ИЧКИ ИШЛАР БЎЛИМИ ХОДИМЛАРИГА СЕМИНАР

Пешку туман Ички ишлар бўлимида жорий йилнинг 7 июль кунида “Коррупция – ривожланишга тўсиқ” ҳамда “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш”мавзуларида жиноят ишлари бўйича Пешку туман судининг раиси Фаррух Икрамов ҳамда Бухоро вилоят судлари судьялари малака ҳайъати аъзоси Ўткир Разиков, ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Кун тартибидаги биринчи мавзу юзасидан: суд раиси Ф.Икрамов мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш борасида қабул қилинган ҳужжатлар қаторида, 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 6127-сонли Фармони судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолиятига аралашганлик учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашда муҳим ҳужжат ҳисобланишини қайд этди.

Одил судлов фуқароларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан, ташкилотларнинг эса ташкилий-ҳуқуқий шаклидан, мулкчилик шаклидан, жойлашган ери, шунингдек бошқа ҳолатлардан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенглиги асосида амалга оширилади. Бугунги кунда барча судларда Е-ХSUD электрон ахборот тизими орқали мурожаатларнинг қонуний муддатларда кўрилиши, ишлар ҳақида батафсил маълумот шакллантирилаётганлиги, бу билан иш ҳужжатларининг қоғоз шаклидаги кўринишидан бутунлай воз кечилиши, фуқароларнинг ортиқча оворагарчилиги олди олинишига эришилмоқда. Бу ҳам коррупцияни олдини олишга хизмат қилади.

Кун тартибидаги иккинчи мавзу юзасидан: Бухоро вилоят судлари судьялари малака ҳайъати аъзоси Ў.Разиков судьлик лавозимига номзодларни тайёрлаш, судья ва суд аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш борасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4096-сон билан қабул қилинганлиги;

хусусан, судьялик фаолиятини амалга ошириш ва судлар ишини ташкил этиш, касбий этика, ишчанлик мулоқоти ва вақтни бошқариш кўникмаларини ўқитишга, суд кадрларининг илмий-таҳлилий ва креатив салоҳиятини шакллантиришга қаратилган, грант асосида судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида бир йиллик магистратура таълим дастури бўйича амалга ошириладиган судьялик лавозимларини эгаллаш учун юқори малакали кадрларни тайёрлаш;

касбий билимларни чуқурлаштириш ва суд маъмуриятчилигини юритиш кўникмаларини эгаллашга, шунингдек иш ва бошқарувни ташкил этишнинг инновацион шакл ва услубларини ўзлаштиришга қаратилган, давомийлиги икки ой бўлган, раҳбарлик лавозимларини эгаллаш учун захирада бўлган судьяларни қайта тайёрлаш;

қонунчиликдаги янгиликларнинг мазмун ва моҳиятини етказишга, касбий, жумладан ҳуқуқ нормаларини шарҳлаш ва қўллаш масалаларига доир кўникма ва қобилиятларни такомиллаштиришга қаратилган, давомийлиги икки ҳафтадан кам бўлмаган, судьялар ва судлар аппарати ходимлари малакасини ошириш белгиланганлиги;

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларига қабул қилинган шахслар асосий иш жойи бўйича лавозимидан озод қилинади, бироқ уларнинг эгаллаган лавозими бутун ўқиш даври мобайнида сақланиши;

судьялик лавозимларига 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб фақат судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқишни муваффақиятли тамомлаган шахслар тайинланиши;

судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш курсларида ўқиш дастурини бажармаган ёки таклиф этилган судьялик лавозимини эгаллашни рад этган тингловчилар ўқиш даврида олинган стипендия суммасини Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига тўлиқ миқдорда қоплаб бериши мустаҳкамланганлигини таъкидлади.

Судьялар олий кенгаши ҳузуридагиОлий мактаб судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини оширишни амалга оширувчи давлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.

“Судлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
67-моддасига кўра, ўттиз беш ёшга тўлган, олий юридик маълумотга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин.

Бироқ, жиноят содир этганликда айбланаётган шахс;

илгари судланган ёки ўзига нисбатан жиноят иши реабилитация қилмайдиган асослар бўйича тугатилган шахс;

чет давлат фуқаролигига эга бўлган ёки чет давлат ҳудудида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи яшаш гувоҳномасига ёхуд бошқа ҳужжатга эга бўлган шахс;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб эътироф этилган шахс;

психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахс;

судьянинг ваколатларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган бошқа касалликка чалинган шахс судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин эмас.

Илк бор судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Ўқиш даврида улар асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этилади, бироқ ўқишнинг бутун даврида иш жойи (лавозими) сақланади.

Семинар савол-жавобларга бой руҳда ўтиб, Ички ишлар ходимларининг қизиқтирган суд амалиётига оид қатор саволларига жавоб берилди.

Фаррух Икрамов, Жиноят ишлари бўйича Пешку туман суди раиси

Ўткир Разиков, Бухоро вилоят судлари судьялари Малака ҳайъати аъзоси

Тадбиркорлар куни

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг 2022 йил 20 июндаги 9-сонли фармойиши ижроси таъминлаш мақсадида Бухоро вилоят иқтисодий судлари томонидан манфаатдор идоралар билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари билан учрашувлар ва давра суҳбатлари тарзида ўтказиладиган “Тадбиркорлар куни” режаси доирасида жорий йилнинг 16 июль куни Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси биносида Бухоро вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьялари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси вакиллари, банклар, йирик инвесторлар, тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир давомда тадбиркорлик субъектлари вакиллари ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иқтисодий судларга даъво аризалари тақдим этишнинг ўзига хос хусусиятлари, инвестициявий низолар ҳамда иқтисодиёт соҳасида юзага келадиган бошқа турдаги низоларнинг судларда ҳал қилиш тартиби тўғрисида маълумотларга эга бўлдилар. Шунингдек, давра суҳбати давомида тадбиркорлик субъектлари вакиллари қабули ҳам ўтказилиб, судьялар томонидан уларни қийнаб келаётган муаммоларга жавоблар берилди.

ФОЙДА СОЛИҒИ БАЗАСИГА ТУЗАТИШ КИРИТИШ ҲАМДА ФОЙДА СОЛИҒИ

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти ҳам жаҳон иқтисодий тизимига жадал суръатлар билан интеграциялашиб бормоқда.
Бугунги кунда фойда солиғи миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлашнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Чунки фойда солиғи маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни рағбатлантириш, экспортни кўпайтириш ҳамда хорижий инвестицияларни жалб қилишнинг асосий инструменти ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 46-боби Солиқ базасига тузатиш киритиш дея номланган бўлиб, Даромадлар ва харажатларга тузатиш киритиш қуйидагича кўрсатилган.
Ҳисобот солиқ давридаги даромад (харажатлар) миқдорининг солиқ базасини аниқлашда илгари даромад (харажат) деб эътироф этилган сумма доирасида кўпайиши ёки камайиши тузатиш киритиш деб эътироф этилади.
Даромадлар ва харажатларга қуйидаги ҳолларда тузатиш киритилиши лозим:
1) товарлар, шунингдек суғурталанувчига суғурта мукофоти тўлиқ ёки қисман қайтарилганда;
2) битим шартлари ўзгартирилганда;
3) нархлар ўзгартирилганда, сотиб олувчи томонидан чегирмадан фойдаланилганда;
4) кўрсатилган хизматлардан воз кечилганда.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг
332-моддасидасининг иккинчи қисмида назарда тутилган даромадлар ва харажатларга тузатиш киритиш қуйидагича амалга оширилади:
Кафолат муддати белгиланган товарлар (хизматлар) бўйича — кафолат муддати доирасида;
Суғурта мукофотлари бўйича — шартномани бекор қилиш пайтида;
Бошқа ҳолларда — бир йиллик муддат доирасида.
Солиқ кодексининг 332-моддасига мувофиқ даромадлар ва харажатларга тузатиш киритиш мазкур модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ҳоллар юзага келганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида амалга оширилади. Бунда товарни (хизматни) сотувчи ушбу Кодекснинг 257-моддасида назарда тутилган тартибда товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадга тузатиш киритади.
Мазкур модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда даромадлар ва харажатларга тузатиш киритиш мазкур ҳоллар содир бўлган солиқ даврида амалга оширилади.
Даромадлар ва харажатларга тузатиш киритиш солиқ тўловчи солиқ солишнинг умумбелгиланган тартибига ўтган тақдирда ҳам амалга оширилади, бундан тузатиш киритилаётган даромадлар бўйича солиқ имтиёзларини қўллаш ҳоллари мустаснолиги кўрсатиб ўтилган.
Хўш фойда солиғининг ўзи нима ва у қандай ҳисобланади,
Ҳозирги вақтда миллий иқтисодиётимизнинг рақобатбардошлигини оширишда фойда солиғини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади. Деярли барча солиқлар рақобатбардошликка таъсир қилади. Шунингдек, солиқлар рақобатга камида 2 та йўналиш бўйича таъсир қилади.
Биринчидан, улар ишлаб чиқариладиган товар ва хизматларнинг таркиби ва умумий миқдорининг ўзгаришига сабаб бўла олади.
Иккинчидан, улар турли хил товар ва хизматларни ишлаб чиқарувчиларни ўзгартира олади. Солиқларнинг рақобатбардошликка таъсирининг янги пул ва инвестор моделларини таклиф этади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда рақобатбардош ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, эркин рақобат муҳитини қўллаб-қувватлаш ва барча тадбиркорлик субъектлари учун тенг имконият яратишга қаратилган солиқ тизимини жорий қилишга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди. Бу борада, корхоналар фойдасини солиққа тортиш борасида амалга оширилган ислоҳотларни алоҳида қайд этиш лозим. Бунда фойдадан олинадиган солиқ юкини камайтириш, қўшимча солиқ турларини қисқартириш, фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришни соддалаштириш ва солиқ ставкаларини оптималлаштиришга эътибор берилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлда қабул қилинган ПФ-5116-сонли Фармонига асосан 2018 йилдан корхоналарнинг соф фойдасидан 8 фоиз миқдорида ундириладиган ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи фойда солиғи билан унификация қилинди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 июнда қабул қилинган ПФ-5468-сонли Фармони билан мамлакатимиз солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепияси қабул қилинди.
Мазкур концепцияга мувофиқ, 2019 йилдан фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизга, тижорат банклари учун – 22 фоиздан 20 фоизга пасайтирилди, шунингдек, мобиль алоқа хизмати кўрсатаётган юридик шахслар учун рентабеллик даражасидан келиб чиқиб фойда солиғи ҳисоблаш тартиби, цемент (клинкер) ва полиэтилен гранулалар ишлаб чиқарувчи корхоналар учун қўшимча фойда солиғи бекор қилинган ҳолда фойда солиғи ставкаси 20 фоизга оширилди.
Фойда солиғининг асосий ставкаси 2015 йилда 7,5 фоизни ташкил қилган бўлса, 2018 йилда 14 фоизга ошган. 2019 йилда 12 фоизни ташкил этган ҳолда 2018 йилга нисбатан 2 фоизга пасайган.
Шунингдек, банклар учун фойда солиғи ставкаси 2015 йилда
15 фоизни ташкил қилган бўлса, 2018 йилда 22 фоизга ошган.
Фойда солиғининг асосий ҳамда банклар учун ставкасининг
2015 йилда 2018 йилга ошишига сабаб корхоналарнинг соф фойдасидан 8 фоиз миқдорида ундириладиган ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғининг фойда солиғи билан унификация қилиниши ҳисобланади.
Ушбу даврда фойда солиғи ставкаси ошган бўлсада, корхона фойдасидан олинадиган солиқ миқдори камайган.
Аукционлар ўтказишдан ва оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан даромад олувчи юридик шахслар учун фойда солиғи ставкаси 2015-2019 йилларда 23 фоизга яъни 3,0 баробарга камайди. Фойда солиғи ставкасининг камайишини мазкур корхоналар учун 2018 йилдан асосий ставканинг жорий қилиниши билан изоҳлашимиз мумкин.
Мобил алоқа хизматларини кўрсатадиган юридик шахслар учун фойда солиғи ставкаси 2015 йилда 7,5 фоизни ташкил этган. 2016 йилдан бошлаб мазкур корхоналар учун рентабеллик даражасидан келиб чиқиб фойда солиғи ҳисобланиши белгиланди.
Натижада фойда солиғи ставкаси уяли алоқа компаниялари (рентабиллик даража 30%) учун 21,6 фоизга ошди. Ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғининг фойда солиғи билан унификация қилиниши натижасида 2018 йилда фойда солиғи ставкаси 26 фоизга ошди. Ушбу солиқ тўловчилар учун 2019 йилдан рентабеллик даражасидан келиб чиқиб фойда солиғи ҳисоблаш тартиби бекор қилинди ва солиқ ставкаси 20 фоизга пасайтирилди.
Цемент (клинкер) ва полиэтилен гранулалар ишлаб чиқаришни амалга оширувчи солиқ тўловчиларга 2015-2018 йилларда фойда солиғининг асосий ставкаси бўйича солиқ солинган. Шунингдек, ушбу даврда қўшимча фойда солиғи ундирилган. Мазкур солиқ тўловчилар учун 2019 йилдан қўшимча фойда солиғи бекор қилинди ва фойда солиғи ставкаси 14 фоиздан 20 фоизга оширилди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, 2015-2019 йилларда фойда солиғи ставкалари оптималлаштирилди ва фойдадан олинадиган солиқ турлари қисқартирилди. Шунингдек, фойдадан олинадиган солиқ миқдори камайтирилди.
Кейинги йилларда фойда солиғи ставкаларининг оптималлаштирилганлиги, фойдадан олинадиган солиқларнинг қисқартирилганлиги, фойдага солиқ солиш соддалаштирилганлиги ҳамда умумбелгиланган ва соддалаштирилган тартибда солиққа тортиш такомиллаштирилганлиги натижасида фойда солиғи тушуми 2019 йилда 16 360,5 млрд.сўмга етди.
Фойда солиғи тушуми ортиши натижасида ЯИМдаги улуши, Давлат бюджетидаги ва бевосита солиқлар таркибидаги улуши ҳам ортган. Жумладан, фойда солиғининг ЯИМдаги улуши 2019 йилда 3,2 фоизни ташкил этиб, 2,6 фоизга ошган. Давлат бюджетидаги улуши 2015 йилда 3,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 14 фоизга ошган. Фойда солиғининг бевосита солиқлар таркибидаги улуши эса 2019 йилда 51,7 фоизни ташкил этган ҳолда 2015 йилга нисбатан 38,3 фоизга ёки 3,8 баробарга ошган.
Бундан кўриниб турибдики, фойда солиғи кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида бюджет даромадларини шакллантирадиган асосий солиқ туридан бирига айланди.
Мамлакатимизда 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб амалга киритилган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси билан фойда солиғи бўйича бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Жумладан, бозорлар, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчи корхоналар ва хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар учун фойда солиғи жорий қилинди. Зарарларни тақсимлаб кўчириш муддати 5 йилдан 10 йилга узайтирилди, чегаравий миқдори эса солиқ солинадиган базанинг 50 фоиздан 60 фоизгача оширилди. Шунингдек, солиқ солинадиган фойдани камайтириш тарзидаги имтиёзлар бекор қилинди.
Фойда солиғи ставкалари Солиқ кодексининг 337-моддаси билан белгиланди. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари ва балиқ хўжалиги корхоналари, ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи солиқ тўловчилар ва қўшимча манбалардан даромадлар олувчи бюджет ташкилотлари учун фойда солиғи ставкаси 0 фоиз миқдорида белгиланди.
 
Бухоро вилоят маъмурий
судининг раиси
С.Турсунов
Перейти к содержимому