Хабарингиз бор, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 2023 йил 30 апрель куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси референдумида умумхалқ овоз бериш орқали қабул қилинди.
Қомусимизга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишдан асоссий мақсад, фуқароларнинг муносиб ҳаёт кечиришини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни, кўп миллатли жонажон Ўзбекистонимизнинг фаровонлигини ва гуллаб-яшнашини таъминлашни мақсад қилган.
Эски таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 128 моддадан иборат бўлган бўлса, ҳозирги янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 155 моддадан иборат бўлиб, қўшимча равишда 27 модда билан тўлдирилди.
Бу эса ўз навбатида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш, мамлакатимизнинг бебаҳо табиий бойликларини кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принцип ва нормаларига, Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти, энг аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларини ҳамкорлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, тинчлик ва тотувлик асосида мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришга хизмат қилади.
Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30-моддасида “Ҳеч ким расмий эълон қилинмаган қонун асосида ҳукм қилиниши, жазога тортилиши, мол-мулкидан ёки бирон-бир ҳуқуқидан маҳрум этилиши мумкин эмас.
Ҳеч ким айни бир жиноят учун такроран ҳукм қилиниши мумкин эмас.
Конституциямизнинг 31-моддаси “Ҳар бир инсон шахсий ҳаётининг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сирга эга бўлиш, ўз шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким ёзишмалари, телефон орқали сўзлашувлари, почта, электрон ва бошқа хабарлари сир сақланиши ҳуқуқига эга. Ушбу ҳуқуқнинг чекланишига фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Ҳар ким ўз шахсига доир маълумотларнинг ҳимоя қилиниши ҳуқуқига, шунингдек нотўғри маълумотларнинг тузатилишини, ўзи тўғрисида қонунга хилоф йўл билан тўпланган ёки ҳуқуқий асосларга эга бўлмай қолган маълумотларнинг йўқ қилинишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ким уй-жой дахлсизлиги ҳуқуқига эга.
Ҳеч ким уй-жойга унда яшовчи шахсларнинг хоҳишига қарши кириши мумкин эмас. Уй-жойга киришга, шунингдек унда олиб қўйишни ва кўздан кечиришни ўтказишга фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Уй-жойда тинтув ўтказишга фақат қонунга мувофиқ ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилади.
Судланувчи Н.Нодирбеков 2023 йил 24 ноябрь куни соат 20:00да қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, Бухоро шаҳар, “Фурқат” МФЙ, Бўстон кўчаси, 24-уй олдида қўшниси С.Хамдамов билан ўзаро келишмовчилик оқибатида жанжаллашиб қолиб, жанжал вақтида унинг юз соҳасига қўл мушти билан қасддан уриб, суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, С.Хамдамовнинг бош мия ёпиқ шикастланиши, бош мия лат ейиши каби жароҳатлар билан С.Хамдамовнинг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятини содир қилган.
Судланувчи Н.Нодирбековга оид жиноят иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби ўзининг айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, нарсани кўздан кечириш ва олиб қўйиш, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш баённомалари, жабрланувчи ва гувоҳларнинг сўроқ баённомалари, суд-тиббий экспертиза хулосаси билан ўз исботини топган.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2024 йил 11 мартдаги ҳукмига кўра, судланувчи Н.Нодирбеков Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисмининг “д” банди билан 8 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
Суд ҳукмига нисбатан Н.Нодирбеков жазони енгиллаштириш масаласида апелляция шикояти келтирган.
Шикоятга асосан иш вилоят судида кўриб чиқилиб, Н.Нодирбеков томонидан содир этилган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, жабрланувчининг унга нисбатан даъвоси борлиги инобатга олиниб, апелляция инстанциясининг 2024 йил 17 апрелдаги ажримига кўра, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.
Судланувчи Г.Олимова хавфли рецидивист бўла туриб, 2023 йил 17 ноябрь куни ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида, Когон шаҳар, Темирйўлчи маҳалласи Темирйўлчи кўчасида жойлашган қўп қаватли уйлар биноси олдида Ш.Янгиевнинг ишончига кириб, ундан сўмга нисбатан қиймати1.349.711 сўмга тенг бўлган 110 АҚШ долларлик “Redmi 9T” русумли уяли алоқа воситасини алдаб қўлга киритиб, ушбу уяли алоқа воситаси учун пулни 2023 йилнинг декабрь ойи охирига қадар тўлиқ қоплаб беришни ваъда қилиб, телефон аппаратини сотиб юбориб, қўлга киритилган пулни қайтармасдан ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб, ўзига билдирилган ишончни суиистеъмол қилиб, жабрланувчига моддий зарар етказиб, фирибгарлик қилган.
Шунингдек, Г.Олимова хавфли рецидивист бўла туриб, 2023 йил 10 декабрь куни ўзганинг мулкини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиш мақсадида Когон шаҳар, А.Навоий номли маҳалла ҳудудидаги Когон шаҳар Тиббиёт бирлашмаси олдида Д.Хайруллаевнинг ишончига кириб, баҳоси 1.300.000 сўмлик “Infinix Note 30I” русумли уяли алоқа воситасини алдаб қўлга киритиб, ушбу уяли алоқа воситаси учун пулни 2023 йил 17 декабрь кунига қадар тўлиқ беришни ваъда қилиб, телефон аппаратини сотиб юбориб, қўлга киритилган пулни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб, ўзига билдирилган ишончни суиистеъмол қилиб, жабрланувчига моддий зарар етказиб, такроран фирибгарлик қилган.
Судланувчи Г.Олимовага оид жиноят иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби судда ўзининг айбига тўлиқ иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари, жабрланувчиларнинг аризалари, смс ёзишмалари, сўроқ баённомалари, тушунтириш хатлари билан ўз исботини топган.
Жиноят ишлари бўйича Когон шаҳар судининг 2024 йил 22 январдаги ҳукмига кўра, Г.Олимова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 168-моддаси 3-қисмининг “б” банди билан ЖКнинг 57, 59, 61-моддалари тартибида 4 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
Суд ҳукмига нисбатан судланувчи Г.Олимованинг адвокати томонидан жазони енгиллаштириш масаласида кассация шикояти келтирган.
Шикоятга асосан иш вилоят судида кўриб чиқилиб, кассация инстанциясининг 2024 йил 15 мартдаги ажримига кўра, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.
Судланувчи Н.Наврўзова муқаддам содир этган ўғрилик жинояти учун судланиб, жазони ўтаб келаётганлигидан ўзига тегишли ижобий хулоса чиқармасдан, яна қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш ва текин бойлик орттириш мақсадида, 2023 йил 1 декабрь куни соат 14:00ларда Бухоро шаҳар, Абай кўчаси, 6 уй, 3-хонадонда яшовчи қариндоши Ж.Исмаилованинг яшаш уйига меҳмонга бориб, Ж.Исмаилова уйдан чиқиб кетганлигидан фойдаланиб, унга тегишли баҳоси 1.500.000 сўмлик бир дона аёллар тилла узуги ва баҳоси 5.000.000 сўмлик бир дона аёллар тилла занжирини яширин равишда талон-торож қилиб, хавфли рецидив ўғрилик жиноятини содир қилган.
Судланувчи А.Наврўзовага оид жиноят иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби воқеа жойини кўздан кечириш, нарсани олиб қўйиш ва кўздан кечириш, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, шахсни таниб олиш учун кўрсатиш баённомалари, жабрланувчи ва гувоҳларнинг сўроқ баённомалари билан ўз исботини топган.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судининг 2021 йил 26 февралдаги ҳукмига кўра, судланувчи А.Наврўзова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 2 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
Суд ҳукмига нисбатан Н.Наврўзова жазони енгиллаштириш масаласида апелляция шикояти келтирган.
Шикоятга асосан иш вилоят судида кўриб чиқилиб, Н.Наврўзованинг шахси, муқаддам содир этган ўғрилик жинояти учун судланиб, жазони ўташ даврида қасддан яна ўғрилик жинояти содир этганлиги, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо тайинламасдан туриб, унинг ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олишга эришиб бўлмаслиги инобатга олиниб, апелляция инстанциясининг 2024 йил 8 апрелдаги ажримига кўра, биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.
Коррупция, порахўрлик жамият ривожига тўсқинлик қилувчи иллатлардан бири ҳисобланади. Нафс қулига айланган ва борига қаноат қилмай ўзгалар ҳамёнидаги пулга кўз тикадиган кимсалар охир-оқибат ўзларидаги қусур қурбонига айланишларини бир зум бўлса-да ўйлаб кўришга қодир эмаслар. Акс ҳолда ҳаётларини барбод қилувчи ва эл олдида шармандаи шармисор қилгувчи бу хатти-ҳаракатларини тўхтатган, бу ишнинг охири вой бўлишини идрок этган бўлур эдилар. Фуқаро Д.К вилоят Перинатал марказида кичик тиббий ходим вазифасида ишлаб келган. Бир муддат ишлаб, тажрибаси ошган ходиманинг осон йўл билан қўшимча “даромад” топишга иштиёқи пайдо бўлади. “Ҳа, нима қилибди. Маошим ҳам озгина бўлса. Шу оз маошга қаноат қилиб ўтирадиган бўлсам, яхши еб, яхши кийина олмайманку. Менам чой-чақа топишга ҳақлиман”, дея кўнглидан ўтказди қаҳрамонларимиздан бири. У бир куни шу ерда ҳамшира бўлиб ишлайдиган таниши З.К билан шу мавзуда суҳбатлашиб қолди. Унга биргаликда “ишлашни” таклиф қилди. -Ишга кираман, деб юрганларнинг анчасини биламан, -деди ҳамшира ўйчан қиёфада. -Яхшику. Ўша танишларингизни менга рўпара қилинг, қолган ишни ўзим дўндираман. Баҳонада иккаламиз ҳам бир нарсалик бўлиб қолардик, – деди кичик тиббий ходим ҳам унинг бу гапидан суюниб кетиб. Фуқаро М.Р ҳамширанинг тарғиботи билан Д.К.га қўнғироқ қилди. Яқинда ўқишни битирганлигини, иш топишда қийналаётганлигини ва шу масалада ёрдам беришини сўради. Д.К унга ваколатли танишлари борлигини, бунинг учун 2.500 АҚШ доллари керак бўлишини силлиққина қилиб тушунтирди. Аввалига “мижоз” бунча пули йўқлигини, иложи бўлса айтилган сумма миқдорини бироз камайтиришни сўради. Илтимосига рад жавобини олгач, бирон йўлини топишини, уч-тўрт кундан сўнг жавобини айтишини билдирди. Улар 2023 йилнинг октябрь ойида вилоят Перинатал маркази ҳовлисида кўришишни келишиб олдилар. Кечқурунга яқин иккаласи топишди ва бири иккинчисига кимёвий ишлов берилган “кўк”ни узатди. Кичик тиббий ходим “ўз оёғи билан келган” пулни энтикиш билан қўлига олди. Бир муддат пулга маҳлиё бўлиб турар экан, суҳбатдошининг нималарнидир тайинлаб айтаётган сўзлари деярли қулоғига кирмади. Наҳот бу пуллар энди меники бўлса? Аёл еттинчи осмонда учиб юрганди гўё. Қўққисдан бошланган талотўпдан ҳуши жойига келди. Қараса, атрофини фуқаро кийимидаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ўраб олган. У ўша жойнинг ўзида ашёвий далиллар билан жиноят устида қўлга олинди. Суд мажлисида судланувчи Д.К айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Қилган ишининг моҳиятини ўйламаганлигини, эндиликда қаттиқ афсусда эканлигини айтиб, суд ҳайъатидан қонуний енгиллик беришларини сўради. Ишни кўриб чиққан суд Д.К ҳамда З.Кларга муайян муддатга ахлоқ тузатиш ва озодликни чеклаш билан боғлиқ жазоларни қўллади. Бу давр ичида уларда қилган ишлари оқибатидан тегишли хулоса чиқаришга етарлича имкон ва шароит бўлади.
Миллий иқтисодиётни ислоҳ қилиш борасида ташқи савдо, солиқ ва молия сиёсатини либераллаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини кафолатлаш, қишлоқ ҳўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда ҳудударни жадал ривожлантиришни таъминлаш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди[1].
Ҳозирги шиддат билан ривожланаётган иқтисодий сиёсий шароитда тадбиркорларнинг таваккалчиликка асосланган фаолиятини олиб боришида, унда контрагентларнинг ишонч, ҳурмат ва ўзаро ҳамкорлик асосида бизнесни ташкил қилишида бир қатор муаммоларга дуч келмоқда. Бу ўз навбатида, ўзаро ҳамкорликнинг тарқалиб кетишига, ҳатто айрим ҳолатларда катта миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлмоқда.
Мазкур ҳолатларда низони келишув йўли билан ҳал этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу ўринда, келишув битими нима деган савол туғилади.
Аслида, келишув битими низо томонлари ўртасидаги битим бўлиб, унинг матнида муаммони ҳал қилиш йўллари, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, шартларга риоя қилмаслик учун жавобгарлик кўрсатилади. Бундай келишув баҳсли вазиятни тугтатади, муаммони тугатади. Бошқа ҳар қандай шартнома муносабатларидан ўзига хос хусусияти суд томонидан маъқуллаш зарурати бўлиб, эришилган келишув суд қарори кучини беради[2].
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 16-боби яраштириш тартиб-таомилларига бағишланган бўлиб, унда суд тарафларнинг келишуви учун чоралар кўради, уларга иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашиши белгиланган.
Тарафлар низони келишув битимини ёки медиатив келишувни тузиб ҳал этиши мумкин.
Келишув битими ёки медиатив келишув даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.
Шунингдек, келишув битими иқтисодий суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин.
Келишув битими у суд томонидан тасдиқланганидан кейин тузилган ҳисобланади. Келишув битими ёзма шаклда тузилади ва келишув битимини тузган шахслар ёки уларнинг вакиллари томонидан имзоланади.
Келишув битимида тарафлар томонидан келишилган мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари ҳақидаги қоидалар кўрсатилиши керак.
Тарафлар томонидан келишув битими шартлари бўйича қабул қилинган мажбуриятларнинг бажарилиши тарафларни бир-бирига ёки бошқа воқеаларга (ҳаракатларга) боғлиқ қилиб қўйиши мумкин эмас.
Келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин.
Агар келишув битимида суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шарт мавжуд бўлмаса, суд бу масалани келишув битимини тасдиқлаш чоғида умумий тартибда ҳал этади.
Келишув битими уни тузган шахслар сонидан битта ортиқ нусхада тузилади ва имзоланади. Ушбу нусхалардан бири иш материалларига қўшиб қўйилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Иқтисодий судлар томонидан келишув битимини тасдиқлашда процессуал қонун нормаларининг қўлланилишига оид айрим масалалар тўғрисида” 2009 йил 18 декабрдаги 204-сонли қарорида Судлар инобатга олишлари лозимки, келишув битими деганда, ўзаро келишишга асосланган, даъво талаби (талаблари)га нисбатан аниқликка эришишга қаратилган, низони ҳал қилиш тўғрисидаги тарафларнинг ёзма келишуви тушунилиши, ИПК 163-моддаси биринчи қисмининг 8-бандига мувофиқ суд ишни судда кўришга тайёрлаш пайтида тарафларни муросага келтириш чораларини кўриши, шу муносабат билан даъво аризасини қабул қилиш ва ишни судда кўришга тайёрлаш тўғрисидаги ажримда суднинг тарафларга низони келишиш йўли билан ҳал этиш ҳақидаги таклифи кўрсатилиши лозимлиги тўғрисида тушунтириш берилган.
Яна шуни қайд этиш лозимки, суд келишув битимини тасдиқлаш тўғрисида ажрим чиқаради, унда иш юритиш тугатилганлиги кўрсатилади.
Келишув битими суд ҳужжатини ижро этиш босқичида тузилган тақдирда, битим ишни кўрган биринчи инстанция судига тасдиқлаш учун тақдим этилади.
ИПКнинг 63-моддасига кўра, судда иш юритиш ваколатлари вакилга уни вакил қилган шахс номидан барча процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини беради, бундан даъво аризасини имзолаш, ишни ҳакамлик судига топшириш, даъво талабларидан қисман ёки бутунлай воз кечиш ва даъвони тан олиш, даъво предметини ёки асосини ўзгартириш, келишув битими, медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув ёки медиатив келишувни тузиш, ваколатларни бошқа шахсга топшириш (ишониб топшириш), суд ҳужжати устидан шикоят қилиш, қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги аризани имзолаш, суд ҳужжатининг мажбурий ижро этилишини талаб қилиш, ундирилган мол-мулкни ёки пулни олиш мустасно. Вакилнинг ушбу моддада кўрсатилган ҳаракатларнинг ҳар бирини амалга оширишга бўлган ваколатлари у қайси шахс томонидан вакил қилинаётган бўлса, ўша шахс берган ишончномада махсус назарда тутилган бўлиши керак.
Хулоса қиладиган бўлсак, мазкур институт тадбиркорлик соҳасида ҳамкорликни кучайишига, тарафлар ўртасида дўстона муносабатларнинг сақланиб қолиши, иқтисодий судларга низоларни тез ва тўғри ҳал этилиши, шунингдек, судларда низоларнинг камайишига сезларли даражада таъсир кўрсатади.
Бухоро вилоят суди судьяси Х.Абдуллаев
[1] «2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги Ўзбекистон республикаси Президентининг Фармони
Давлат божи юридик аҳамиятга молий ҳаракатларни амалга оширганлик ва бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун ундириладиган мажбурий тўловдир.
Давлат божини тўлаш асослари ва тартиби, уни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, тўлашдан озод қилиш тартиби, давлат божини қайтариш тартиби “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни билан тартибга солинади.
Қонунинг 5-моддасида давлат божи ундириш объектлари белгиланган.
Қонун 5-моддасининг иккинчи қисмига кўра, иқтисодий судларга бериладиган даъво аризаларидан, ташкилотларни ва фуқароларни банкрот деб топиш тўғрисидаги аризалардан, низо предметига нисбатан мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида ишга киришиш ҳақидаги аризалардан, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари юзага келиши, ўзгариши ёки бекор бўлиши учун аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги аризалардан, иқтисодий суднинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш ҳақидаги, даъвони кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги, суд жарималарини солиш ҳақидаги ажримлар устидан бериладиган апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоятларидан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги аризалардан, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорлари юзасидан низолашиш тўғрисидаги, арбитражнинг ҳал қилув қарори устидан шикоят қилиш тўғрисидаги, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш ҳақидаги ишлар бўйича иқтисодий суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоятларидан, чет давлат судининг, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризалардан, чет давлат судининг, арбитражнинг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш ҳақидаги ишлар бўйича суд ажримлари устидан бериладиган апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоятларидан, шунингдек иқтисодий судлар томонидан ҳужжатларнинг дубликатларини ва кўчирма нусхаларини берганлик учун давлат божи ундирилиши назарда тутилган.
Суд қарорлари ёки ажримлар эълон қилингандан сўнг суд ҳужжатидан норози бўлган тарафлар унинг устидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексида белгиланган тартибда апелляция, кассация ва тафтиш тартибида шикоят келтирадилар. Шикоятлар келтиришда давлат божи тўлашдан озод этилиши, давлат божи тўлашни кечиктирилиши ёки бўлиб бўлиб тўлашига йўл қўйиладими?
Қонунга илова қилинган “Давлат божи ставкалари миқдорлари” 2 банди “д” кичик бандида апелляция, кассация ва тафтиш тартибида берилган шикоятлардан- биринчи инстанция судида кўриб чиқиш учун аризалар берилганда тўланадиган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланиши кўрсатилган.
Қонунинг 9-моддасида иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинган субъектлар, яъни органлар санаб ўтилган. Унга кўра, иқтисодий судларда давлат божини тўлашдан қуйидагилар озод қилинади:
1) даъвогарлар — ўрмон дарахтларини ўзбошимчалик билан кесиш ҳамда ўрмондан фойдаланиш, ўрмонни қўриқлаш ва муҳофаза қилиш тартиби ва шартларини бошқача тарзда бузиш туфайли ўрмон фондига етказилган зарарни ундириш тўғрисидаги, ўрмон хўжалиги даромади суммаларини (шу жумладан, ўрмон дарахтларини ўсиб турган жойида сотиш қоидаларини бузганлик учун зарар ва неустойкани, шунингдек ўзбошимчалик билан ўрмон дарахтларини кесганлик, пичан ўрганлик ва молларни ўтлатганлик учун жарималарни) ундириш тўғрисидаги ишлар бўйича;
2) Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари — палата аъзоларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан;
3) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича ҳудудий кенгашлар — фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар бўйича;
4) ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари, шунингдек уларнинг муассасалари, ўқув-ишлаб чиқариш корхоналари ва бирлашмалари — барча даъволар бўйича;
5) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари — «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ пенсияларни тўлашга кетган маблағларни ташкилотлардан ундириб олиш бўйича даъволар, шу жумладан регресс даъволар юзасидан;
6) суғурта фаолиятини тартибга солиш ва тафтиш тартибидаги қилиш органи — мажбурий суғурта операциялари билан боғлиқ барча ишлар бўйича;
7) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг жойлардаги органлари — сув тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик туфайли давлатга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш учун маблағларни давлат даромадига ундириш тўғрисидаги даъволар бўйича;
8) Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг жойлардаги органлари — атроф-муҳитни ифлослантирганлик, табиатдан ўзбошимчалик билан фойдаланганлик ва табиий ресурслардан фойдаланиш ҳамда уларни муҳофаза қилишнинг тартиб ва шартларини бошқача тарзда бузганлик туфайли табиий объектларга ва комплексларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги даъволар бўйича;
9) Ўзбекистон Республикасининг Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар бўйича;
10) Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги Бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш маркази ҳамда унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар ва аризалар бўйича;
11) Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари — ўз зиммасига юклатилган ваколатларига мувофиқ судлар кўриб чиқиши учун киритиладиган даъволар бўйича;
12) давлат солиқ хизмати органлари, молия ва божхона органлари — барча ишлар ҳамда ҳужжатлар бўйича, шунингдек алоҳида юритиладиган ишлар бўйича судга аризалар берганлик учун;
13) прокуратура органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;
14) адлия органлари — давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;
141) давлат органлари — ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни бузиш тўғрисидаги даъволар юзасидан;
142) Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланиш соҳасини назорат қилиш инспекцияси ва унинг ҳудудий инспекциялари — кўп квартирали уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш соҳасида ўз зиммасига юклатилган ваколатларга мувофиқ судларга кўриб чиқиш учун киритиладиган даъволар юзасидан;
15) ундирувчи ёки давлат ижрочиси — қонунда назарда тутилган тақдирда, қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидириш бўйича харажатларнинг ўрнини қарздор томонидан қоплаш тўғрисидаги даъволар юзасидан;
16) халқаро ва чет эл ҳукумат молия ташкилотлари томонидан ҳукуматлараро келишувлар асосида берилган кредитлар бўйича асосий қарздор сифатида қатнашувчи давлат органлари ва ташкилотлари — субзаём олувчилардан пайдо бўлган қарздорликларни ундириш тўғрисидаги даъволар юзасидан;
17) давлат эҳтиёжлари учун товарлар (ишлар, хизматлар) етказиб бериш шартномалари бўйича сотиб олувчи ҳисобланган давлат органлари ва ташкилотлари — етказиб берувчилар (пудратчилар) томонидан шартнома мажбуриятларининг бажарилмаганлиги билан боғлиқ даъволар юзасидан;
18) Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва туманлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари — фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар юзасидан;
19) аризачи ва жавобгар — ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар бўйича;
20) чет эл инвестициялари иштирокидаги акциядорлик жамиятлари — уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги даъволар юзасидан;
21) тадбиркорлик субъектлари — ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисида ариза берганда;
22) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, унинг жойлардаги органлари — ер тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича;
23) Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари — моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни кўзлаб қилинган даъволар ҳамда берилган аризалар юзасидан;
24) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг жойлардаги органлари — қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчиликни бузганлик бўйича давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг манфаатларини кўзлаб қилинган даъволар ҳамда бериладиган аризалар юзасидан;
25) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб бериладиган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан;
26) Ўзбекистон Республикасининг Ҳисоб палатаси — Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан;
27) Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, унинг жойлардаги органлари — ер тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги билан боғлиқ даъволар бўйича.
Ушбу модда биринчи қисмининг 2, 20 ва 21-бандларида кўрсатилган шахсларнинг талабларини қаноатлантириш тўлиқ ёки қисман рад этилган тақдирда, давлат божи шу шахслардан талабларнинг қаноатлантирилиши рад этилган миқдорига мутаносиб равишда ундирилади.
Ушбу санаб ўтилган органлар суд ҳужжатлари устидан апелляция шикояти беришда ҳам давлат божи тўлашдан озод қилинадилар. Қонунда бевосита бу ҳақда кўрсатилмаган. Аммо Олий суд раҳбарий кўрсатмаларида, Пленум қарорида бу ҳақда тушунтириш берилган.
Қонун бўйича судья давлат божини тўлашдан тўлиқ ёки қисман озод қилиш ҳуқуқига эга эмас. Бироқ, апелляция шикояти беришда тараф давлат божи тўлашдан озод қилинмаган бўлса, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган юридик ва жисмоний шахс мулкий аҳволидан келиб чиқиб, апелляция шикоятида беришда тўланиши лозим бўлган давлат божини тўлашни кечиктириш тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилишга ҳақли.
Қонун 29-моддасининг йигирма еттинчи қисмига кўра, пул маблағлари мавжуд бўлмаган ва бу хизмат кўрсатувчи банк томонидан тасдиқланган тақдирда, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи юридик ва жисмоний шахсларга суднинг ажримига кўра давлат божини кечиктириб тўлашга рухсат берилиши мумкин. Банк тасдиғида судга мурожаат қилинган санадан кўпи билан уч кун олдинги сана қайд этилган бўлиши керак.
Судларга шикоятлар берилишида тўланиши лозим бўлган давлат божини кечиктириш масаласини ҳал этишда, илтимосномага биноан бу шахсларнинг давлат божини бир йўла ёки қисман тўлашга пул маблағлари бўлмаганлигини тасдиқловчи ҳолатлар мавжудлиги ҳақидаги далилларни текширади. Пул маблағларининг бўлмаганлиги тўғрисидаги банкнинг тасдиғи судга мурожаат қилинган санадан кўпи билан уч кун олдинги сана билан қайд этилган бўлса, суд илтимосномани қаноатлантириб, давлат божини тўлашни кечиктириш ҳақида ажрим чиқаради.
Иш юқори инстанция судида кўриб мазмунан ҳал қилинганда иш натижаларидан келиб чиқиб, Қонунда назарда тутилган имтиёзларни инобатга олган ҳолда давлат божини ундириш масаласи ҳал этилади.
Бухоро вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси С.Абдурасулов
Сўнги йилларда Янги Ўзбекистонда инсон қадри устуворлигини таъминлашга қаратилган муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, мамлакатимизда суд – ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2020 йил 24 июлдаги ПФ–6034-сон Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 12 январдаги ЎРҚ-663-сон Қонунига асосан қуйидаги тартиблар жорий этилган:
туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;
апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон
Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан
кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш.
Бунда “Бир суд – бир инстанция” тамойили 2021 йил январдан суд
қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилиш мақсадида жорий этилган.
“Бир суд – бир инстанция” тамойили асосида жорий қилинган суд қарорларини қайта кўриш институти бўйича жиноят судларида ўтказилган таҳлиллар мазкур институтни такомиллаштириш заруратини кўрсатган.
Хусусан, суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигигини текширишда “Бир суд – бир инстанция” тамойили асосида кассация инстанциясида ишларни кўриш Олий суд ваколатига ўтказилиши суд ишларини кўришнинг ўта марказлаштирилган тизимини вужудга келтириб, ўрта бўғин – вилоят судлари имкониятларидан самарали фойдаланилишини чекламоқда.
Бундан ташқари, Олий судда иш ҳажмининг ортиб кетиши натижасида айрим ҳолларда ишларни кўриш муддатлари бузилиши ҳолатлари учрамоқда, шунингдек иш ҳажмининг кўпайганлиги судьяларнинг иш сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Оқибатда шикоятдаги важлар ҳар тарафлама тўлиқ текширилмай, иш бўйича якуний қарор қабул қилинмасдан, суд қарори бекор қилиниб, қуйи судларга юбориш ҳолатлари кўпайган.
Шу билан биргаликда судга шикоят қилиш муддатининг қисқалиги кўп ҳолларда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини тиклаш имконини бермаётганлиги, судга мурожаат қилиш имкониятини чеклаётганлиги сабабли ушбу муддатларни қайта кўриб чиқиш ва узайтириш бўйича кенг жамоатчилик, ижтимоий тармоқ вакиллари томонидан билдирилган таклифлар ва мулоҳазалар, шунингдек суд амалиёти таҳлили натижаларидан келиб чиққан ҳолда одил судловни такомиллаштириш зарурияти келиб чиқмоқда.
Шу муносабат билан суд қарорларини қонунийлигини ва асослилигини текшириш механизмлари янада такомиллаштириш ва суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартибини жорий этиш зарурияти келиб чиқмоқда.
Бунда, хорижий давлатлар тажрибасини ўрганиш миллий қонунчиликни такомиллаштиришда муҳимдир.
Хусусан, Европа мамлакатларида суд қарорларини қонунийлигини ва асослилигини текшириш механизмлари ўзига хос.
Жумладан, замонавий ҳуқуқ тизимига кўра, Европа давлатлари умумий ва континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларга ажратилади.
Ушбу тизимлар ўртасидаги асосий фарқлар қуйидагиларда намоён бўлади:
Биринчидан, суд қарорлари устидан шикоят қилиш ва қайта кўриш тизими бўйича;
Иккинчидан, биринчи инстанция судларида қарор қабул қилувчи шахс ёки шахсларга ахборот тақдим этиш жараёнига кўра.
Таҳлиллар шуни кўрсатадики, Европа давлатларининг суд қарорлари қонунийлигини ва асослилигини текшириш турлари, асослари ва тартиби юқори инстанция судлари ваколатлари доираси бир биридан фарқ қилади.
Хусусан, кўпчилик Европа давлатларида суд ҳокимияти уч босқичли суд тизимидан таркиб топган бўлиб, умумий қоидага кўра, биринчи босқич – биринчи инстанция, иккинчи босқич – апелляция суди, Олий суд органи эса апелляция, кассация ёки тафтиш суди ҳисобланади.
Шунга кўра, Европа судларини учта моделга бўлиш мумкин, булар «апелляция-апелляция» (умумий ҳуқуқ ва скандинавия мамлакатларида), «апелляция – тафтиш» (Австрия, Германияда) ва «апелляция – кассация» тизими (Бельгия, Франция, Греция, Италия, Люксембург, Нидерландия, Испания, Португалияда).
Умумий ва континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларнинг суд тизимлари биринчи инстанцияси суди қарори якунийлигига кўра ҳам фарқланади.
Жумладан, умумий ҳуқуқ тизимидаги мамлакатларда суд қарорлари устидан шикоят қилиш ва қайта кўриш тартиби қонунчиликда белгиланган бўлишига қарамасдан биринчи инстанция суди қарори якуний ҳисобланади.
Ушбу давлатларнинг қонунчилик тизими ва ҳуқуқни қўллаш сиёсати суд қарорларига нисбатан шикоятларни камайтиришга қаратилган.
Континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда эса биринчи инстанция судининг қарори қайта кўриш босқичларидан ўтгандан сўнггина якуний ҳисобланади.
Шу билан бирга, Европада суд қарорларини қайта кўришда юқори инстанция судлари ваколатлари доираси ҳам турлича.
Хусусан, континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда апелляция инстанцияси ваколатлари умумий ҳуқуқ давлатларига нисбатан кенгроқ ва «иккинчи – биринчи инстанция» функциясини бажаради.
Шу билан бирга, ҳуқуқ тизимлари процессуал тартибидаги яна бир фарқ олий суд органларининг ваколатлари доирасида ҳам намоён бўлади.
Умумий ҳуқуқ тизимидаги давлатларда олий суд органи (апелляция судлари) нафақат ҳуқуқ масалаларини балки, фактларни ҳам тадқиқ этса, континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда (кассация ёки тафтиш) охирги инстанция фақат ҳуқуқ масалалари билан чекланади.
Юқорида санаб ўтилган Европа ҳуқуқ тизимларида судларнинг ўзига хослиги Англияда нисбатан эртароқ марказлашган қироллик судлари ташкил топганлиги билан ҳам изоҳланиши мумкин.
Мисол учун, Англияда милодий 1100 йилдан бошлаб мамлакатнинг турли ҳудудларида фуқаролар ўртасида вужудга келувчи низоларни ҳал қилувчи «қироллик судьялари» фаолият кўрсата бошлаган.
Ушбу судьялар низоларни сайёр суд тартибида ҳудудларга чиққан ҳолда ва тўлов эвазига ҳал қилган.
Бунда, судьялар корпуси шунга ўхшаш ишлар бўйича бошқа судьялар томонидан қабул қилинган қарорларга оғишмай риоя қилган, бунинг натижасида суд прециденти ҳуқуқи шаклланган ва юқори инстанцияга эҳтиёж бўлмаган.
Ўз навбатида континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда апелляция одил судловнинг ажралмас таркиби сифатида шаклланган ва суд қарорларини қонунийлигини ва асослилигини текшириш одатий жараён бўлган.
Шу билан бирга, континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда суд тизими марказлашиши жараёни кечроқ амалга ошган ҳамда юқори инстанция судларининг асосий вазифаси қуйи судларнинг ҳуқуқни қўллаш ва шарҳлаш амалиётини бирхиллаштириш ва қуйи судларга интизомий чоралар кўриш бўлган.
Натижада, босқичма босқич вертикал буйсунувга эга суд қарорларини қайта кўриш одил судловни бир таркиби бўлган континенталь ҳуқуқ тизими шаклланган.
Апелляция босқичи.
Таҳлилларга кўра, умумий ва континенталь ҳуқуқ тизими давлатларида суд қарорларини қонунийлигини ва асослилигини текшириш жараёни ва тартиби айнан апелляция босқичида фарқ қилади.
Авваламбор, иккала ҳуқуқ тизимларида биринчи инстанция суди қарори устидан шикоят қилиш ҳуқуқига бўлган қарашлар турлича.
Европа давлатлари қонунчилиги таҳлили шуни кўрсатадики, барча давлатларда апелляция шикояти тақдим қилиш ҳуқуқи тан олинади, бироқ бу ҳуқуқ бир қатор шартлар ва таомиллар, жумладан, муддати, асоси ва қарорни ўзгартириш ёки бекор қилиш асоси, даъво миқдори ва бошқалар билан чекланган.
Мисол учун, баъзи давлатларда даъво миқдори катта бўлмаган ишлар бўйича суд қарорлари қайта кўриб чиқилмайди.
Масалан, Англияда берилган шикоят суд қарори қайта кўриб чиқилишини англатмайди, балки юқори инстанция учун қарорни қайта кўриш қанчалик мақсадга мувофиқлигини ўрганишга асос бўлади.
Шу билан бирга, биринчи инстанция суди томонидан иш муҳокамасида хатоликларга йўл қўйилган тақдирдагина тарафлар томонидан суд қарорларини қайта кўриш бўйича шикоят тақдим қилиниши мумкин.
Акс ҳолда, бундай шикоятлар ўз ҳуқуқларини суиисътемол қилиш, суд ресурсларини исроф қилиш ва қарши томонга асоссиз ноқулайликлар, харажатлар келтириб чиқариш сифатида баҳоланади.
Юқорида таъкидлангандек, Англия ва бошқа умумий ҳуқуқ тизимидаги давлатларда биринчи инстанция суди қарорлари устидан шикоят қилиш одатий ҳол эмас балки истисно сифатида қабул қилинган.
Ушбу концепция, ўз навбатида иш учун аҳамиятли барча ҳолатлар биринчи инстанция судида тадқиқ қилиниши лозимлиги ҳақидаги фикрдан келиб чиққан.
Акс ҳолда, олимларнинг фикрича, иш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлаш юки биринчи инстанция судидан юқори инстанцияларга кўчади ҳамда биринчи инстанция суди ишни кўриб чиқишда “дастлабки” ёки “ўтказувчи” инстанция бўлиб қолади.
Айнан, Европа давлатларида апелляция судлари иш ҳолатлари бўйича фактларни тадқиқ қилишига кўра 4 та тоифага бўлинади.
Биринчиси, “de novo” моделидаги апелляция судларида биринчи инстанция суди бўлиб ўтмаган каби иш тўлиқ қайта муҳокама қилинади.
Бундай кўринишдаги апелляция иш юритуви жуда кам учрайди, муқаддам Америка қўшма штатларида қишлоқ судлари қарорларини қайта кўришда қўлланилган, бироқ бугунги кунда АҚШда учрамайди.
Бунинг сабаби, биринчи инстанция суди томонидан иш муҳокамасида баённома ёки шу каби процессуал ҳаракатларни расмийлаштириш усуллари қўлланилмасдан, ишлар оғзаки юритилган.
Иккинчи тоифа, “Review on the Record Alone” – ишни суд муҳокамаси баённома ёки бошқа мустаҳкамлаш воситалари асосида қайта кўриб чиқиш.
Бу кўпроқ умумий ҳуқуқ тизимидаги Европа давлатларида қўлланиладиган апелляция иш юритуви тоифаси ҳисобланади ҳамда бунда суд муҳокамасини мустаҳкамлаш воситалари шу жумладан, баённома, стенограмма, аудио – ёзув, иш бўйича қисқача умумлашма, ёзма фикрлар, ашёвий далилларнинг тавсифи ва бошқа ҳужжатлар асосида иш қайта кўриб чиқилади.
Бунда апелляция инстанция томонидан иш бўйича далиллар бевосита текширилмайди балки, биринчи инстанция судида юритилган баённома ёки бошқа муҳокамани мустаҳкамлаш воситалари асосида қуйи суд йўл қўйган хатолар таҳлил қилинади.
Мазкур тоифадаги апелляция судларига қуйи суд томонидан фақатгина баённома ёки бошқа муҳокамани мустаҳкамлаш воситалари тақдим қилинади.
Шундан келиб чиқиб, бунда юқори суд томонидан биринчи инстанция суди томонидан иш муҳокамасида фактларни аниқлашда, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини қўллашда суд қарорини бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига олиб келадиган хатоликларга йўл қўйилганлиги текширилади.
Ушбу тоифадаги апелляцияда янги далиллар фақатгина манфаатдор тараф томонидан ушбу далилни биринчи инстанция судида тақдим қила олмаганлиги исботлансагина қабул қилиниши мумкин.
Учинчи тоифа, янги далилларни тақдим қилиш йўли билан баённома асосида ишни қайта кўриш “Review on the Record Supplemented by fresh evidence” – континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда кенг тарқалган апелляция кўриниши ҳисобланади.
Ушбу тоифадаги апелляцияда тарафларнинг янги далилларни тақдим қилиш ҳуқуқлари турлича, жумладан, баъзи давлатларда тарафларнинг бу ҳуқуқи чекланмаган, баъзи давлатларга эса далиллар биринчи инстанция судида тақдим қилинмаганлиги сабаби асослангандагина тақдим қилиниши мумкин.
Тўртинчи тоифа, янги далилларни чекланган тарзда тақдим қилиш йўли билан баённома асосида ишни қайта кўриш “Review on the Record Supplemented by limited fresh evidence” – тўлиқ бўлмаган апелляция бўлиб, бунда суд қуйи инстанция томонидан иш муҳокамасида юритилган баённома ёки бошқа мустаҳкамлаш воситалари асосида ишни қайта кўриб чиқади. Бунда, янги далиллар жуда чекланган ҳолатлардагина тақдим қилиниши мумкин.
Ушбу тоифада апелляция судлари томонидан қуйи суд ишни кўришда иш ҳолатларини аниқлашда хатоларга йўл қўйилганлиги аниқланганда, улар юқори суд томонидан бартараф қилинмайди, балки иш янгидан кўриш учун ўша қуйи судга ёки бошқасига юборилади.
Шу билан бирга, агарда биринчи инстанция суди томонидан иш ҳолатлари тўғри ва тўлиқ аниқланган бўлса, қуйи суд фақатгина моддий ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатоликка йўл қўйганлиги аниқланса, апелляция инстанция томонидан иш бўйича янги қарор қабул қилиниши мумкин.
Мазкур модел континенталь ҳуқуқ тизимидаги баъзи давлатларда мавжуд, жумладан Австрияда.
Умумий ва континенталь ҳуқуқ тизимидаги давлатларда суд қарорларини якуний қайта кўриш ва олий суд органларининг ваколатлари.
Юқорида таъкидлангандек, Европа ҳуқуқ тизимларида суд қарорларини қайта кўриш бўйича учта модел бўлиб, улар «апелляция-апелляция», «апелляция – тафтиш» ва «апелляция – кассация».
Бунда уларнинг фарқи қуйидагиларда намоён бўлади, жумладан:
Апелляция судлари иш бўйича ҳуқуқ ва факт масалаларини муҳокама қилиш ваколати эга, кассация ва тафтиш судларида бу ҳуқуқ йўқ.
«Апелляция – кассация» моделида юқори инстанцияга шикоят қилишда бирор бир чеклов мавжуд эмас, кассация судлари иш бўйича янги қарор қабул қилиш ваколатига эга эмас, фақатгина ишни қуйи судга янгидан кўриш учун юбориши мумкин холос.
«Апелляция – тафтиш» моделида агарда қуйи суд томонидан ишнинг фактик ҳолатлари тўғри аниқланган, бироқ моддий ҳуқуқ нормаларини қўллашда хатоликларга йўл қўйилган бўлса, тафтиш суди томонидан иш бўйича янги қарор қабул қилиниши мумкин.
Шу билан бирга, таҳлиллар шуни кўрсатадики, апелляция ва кассация ёки тафтиш инстанцияларининг қуйи суд ҳужжатларини қайта кўришда ваколатлари бир бирига яқин.
Бунга сабаб, Олий суд органларининг қуйи суд ҳужжатларини қайта кўришдаги ваколатлари чегараси бўйича ёндашувлар ўзгармоқда.
Жумладан, тарихий жиҳатдан янги қарор қабул қилиш ваколати берилмаган кассация судларига қуйи суд томонидан ишнинг фактик ҳолатлари етарли даражада аниқланганда, янги қарор чиқариш ваколати берилиши бунга яққол мисолдир.
Масалан, Франция фуқаролик процессуал кодексининг 627-моддасида ушбу қоида белгиланган бўлса, Нидерландия ва Испания кассация судлари бу ваколатдан XIX асрдан буён фойдаланиб келмоқда.
Шу билан бирга, кўп ҳолларда Олий суд органлари зиммасига аниқ ишларни ҳал қилиш билан бирга ҳуқуқни қўллаш ва талқин қилишда ягона амалиётни шакллантириш, ҳуқуқ ва суд амалиётини ривожлантириш каби вазифалар ҳам юкланган.
Айтиш мумкинки, бу вазифа олий суд органларининг энг муҳим вазифалари доирасига киради.
Мисол учун, Европа вазирлар кенгаши қўмитасининг 1995 йил 7 февральдаги “Аъзо давлатларга фуқаролик ва тижорат ишлари бўйича мурожаат қилиш тизимлари ва тартибларини яратиш, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш юзасидан” 95-сонли Тавсиясида, учинчи босқич судлари фақатгина учинчи марта қайта кўришга лойиқ бўлган, масалан, ҳуқуқни қўллаш ва талқин қилишда ягона амалиётни ривожлантириш учун зарур бўлган ишлар ёки жамият аҳамиятидаги ишлар қайта кўрилиши мумкинлиги кўрсатилган.
Европа умумий ва континенталь ҳуқуқ тизимларида суд ҳужжатлари устидан шикоят қилиш ва уларни қайта кўриш тартиб таомиллари фарқ қилсада, уларни мақсади муштарак, қуйи суд хатоларини тузатиш, адолатсиз суд қарори оқибатларини бартараф этиш, ҳуқуқни қўллаш ва талқин қилишда ягона амалиётни шакллантириш, жамиятда одил судловга бўлган ишончни таъминлашга қаратилган.
Бундан ташқари, барча процессуал тизимларда суд қарори ва унинг оқибатларининг қайта кўриш босқичларидан сўнг якунийлиги тамойили белгиланган.
Суд қарори ва унинг оқибатларининг якунийлиги тамойили «res judicata» доктринасига асосланган бўлиб, унга кўра айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги низолар қайта кўриб чиқилмайди.
Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг кўрсатмаларида, «res judicata» доктринаси низолар учун якуний тўхтам бўлиши билан бирга, одил судловга бўлган ҳуқуқнинг асосий элементи эканлиги белгиланган.
Юқоридагилардан шуни хулоса қилиш мумкинки, Европа мамлакатларида суд қарорларини қайта кўриш тартиби борасида юқорида таҳлили келтирилган масалалар муҳим аҳамият касб этади ва келгусида ҳам бу борадаги қонунчилик, суд амалиёти ҳамда суд қарорларини юқори инстанциялар томонидан қайта кўришнинг назарий асосларини такомиллаштириб боришда муҳим ҳисобланади.
Пешку туманлараро иқтисодий судининг раиси У.Жумаев
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 24 июлдаги ПФ–6034-сон фармони (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2020 й., 06/20/6034/1103).
2. М.А.Филатова “ Обжалование и пересмотр судебных решений в странах контенентального и обшего права” (Вестник РУДН, Юридические науки, 2007, №5.)
3. У.А.Тухташева “Уголовно-процессуальные пути устранения судебных ошибок”. (Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори диссертацияси автореферати. Тошкент, 2020.)
Аннотация: мақолада Япония ҳуқуқ тизимининг ўзига хос жиҳатлари, одил судловни амалга оширишнинг конституциявий асослари, суд қарорлари устидан шикоят қилиш ва уларни қайта кўриб чиқиш тартиби, квази-суд органларининг мақоми таҳлил қилинган. Шунингдек, ушбу мавзу бўйича назарий маълумотлар кўриб чиқилган.
Япониянинг замонавий суд тизими1947-1948-йиллардаги конституциявий ислоҳотлар натижасида шаклланган.
1947 йилдаги Япония Конституциясида одил судловни фақат суд томонидан амалга оширилиши тамойили мустаҳкамланган.
Жумладан, бош қонунга кўра, суд ҳокимияти олий судга ва қонунга асосан ташкил этиладиган судларга тегишли.
Конституция қабул қилинишидаги тарихий вазият, конституцияга ҳар қандай махсус судлар, шунингдек суд ҳокимиятини амалга оширувчи ва якуний қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган маъмурий органларни ташкил этилишини таъқиқловчи махсус қоиданинг киритилишига сабаб бўлди. Мазкур қоида умумий юрисдикция судлари тизимида солиқ ёки маъмурий судлар каби муайян соҳаларга ихтисослашган судларни ташкил этишни таъқиқламайди.
Урушдан кейинги Япония учун одил судловни фақат суд томонидан амалга оширилиши тамойилини конституцияга киритилиши, мамлакатда илгари фаолият юритган маъмурий трибуналларнинг тугатилишини англатарди.
Конституция судьяларнинг мустақиллиги ва ўзгартирилмаслиги тамойилларини эълон қилди (76 ва 78-моддалар).
Судьяларнинг ўзгартирилмаслиги тамойили конституциянинг 78-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра судьялар ошкора импичмент жараёнисиз лавозимидан озод этилиши мумкин эмас, судья суд қарори билан ақлий ёки жисмоний жиҳатдан ўз вазифаларини бажаришга қодир эмас деб топилган ҳоллар бундан мустасно.
Япония бош қомусининг 76-моддасининг учинчи қисмига кўра, барча судьялар мустақил ва фақат Конституция ва қонунларга буйсунади, улар виждон овозига риоя қилган ҳолда ҳаракат қилишади.
Ушбу тамойил судьяларнинг хизмат вазифаларини бажаришда холислигининг қўшимча кафолати бўлиб хизмат қилади.
Бундан ташқари, ижро этувчи органларга судьяларга нисбатан ҳар қандай умумий юрисдикция чора кўриш ва фаолияти давомида судьларнинг иш ҳақи миқдорини камайтириш бош қонун билан таъқиқланган.
Энди Япония судлари тизими ҳақида қисқача тўхталсак.
Японияда одил судлов тўрт босқичли суд тизими орқали қуйидаги судлар томонидан амалга оширилади: умумий юрисдикция судлари, оилавий ишлар бўйича судлар, округ судлари, юқори судлар ва Олий суд.
ЯПОНИЯ СУД ТИЗИМИ
Умумий юрисдикция судлари (Summary court)
Умумий юрисдикция судлар кичик жиноий ва фуқаролик ишларини кўриб чиқади.
Ҳозирда Японияда 438 та умумий юрисдикция судлари мавжуд бўлиб, уларда 806 нафар судья фаолият кўрсатади.
Ушбу судлар даъво миқдори 1 400 000 Япония иендан ошмайдиган фуқаролик ишлари ва жиноят учун жарима ва (ёки) 15 кунгача қамоқ жазоси назарда тутилган жиноят ишларни кўриб чиқади.
Умумий юрисдикция судлари уч йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш ҳуқуқига эга эмас. Агар судья 3 йилдан ортиқ озодликдан маҳрум қилиш муддатини белгилаш зарур деб ҳисобласа, у ишни округ судига юбориши керак.
Бундай судларнинг қарорлари устидан шикоят қилишда округ судига апелляция берилади. Агар томон округ судининг қароридан қониқмаса, шикоят Олий судга берилади. Умумий юрисдикция судларининг қарорларига қарши иккита шикоятга йўл қўйилади. Шундай қилиб, томон округ судининг қарори устидан юқори судга шикоят қилиши мумкин.
Агар томонлардан бири Юқори суднинг қароридан қониқмаса, у ҳолда у Олий судга шикоят қилиши мумкин.
Судлар тўғрисидаги Қонуннинг 45-моддасига мувофиқ, умумий юрисдикция суди судьялари ҳар доим ҳам профессионал судьялар эмас. Судья учун ягона давлат имтиҳонини топширганлардан ташқари, суд ёки прокуратурада маълум вақт ишлаган шахс судья этиб тайинланиши мумкин.
Япония фуқаролик процессуал кодексида кичик миқдордаги даъволарни кўриб чиқишнинг алоҳида тартиби кўзда тутилган. Даъво миқдори 600 000 иендан кам бўлган ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши мумкин (368-модда). Ушбу жараён суд томонидан низони бир кунда ҳал қилишни назарда тутади, томонлар талаб ва далилларини суд муҳокамаси куни тақдим этишлари шарт (370-модда), бу тоифа ишларда гувоҳлар қасамёдсиз гувоҳлик беришлари мумкин (372-модда).
Оилавийишлар бўйича судлар (The Family Court)
Оилавий ишлар бўйича судлар оилавий ишлар ва вояга етмаганлар томонидан содир қилинган ҳуқуқбузарликларни кўриб чиқишга ихтисослашган.
Оилавий ишлар бўйича судлар ва уларнинг бўлинмалари округ судлари билан бир жойда жойлашган.
Ушбу суд фаолиятини 200 нафар судья ва 150 нафар судья ёрдамчилари, шунингдек, 1500 нафар шартли ҳукм қилинганларни назорат қилувчи инспекторлар амалга оширади.
Оилавий ишлар бўйича суд 1947 йилда урушдан кейинги ислоҳотлар натижасида ташкил топган. Вояга етмаганларнинг ҳуқуқбузарлиги ва оилавий низоларга ихтисослашган судни ташкил етиш ғояси Японияга Aмерика қўшма штатларидан кириб келган бўлиб, АҚШда барқарор оилавий муносабатлар вояга етмаганларни тарбиялаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг зарур шарти деб ҳисобланади.
Ўз табиатига кўра фақат суд қарори билан ҳал қилиниши мумкин бўлган васийлик ва ҳомийлик, бедарак йўқолган деб топиш, фуқаролик ҳолати далолатномалари каби масалалар оилавий ишлар суднинг суд мажлисида кўриб чиқилади.
Баъзи ҳолларда, масалан, никоҳни бекор қилиш натижасида ер – хотиннинг мулкини тақсимлаш, биринчи навбатда, ярашув жараёнидан ўтиши керак, шундан кейин ҳам ярашувга эришилмасагина – иш суд томонидан кўриб чиқилади.
Мазкур судларда низолар судья томонидан якка таркибда, суд маслаҳатчилари иштирокида кўриб чиқилади. Аксарият ҳолларда, қарор устидан Юқори судга шикоят қилиш мумкин.
Яраштирув тартиби битта судья ва яраштирув комиссиясининг икки аъзосидан иборат таркиб томонидан амалга оширилади. Маслаҳатчилар ва комиссия аъзолари суд томонидан давлат хизматчилари орасидан ярим кунлик асосда жалб қилинади.
Оилавий ишлар бўйича судлар вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар, яъни 20 ёшга тўлмаган шахслар, шунингдек вояга етмаганларнинг фаровонлигига қарши содир этилган жиноят ишларини кўриб чиқади.
Бундан ташқари, оилавий ишлар бўйича суд жиноят содир этмаган, аммо келажакда уни содир этиши мумкин бўлган, жиноят содир этишга мойил бўлган вояга етмаганларни назорат остига олиш ҳуқуқига эга.
Вояга етмаганлар билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш тартиби ва юрисдикцияси Япониянинг 1948 йилдаги “Вояга етмаганлар тўғрисида”ги Қонуни билан тартибга солинади.
Вояга етмаганлар томонидан содир этилган барча ҳуқуқбузарликлар биринчи навбатда оилавий ишлар бўйича судга юборилади. Вояга етмаган шахс ўн олти ёшга тўлган бўлсагина, оилавий ишлар бўйича суд ишни округ ёки умумий юрисдикция судларга юбориш ҳуқуқига эга.
Округсудлари (The District Court)
Округ судлари биринчи инстансиянинг асосий судлари ҳисобланади. Ҳозирда ҳар бир префектуранинг марказида, бутун мамлакат бўйича 50 та округ судлари фаолият кўрсатмоқда.
Ушбу судларда 910 га яқин судья ва 580 нафар судья ёрдамчиси ишлаб келмоқда. Округ судлари фуқаролик ва жиноий ишларни кўриб чиқади.
Округ судлари, шунингдек, умумий юрисдикция судларнинг фуқаролик ишлари бўйича қарорлари устидан апелляция шикоятларини кўриб чиқадилар.
Йирик округ судлари ўз бўлинмаларига эга.
Масалан, Toкиоокруг судида маъмурий ишлар, автотранспорт низолари, интеллектуал мулк, банкротлик ва бошқа ишларга ихтисослашган бўлимлар мавжуд.
ЮқориСудлар (The High Court)
Юқори Судлар биринчи навбатда округ ва оилавий ишлар бўйича судларнинг қарорлари устидан келиб тушган апелляция шикоятларини кўриб чиқадилар. Улар 8 та йирик шаҳарларда жойлашган.
Ушбу судлар 345 нафар судьялардан таркиб топган. Умумий юрисдикция судларнинг жиноят ишлари юзасидан қабул қилган қарорлари устидан шикоятлар округ судларига эмас, балки тўғридан тўғри юқори судларга тақдим қилинади ва кўриб чиқилади.
Юқори суд фуқаролик ишлари бўйича сўнгги инстанция ҳисобланади.
Баъзи тоифадаги ишлар, масалан, давлатга хиёнат қилиш ёки сайловларнинг ҳақиқийлигини аниқлаш бўйича ишлари Юқори судлар томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилади.
Бундан ташқари, квази-суд органлари, жумладан, адолатли савдо комиссияси, Патент идораси, Олий денгиз Кенгаши ва бошқаларнинг қарорларини қайта кўриб чиқиш ҳам Юқори суд ваколатига киради.
Бундай ҳолларда иш уч эмас, балки беш нафар судьядан иборат ҳайъат томонидан кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, Токио Юқори суди таркибида рақобатга оид ишлар ва интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низоларни кўриб чиқишга ихтисослашган махсус бўлинмалар фаолият кўрсатади.
Токио Юқори суди таркибидаги интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйича бўлим
Интеллектуал мулкни ривожлантириш дастурига мувофиқ 2005 йилда интеллектуал мулк бўйича юқори суд таркибида бўлим ташкил этилган.
Ушбу бўлим судловига:
– Патент идорасининг патентлар, фойдали модель ҳуқуқлари, дизайн ҳуқуқлари ва товар белгилари тўғрисидаги қарорлари устидан шикоятлар;
– Toкио ва Осака округ судларининг патентлар, фойдали моделлар, интеграл микросхемалар топологияларига бўлган ҳуқуқлари, шунингдек муаллифнинг дастурий таъминот ишларига бўлган ҳуқуқлари (қоидаларни бузиш, компенсация талаблари) тўғрисидаги қарорлари устидан шикоятлар тегишли.
Токио ва Осака округ судларида интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйиса махсус бўлинмалар мавжуд бўлиб, уларнинг қарорлари Токио Юқори суди таркибидаги интеллектуал мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низолар бўйича бўлим томонидан қайта кўриб чиқилади.
Шу билан бирга, товар белгилари, дизайн ҳуқуқлари, муаллифлик ҳуқуқлари (дастурий таъминот ишлари бундан мустасно), шунингдек тижорат сирлари бўйича низоларга келсак, ишни кўриб чиққан округ суди қарорлари устидан шикоятлар тегишли Юқори судлар томонидан кўриб читқилади.
Ишлар асосан уч нафар судьядан иборат таркибда, қисқа вақт ичида якуний хулосага келиш лозим бўлган ҳолатларда беш нафар судьядан иборат таркибда кўриб чиқилади.
Бундан ташқари, бўлимда судга низонинг техник жиҳатларни тушунтиришда ёрдам берадиган техник маслаҳатчилар гуруҳи фаолият кўрсатади.
Техник маслаҳатчилар Олий суд томонидан турли фан соҳаларида тажриба ва билимга эга бўлган мутахассислар, олимлар ва тадқиқотчилар орасидан тўлиқсиз иш вақтига тайинланади.
ОлийСуд (The Supreme Court)
Олий суд Япониянинг энг юқори суд инстанциясидир.
Япония Конституциясининг 79-моддасида унинг таркиби ва судьяларни тайинлаш тартиби белгиланган.
Конституцияга мувофиқ, Олий суд Вазирлар Маҳкамасининг тавсиясига биноан император томонидан тайинланадиган Бош судья ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан тайинланадиган ва император томонидан тасдиқланган 14 судьядан иборат.
Олий суд судьяларини тайинлаш «халқ томонидан тасдиқланиши» керак (79-модда). Ушбу меъёрни давлат ҳокимиятининг манбаи бўлган, ҳокимиятнинг ҳар қандай тармоғи, шу жумладан суд ҳокимияти устидан умумий назоратни амалга ошириши мумкин бўлган халқ суверенитети тўғрисидаги конституциявий қоидаларнинг ривожланиши натижаси сифатида баҳолаш мумкин.
Ушбу тартибга кўра, судья тайинлангандан кейин, биринчи парламент сайловларида халқ тасдиғидан ўтиши керак.
Судья ҳар ўн йилда қайта тасдиғдан ўтиши талаб қилинади.
Агар сайловчиларнинг аксарияти тайинланган судьянинг истеъфосини қўллаб-қувватласа, бу судьянинг ваколати муддатидан олдин тугатилади.
Шунингдек, Конституция ва “Япония Олий суди тўғрисида”ги қонунда назарда тутилган Олий суд аъзолари ваколатларни тугатишнинг энг кенг тарқалган усули бу 70 ёшга тўлгандан кейин нафақага чиқиш ҳисобланади.
Олий суднинг аксарият аъзолари тайинланган пайтда 60 ёшдан ошганлиги сабабли, улар асосан ушбу лавозимда ўн йилгача фаолият олиб боради.
“Судлар тўғрисида”ги қонуннинг 43-моддасига кўра, олий суд судьялари юридик маълумотга эга бўлиши ва камида 40 ёшга тўлган бўлиши шарт.
Олий суд судьяларининг камида ўнтаси олий суд судьяси ёки президенти, умумий юрисдикция суд судьяси, прокурор ёки ҳуқуқ профессори сифатида камида йигирма йилдан ортиқ иш тажрибасига эга бўлиши белгиланган (43-модда).
Олий судда ишлар бешта судьядан иборат кичик таркибда ёки тўлиқ аъзолардан иборат таркибда кўриб чиқилади.
Ҳар қандай иш дастлаб, кичик таркибда кўриб чиқилиши керак.
Таҳлилларга кўра, Олий судда тўлиқ аъзолардан иборат таркибда бир йилда бир нечта ишлар кўрилади холос.
Иш тўлиқ аъзолардан иборат таркибда қуйидаги ҳолатларда кўриб чиқилади:
1.Ариза берувчи қонун, Низом, буйруқ ёки маъмурий қарор Конституцияга зид деб даъво қилса;
2. Олий суд қонун, Низом, буйруқ ёки маъмурий қарор Конституцияга зид деб ҳисобласа;
3. Олий суднинг қарори ўз прецедентларига қарши бўлган ҳолатларда.
Биринчи ҳолатда, агар Олий суд қонун, қарор, буйруқ ёки маъмурий қарорни конституцияга зид эмас деб топса, у ҳолда иш кўриб чиқиш учун кичик таркибга ўтказилади.
Апелляция инстансияси сифатида Олий суд Юқори судларнинг қарорларини қайта кўриб чиқади.
Шу билан бирга, Хабеас корпус жараёни билан боғлиқ ҳолларда, Олий суд, агар зарур деб ҳисобласа, қуйи судда кўриб чиқилаётган иш бўйича ҳам, қарор қабул қилиш ҳуқуқига эга.
1996 йилда Япония фуқаролик процессуал кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, Олий судга апелляция шикояти тақдим қилиш ҳуқуқи чекланган.
Олий судга шикоят қилишнинг ягона ҳуқуқий асоси қуйи суд томонидан ишни кўриб чиқишда Конституцияни хато талқин қилиниши ёки Конституция нормалари бузилганлиги ҳолати бўлиши мумкин.
Бундай ҳолда, Олий суд иш бўйича биринчи инстансияси вазифасини бажаради (312-модда, 1-банд).
Шу билан бирга, киритилган ўзгартиришларга кўра, Олий судга қуйи судлардан ишларни талаб қилиб олиш ваколати берилди.
Олий суд, ўз хоҳишига кўра, Олий суд прецедентига асосланган қарорлар устидан ёки қонунни талқин қилиш билан боғлиқ муҳим масалалар билан боғлиқ шикоятларни ҳам кўриб чиқиши мумкин.
Булардан ташқари, Олий суд судлар фаолиятини ташкил этиш ваколатини амалга оширади.
1945 йилга қадар судлар фаолиятини ташкил этиш Адлия вазирлиги зиммасида бўлган, бу эса судларнинг мустақиллигига жиддий таҳдид солган. Кейинчалик, яъни иккинчи жаҳон урушидан сўнг, Конституция ислоҳ қилинган ва унда иштирок этган америкалик мутахассисларнинг маслаҳатлари билан суд тизимининг мустақиллигини мустаҳкамланиб, Олий судга умумий ҳуқуқ тизимидаги мамлакатлар судлари билан бир хил ваколатлар берилган.
Амалдаги конституцияга мувофиқ, Олий суд суд ишларини юритиш тартиб – қоидаларини, адвокатлар ишини, судлардаги ички тартиб -қоидаларни, шунингдек суд ишларини бошқариш қоидаларини белгилаш ҳуқуқига эга.
Прокурорлар Олий суд томонидан белгиланган қоидаларга амал қилишлари шарт. Олий суд қуйи судларга ўз иш қоидаларини белгилаш ҳуқуқини бериши мумкин. (77-модда)
Олий суд ўз қоидаларини ишлаб чиқиш ваколатларини амалга оширишда жуда фаол. Улардан баъзилари аҳамиятсиз, аммо энг муҳимлари жиноят -процессуал қоидалари ва фуқаролик процессуал қоидаларини ўз ичига олади.
Квази-суд органлари
Японияда ваколатли судлар билан бир қаторда маъмурий комиссиялар ҳам фаолият кўрсатади.
Ушбу комиссиялар ташкил этилишида Aмерика Қўшма Штатларидаги ўзини ўзи бошқариш органларидан андоза олинган.
Японияда маъмурий органларнинг чиқарган дастлабки маъмурий актига нисбатан мажбурий тартибда маъмурий шикоят бериш тизими йўлга қўйилган. Шунга кўра, юқори турувчи органлар ҳузурида бундай шикоятларни кўриб чиқувчи маъмурий комиссиялар тузилган.
Комиссияларнинг қарорлари ваколатли суд томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин.
Масалан, адолатли савдо комиссиясининг қарорлари устидан Tokио Юқори судига шикоят қилиш мумкин. Бундай ҳолларда суд низони комиссия томонидан белгиланган фактлар бўйича кўриб чиқади, чунки бундай фактлар жиддий далилларга асосланган деб ҳисобланади.
Юқоридагилардан шуни хулоса қилиш мумкинки, Японияда суд қарорларини қайта кўриш тартиби борасида юқорида таҳлили келтирилган масалалар муҳим аҳамият касб этади ва келгусида ҳам бу борадаги қонунчилик, суд амалиёти ҳамда суд қарорларини юқори инстанциялар томонидан қайта кўришнинг назарий асосларини такомиллаштириб боришда муҳим ҳисобланади.
Пешку туманлараро иқтисодий судининг раиси У.Жумаев
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2020 йил 24 июлдаги ПФ–6034-сон фармони (Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 24.07.2020 й., 06/20/6034/1103).
2. T.Савагучи “The Legal Systems and Courts of Law in Japan”. (Сourt systems,Tokyo, Japan 2005.)
3. У.А.Тухташева “Уголовно-процессуальные пути устранения судебных ошибок”. (Юридик фанлар бўйича фалсафа доктори диссертацияси автореферати. Тошкент, 2020.)
4. Т.И.Чурсина “Судебная система Японии” (Журнал зарубежного законодательства и сравнительного правоведения, 5•2013.)
5. Hattori T. The Role of the Supreme Court of Japan in the Field of Judicial Administration // Washington Law Review. Vol. 69. 1984.
6. Noda Y. Introduction to Japanese Law. Tokyo: Univ. Press. 1984.
7. Oda Hiroshi. Japanese Law. Oxford, 2007.
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Бухарский областной суд