қилинувчининг, айбланувчининг била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги ёки терговдан бирон-бир муҳим ва иш учун аҳамиятли бўлган маълумотларни қасддан яширганлиги, келишувда назарда тутилган шартлар ва мажбуриятларни бажармаганлиги аниқланса, ҳукм қайта кўриб чиқилиши мумкинлигини айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақида илтимоснома берган гумон қилинувчига, айбланувчига тушунтиради.

Айбга иқрорлик тўғрисида келишув имзоланганидан кейин иш бўйича тергов ва бошқа процессуал ҳаракатлар ўтказиш зарурати мавжуд бўлмаган тақдирда прокурор айблов хулосасини ёки айблов далолатномасини тасдиқлаб, ишни зудлик билан судга юборади. Суд айбга иқрорлик тўғрисида келишув тузиш ҳақидаги қарорни кўриб чиқиб, қуйидаги қарорлардан бирини чиқаради:

1) келишувни тасдиқлаш тўғрисида;

2) келишувни тасдиқлашни рад этиш ва ишни прокурорга юбориш ҳақида.

Келишув тасдиқланган ҳолларда, суд айблов ҳукми чиқаради.

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро шаҳар суди судьяси                                                Ж.Тожиев

Бухоро вилоят суди

         бош консультанти                                                                  Ф.Шарапов

Оғзаки жанжал оқибати

Ш.С 2024 йил 6 октябрь куни соат 19:00.ларда укаси вояга етмаган С.Ш ва танишлари вояга етмаган Ҳ.Ж ҳамда Р.Млар билан бир гуруҳ бўлиб, Бухоро шаҳар “С.Айний” МФЙ, “Тараққиёт” кўчасида жойлашган 11 ва
12-рақамли кўп қаватли уйлар орасидаги майдонда фуқаро Ф.Ш билан ўзаро келишмовчиликлар натижасида жанжаллашиб қолиб, жанжал вақтида қўл ва оёқлари билан Ш.Фнинг танасининг турли соҳаларидан қасддан уришиб, унга Суд тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Бухоро филиалининг 17.10.2024 йилдаги 91-Т-сонли хулосасига кўра содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлмаган соғлиқни узоқ, йигирма бир кундан ортиқ, аммо тўрт ойдан кўп бўлмаган муддатга бузилишига сабаб бўлган ўртача оғир шикаст етказган.

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, судланувчилар Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 105-моддаси 2-қисми “и” бандида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, Ш.Сга 3 йил 6 ой муддатга ҳамда вояга етмаган Ш.Сга 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро шаҳар суди судьяси                                                Ж.Тожиев

Бухоро вилоят суди

бош консультанти                                                                  Ф.Шарапов

Фирибгарлар алдовига учманг

А.С қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йули билан ўзганинг мол-мулкини қўлга киритиш мақсадида фуқаро Б.Ага гўёки ўзини тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишини айтиб, уни алдаб, “Саluanie” номли кимёвий элементни сотиб олиб беришини ваъда қилиб, уни ишонтириб, 2021 йил август ойида Россия Федерацияси Москва шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Миллий валютаси хисобланган сўмга нисбатан қиймати 651.195.000 сўмни ташкил қилган 4.500.000 Россия рубли (31.08.2021 йилда 1 Россия рубли Ўзбекистон Республикаси 144,71 сўмга тенг бўлган) миқдоридаги пулларни олиб, ваъда қилинган маҳсулотни етказиб бермасдан, олган пулларни ўзининг эҳтиёжлари учун сарфлаб юбориб, жабрланувчига жуда кўп миқдордаги зарар етказиб, фирибгарлик жиноятини содир қилган.

Бунинг натижасида жабрланувчи Б.А фуқаро А.Сга берган пулларини ва маҳсулотларни ҳам ололмасдан, бир неча бор Россия Федерациясига бориб келишига ва сарсон бўлишига сабабчи бўлган.

Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, А.С Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг
168-моддаси 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, суд томонидан А.Сдан жабрланувчи Б.Анинг фойдасига 693.765.000 сўм ундириш белгиланди.

Жиноят ишлари бўйича

Бухоро шаҳар суди судьяси                                               Ж.Тожиев

Бухоро вилоят суди

         бош консультанти                                                                  Ф.Шарапов

Перейти к содержимому